Боёвут тумани ҳокими Ў.Мамадаминовнинг тадбиркорларга мурожаати

Боёвут тумани ҳокими Ў.Мамадаминовнинг тадбиркорларга мурожаати

@Boyovutliklar
Foto: AX



Бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан бир қатор қарорлар ва фармойишлар қабул қилиниб, Сиз тадбиркорларга қулай шароитлар яратиб берилаётганлиги, шунингдек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2019 йил

7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, қолаверса, ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Мурожаатим бошида Муҳтарам Юртбошимиз томонидан "Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди"  деган устувор ғоя илгари сурилганлигини эслатиб ўтмоқчиман.

Тадбиркорлик бу - нафақат янги иш ўринларини яратиш, балки ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришининг асосий иқтисодий воситаси ва тараққиёт локомотиви ҳисобланади.

Ўз навбатида Президентимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари бежизга эмас.

Шу сабабдан биз, аввало, мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, унинг қатор ривожланган давлатларнинг сафидан жой олишида кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни ҳамда аҳамияти ўта муҳим омил эканлигини барчамиз виждонан ҳис қилишимиз лозим.

Тарихдан ҳам маълум, диёримизда тадбиркор лоқайд инсонга қараганда нисбатан кўпроқ улуғланган. Шу ўринда Улуғ бобоколонимиз Амир Темурнинг «Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир», деган хулосасини келтириб ўтиш ўринли деб ҳисоблайман.

Бугунги кунда тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитларни санаб ўтмасликни иложи йўқ. Биргина солиқ тизимида тадбиркорлар учун алоҳида имтиёз ва преференцияларнинг берилганлиги, хусусан солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга, шу билан бирга ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.

Бундан ташқари солиқ турлари орасида энг юқори ставкали солиқ ҳисобланган қўшилган қиймат солиғининг амалдаги 20 фоиз ставкаси 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб 15 фоиз этиб белгиланди.

Сиз азиз тадбиркорларга яна шуни билдириб ўтишим керакки, Қабулхоналар ташкил этилгандан кейинги давр мобайнида улар томонидан туман бўйича 62 нафар тадбиркорларнинг 52 та муаммоли масалалари ижобий ҳал этиб берилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланишида муҳим аҳамият касб этади десам хато бўлмайди. Нега деганда, бугун ҳар бир тадбиркор ўзини давлат ҳимоясида эканлигини чуқур англаб етмоқда.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, кундалик фаолиятида учраётган муаммоларни Ҳукумат даражасида ҳал этилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилганлиги ҳам бунинг яққол исботидир.

Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес субъектлари кўплаб ҳориж мамлакатларининг иқтисодиётини барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ривожланган давлатларни олиб қарайдиган бўлсак, уларда умумий, мавжуд корхоналар сонининг

90 фоиздан зиёди кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 50 фоиздан ортиғини ҳам хусусий сектор иш билан таъминлаган.

Шу ўринда, “Биз Боёвутликлар мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда қандай ҳисса қўша оламиз?”, деган ҳақли бир савол туғилади. Ҳа, биз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни риовжлаштириш учун бор куч-ғайратимиз, шижоатимизни ишга солиш вақти келди, бунинг учун эса имкониятлар мавжуд. 

Туманимизнинг иқтисодий салоҳиятини кўтаришда мавжуд саноат ва аграр соҳа имкониятларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш зарур бўлади.

Шундан келиб чиқиб биз, туманимизда қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб олдик:

биринчидан, ҳозирги кунда туманимизда 938 гектар ер майдонидаги боғдорчилик хўжаликларида етиштирилган 6 500 тонна мева сабзавот маҳсулотларни ўзимизда қайта ишлаш учун бирорта саноат корхона ташкил этилмаган, хаттоки маҳсулотларга бирламчи ишлов бериш корхоналари ҳам ташкил этилмаган. Мазкур йўналишда оилавий корхоналар, ўрта қувватли маҳсулотларга бирламчи ишлов бериш, сақлаш ва қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, логистика марказларини ташкил этиш;

иккинчидан, туман иқтисодиётида мева-сабзовотчилик йўналишининг салмоғини ошириш учун 903 гектар кам ҳосилли маҳаллий боғларнинг 245 гектарини реконструкция қилиш, шу билан бирга мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил қилиш орқали янги интенсив боғлар барпо этиш ҳамда мева-сабзавот масҳулотлари етиштиришни 12 000 тоннага етказиш;

учинчидан, шу кунга қадар туманда Иссиқхоналар ташкил қилиш учун 30 гектар ер майдони ажратилган бўлса, шундан 9 гектарида иссиқхона қурилиб, маҳсулот етиштириш бошланган. Бу йўналишда лойиҳаларни янада кўпайтириш ва ташаббускорларга иссиқхона қуриш учун ер майдони ажратиш орқали ички ва ташқи бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш ҳамда туманнинг экспорт салоҳиятини янада кўтариш;

тўртинчидан, паст ҳосилли бўлганлиги сабабли пахта ва ғалла экишдан қисқартирилган майдонлар ҳисобидан 3 минг гектар майдонда анорчилик кластерини ташкил этиш режалаштирилган. Қисқартирилган майдонлар ҳисобидан ўртача 5 гектардан ер майдони ажратиб, 600 га яқин кичик анорчилик хўжаликларини ташкил этиш;

бешинчидан, “Е-ижро аукцион” электрон савдо майдонига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 37 гектарлик 259 та ер участкаларини савдога чиқариш ва ушбу ер участкаларида савдо дўконлари, маиший хизмат шоҳобчалари ва ишлаб чиқариш цехлари ташкил этиш;

олтинчидан, туманда мавжуд 51 та бўш турган объектларни ижарага бериш ёки сотиш орқали кичик бизнес субъектларини ташкил қилиш;

еттинчидан, Боёвут шаҳарчасидан оқиб ўтувчи Жанубий Мирзачўл каналининг бўйича аҳоли дам олиш ҳамда кўнгилочар масканлари ташкил қилиш орқали хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш каби масалаларни биргаликда амалга оширамиз.

Ҳурматли ишбилармонлар! Юқорида санаб ўтилган йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш истаги бўлган ташаббускорларни кутиб қоламиз! Ташаббус эгаларига ушбу йўналишларни ривожлантириш юзасидан қонун ва қонуности ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар доирасида тенг шароит ҳамда имкониятлар яратиб берилади.

Ўрни келганида сиз учун қизиқарли бўлган таҳлилий маълумотга тўхталиб ўтмоқчиман. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманимизда бюджет даромадлари 306,5 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, шундан 40,2 млрд.сўми айнан сиз, хусусий тадбиркорларнинг ҳиссангизга тўғри келмоқда. Энди Бюджетимиз даромадларини сарфланишига келадиган бўлсам, 117,3 млрд.сўм ёки 90 фоиз ҳаражатлар айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва фан соҳаларига, шунингдек, кам таъминланган оилаларга ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларга йўналтирилмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, жамғарилаётган ушбу маблағлар асосан фарзандларимиз келажаги учун, ногирон, кекса ва беморлар соғлиқларини тиклаш учун хизмат қилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”.

Яна бир жиҳат борки, у кичик ва ўрта бизнес секторини ривожлантиришига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Мисол учун кичик ва ўрта бизнес секторида ўртача ишлаётган ҳар юз ишчининг олтмиш нафари меҳнатга белгиланган қонунчик асосида расмийлаштирилиб жалб қилинмаганлиги, уларга ҳануз “конверт” усулида иш ҳақи берилиши ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда. Бошқача айтганда, келажакда улар пенсия ва бошқа нафақа олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда бугундан бошлаб, ҳар бир тадбиркор норасмий ишлаётган ишчи-хизматчиларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат дафтарчалари юритиш, ўрнатилган тартиб асосида иш ҳақи бериш тизимини йўлга қўйиб, уларнинг келажак ҳаётидаги ижтимоий нафақа ва пенсия олиш заминини яратиши керак.

Шу ўринда барчангизни муҳтарам юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақираман!

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, ўз фаолиятларингизни янада кенгайтириш, қўшимча имкониятларни ишга солиб, ҳар бирингиз камида 1 ёки 2 тадан иш ўринлари ташкил этиб, банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминласангиз туманимиз бўйича янги иш ўринлари 20 мингдан 30 мингтагача ортади. Бу эса қанчадан-қанча оилаларнинг фаровонлигига ва турмуш даражасининг ортишига олиб келади. Ушбу ишларни амалга оширишда мен туман ҳокими сифатида Сиз азизларнинг биринчи даражадаги кўмакчингиз бўламан.

Бу борада эркин фаолият юритишингиз учун қонун устуворлигини таъминланишига,туманда тадбиркорликни йўлга қўйишингизда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда ва ер майдони ажратилишида, фаолиятингиз давомида ноқонуний текширишларга барҳам берилишига ҳамда солиқ шаффофлигини таъминланишига кафолат бераман.

Шунингдек, барча масалаларда шахсан менга куннинг исталган вақтида, (67) 390-10-90 телефонига мурожаат этишингиз мумкин. Ундан ташқари юқоридаги масалалар юзасидан туман прокурори З.Усмонов

(67 390-12-14)га, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Х.Бекмуродов (67 390-12-82)га ҳамда туман давлат солиқ иинспекцияси бошлиғининг

1-ўринбосари М.Хатамов (67 390-12-77)ларга, шунингдек, Боёвут туманида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири С.Ўрдабоев (67 390-11-14)га ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.  

Мурожаатим сўнгида Сизлар учун доимо туман ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари очиқ дея, барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилаб қоламан.

Боёвут тумани ҳокими                             Ў.Мамадаминов.  


Report Page