МУНОСАБАТ: ТИЛ БОР ЭКАН, МИЛЛАТ БАРҲАЁТ!

МУНОСАБАТ: ТИЛ БОР ЭКАН, МИЛЛАТ БАРҲАЁТ!

@Boyovutliklar
Foto: UzA


Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ўқигандан сўнгги мулоҳазалар

        Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Энди асосий мавзуга ўтадиган бўлсак, шуни қувонч билан таъкидлаш лозимки, 2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Юртбошимизнинг юқоридаги қарорида қайд этилганидек,

“Мазкур тархий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда”.

Янгича яшаш ва янгича ишлаш истагида бўлган ҳар бир юртдошимиз давр билан ҳамнафас бўлмоғи, давлат ва жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Чунки Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номли Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.

Яна бир гап. Мазкур қарорда алоҳида таъкидланганидек, ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди. Бундан беҳад руҳланиб, юқорида санаб ўтилган улуғ инсонлар қаторида Гулистон шаҳрида боёвутлик ҳамқишлоғимиз, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил этилиб, бу ерда она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Ҳа, фахр-ифтихор ила шуни айтамизки, ўтган ўттиз йил мобайнида ўзбек халқи, ўзбек тили жаҳон миқёсида ўзининг муносиб ўрнини топди, ўзининг ҳал қилувчи овозига эга бўлди. Шу тариқа Президентимизнинг сўзимиз бошида айтган тарихий қарорининг дунёга келиши учун зарур шарт-шароит яратилди. Мазкур қарорни “тарихий” деб баҳолашимизнинг боиси шундаки, юртимизнинг таниқли академиклари, фан докторлари ҳамда катта-кичик олимлари, барчаси “тил куни”ни нишонлаш тўғрисида тарихда ҳеч қачон, ҳеч қандай қарор ёки фармойиш қабул қилинмаганини айтишаяпти. Шундай тилни, шундай халқни улуғламай, улар билан ғурурланмай бўладими?!

Шу ўринда ютуқлардан қувониш ва фахрланишга бироз “дам” бериб, мазкур қарорни ижро этиш ҳамда келгусидаги вазифаларни аниқ-равшан белгилаб олиш хусусида мулоҳаза юритишни маъқул кўрдик. Чунки ҳар қандай қарор ижроси билан кучлидир. Бундан ташқари ушбу қарор оддий эмас, тарихий қарор бўлиб, Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини акс эттирувчи муҳим ҳужжатдир.

Демак, юқоридаги фикр-мулоҳазаларга асосланиб, ўзининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш арафасида турган “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши жараёни унинг амалда давлат мустақиллиги сари ташланган муҳим ва жиддий қадам бўлганини катта-кичик, барчага атрофлича, батафсил тушунтирмоғимиз зарур.         

Яна бир нарсани унутмаслигимиз лозим. “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши амалда фақат ўзбек тилининг эмас, мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат ва элатлар тилларининг эмин-эркин ривожланиши учун ҳам кенг йўл очиб берганини алоҳида таъкидлаш шарт. Масалан, ҳозирги вақтда юртимизда ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тилларида ҳам таълим бериладиган умумий ўрта таълим мактаблари ишлаб турибди ҳамда уларга дарсликлар ҳам мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариляпти.

Мен, кекса бир журналист сифатида зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни ҳамда унинг ўттиз йиллик тўйини кенг нишонлашни тарғиб этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва хизматини унутмаслик лозим. Мамлакатимизда бу масалага жуда катта эътибор бериляпти. Жумладан, ҳозирги кунда юртимизда ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик ва қозоқ тилларида “Правда Востока”, “Овози тожик” ва “Нурли жўл” газеталари нашр этилмоқда. Мамлакатимизда нафақат ўзбек тилида, бошқа кўплаб тилларда ҳам радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар олиб борилаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Юртимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга, ҳар бир миллат ва элат тилига, миллий урф-одатига ҳурмат-эътибор билан қарашга жиддий аҳамият бериляпти. Бунда Байналмилал маданият маркази фаол хизмат кўрсатмоқда. Унга бир неча миллий маданий марказлар уюшган. Улар томонидан кўплаб маданий-маънавий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг юқорида таъкидланган қарорини бажариш юзасидан тузилган тадбирлар дастури таҳлилга бой тарзда, давлат тилига меҳр уйғотадиган даражада ўтиб, қатнашчиларда ўзбек тилини ўрганишга иштиёқни кучайтиришга хизмат қилиши керак. Бунинг сабаби шундаки:

Тил бор экан,
Миллат барҳаёт!

Бошқа изоҳнинг ҳожати йўқ.

Орзиқул АБДУСАМАТОВ,
Меҳнат фахрийси, журналист.
Сирдарё вилояти Боёвут тумани.

Батафсил: https://telegra.ph/BO-10-21


Каналга уланиш: 👇👇
https://t.me/Boyovutliklar


  


Report Page