“Маҳалла” телеканалининг муҳбири Рахима Жумабоеванинг Боёвут тумани “Ифтихор” маҳалласида сув таъминоти масаласидаги репортажи юзасидан муносабат

“Маҳалла” телеканалининг муҳбири Рахима Жумабоеванинг Боёвут тумани “Ифтихор” маҳалласида сув таъминоти масаласидаги репортажи юзасидан муносабат

@Boyovutliklar
Фото: "Mahalla" телеканали

“Маҳалла” телеканалида муҳбир Рахима Жумабоева Боёвут тумани “Ифтихор” маҳалласида ичимлик суви таъминоти ҳамда оқар сув масаласида вужудга келган муаммолар ҳақида тайёрлаган репортаж 2020 йилнинг 7 октябрь куни “Маҳалла” телеканали орқали эфирга узатилган. Тахминларга кўра репортаж 25 сентябрь куни тасвирга олинган.

Мазкур ҳолат туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, масъул ташкилотлар ҳамда Ахборот хизмати томонидан ўрганиб чиқилди.

Энг аввало, туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Боёвут тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2011 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1610-сонли қарорига мувофиқ Жаҳон тараққиёт банкининг маблағларлари ҳисобидан “Зомин” линиясини қуриш ишлари бошланган. Ҳозирги кунга келиб, режадаги 31 та аҳоли пунктидан 23 тасида 58,3 км магистрал сув тармоқлари тўлиқ ётқизилган, 274,2 км ичимлик суви тарқатиш тармоқларидан 269,2 км қисми қуриб битказилган.

Шунингдек, қурилиши режалаштирилган 15 та сув минорасининг 12 тасида асос қисми тайёрланди. Ҳозирда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Лойиҳа бўйича қурилиш ишларини 2021 йилда якунлаш режалаштирилган.

“Ифтихор” маҳалласига тўхталадиган бўлсак, бу ердаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2018 йилда Сирдарё вилояти “Сув таъминоти” МЧЖ томонидан гидрогеология ишлари олиб борилиб, ер сатҳидан 380 метрлик қудуқ қазилган, аммо сув чиқмаган. Бу маҳаллада жами 2 та қудуқ қазилган бўлиб, ҳар иккаласининг сатҳи 450 метргача етказилишига қарамай тоза ичимлик суви тортиб олишнинг иложи бўлмаган. Шу сабабли маҳалла аҳолисига тоза ичимлик суви махсус сув ташиш техникаларида олиб келинади.

Ундан ташқари бир қатор таъмирлаш ишлари олиб борилиши зарурияти билан Жанубий Мирзачўл каналига сув етказиб берувчи иншоотлардан сув таъминоти маълум бир муддатга тўхтатилганлиги ҳам хонадонида чорва моллари парваришлайдиган аҳоли вакилларининг норозиликларга сабаб бўлди. Сув иншоотларида жорий йилнинг 8 сентябрь куни таъминот тўхтатилган бўлса, 23 сентябрь кунидан яна сув таъминоти тўлиқ йўлга қўйилган. “Ифтихор” маҳалласидаги ирригация тармоқларига сув 25-26 сентябрь кунлари етиб борган.

Фото: Боёвут тумани Ирригация бўлими мутахассиси

Юқоридаги муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида тумандаги тоза ичимлик суви таъминоти яхши бўлмаган “Ифтихор”, “Бобоюрт” ва “Миришкор” маҳаллаларига қўшимча 5 та сув ташиш техникалари бириктирилди.

Хусусан, Гулистон шаҳридан 2 та, Янгиер шаҳридан 2 та, Ширин шаҳридан 1 та 4 метр.куб хажмли махсус сув ташиш техникалари ажратилган бўлса, Ховос туманидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли 25 метр.куб хажмли 1 та сув ташиш техникаси ажратилди. Ушбу техникалар юқорида айтиб ўтилганидек, “Ифтихор”, “Бобоюрт” ва “Миришкор” маҳаллалари аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб беришмоқда.

Айни вақтда эса “Ифтихор” маҳалласидаги ирригация тармоқларида оқар сув мавжуд. Аҳолисининг техник сувга бўлган эҳтиёжи қондирилган. Бу билан бир қаторда Гулистон шаҳридан ажратилган сув ташиш техникалари аҳолига доимий равишда тоза ичимлик суви етказиб бериш учун бириктирилди.

“Маҳалла” телеканалининг муҳбири Рахима Жумабоева айтганидек, “Оддийгина қўл ювиш учун ҳам сув йўқлиги ўқувчилар орасида касаллик тарқалиш хавфини келтириб чиқаради” деган важлари асоссиз. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаги жорий йилда ўқув йилиги тайёргарлик жараёнида ушбу, 19-сонли умумий ўрта таълим мактаби туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан ўрганилиб, ўқувчилар сони ҳамда ўқув синф хоналарининг сонидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг 50 фоизи, яъни 200 нафари анаънавий, қолган ўқувчиларга эса онлайн тарзда таълим бериш шарти билан рухсат этилиши ҳақида хулоса берилган. Мактабга эса ҳар куни махсус техникалар ёрдамида 200 литр сув етказиб берилган. Мактаб директори билан ўтказилган суҳбат давомида М.Хасанова муҳбир Рахима Жумабоева берган итервюсини қуйидагича изоҳлади. Яъниким, ҳақиқатда мактабда ўқувчиларнинг қўл ювишлари учун сув етарли бўлган, фақатгина мактабни, синф хоналарини тозалаш ва пол қисмини артиш учун техник сув бўлмаган.

Фото: Боёвут тумани халқ таълими бўлими мудири


Фото: Боёвут СЭОМ мутахассиси

Репортаждаги маҳалла раиси А.Қўшмонованинг тошмали, геппатитли ва бошқа ичак касалликлари кўпайгани ҳақидаги сўзлари ҳар қандай одамда ҳавотир уйғотиши табиий, лекин туман тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра жорий йилнинг 9 ойи давомида бу маҳаллада гепатитли касаллик қайд этилмаган.

Шу ердаги аҳоли вакиллари билан ўтказилган суҳбатдан шунга амин бўлдикки, аҳоли тоза ичимлик суви йўқлигидан эмас, балки техник сув йўқлигидан қийинчилик кўрган. Негаки, бу ердаги аҳоли чорва моллари ва бошқа эхтиёжлар учун кунига ўртача 500-600 литр сув сарфлайди. Махсус техникаларда олиб келинган тоза ичимлик сувидан эса ўз истеъмолларига яраша олишган.

Фото: Гулистон шаҳридан бириктирилган махсус техника

Шунингдек, муҳбир томонидан берилган изоҳда 1200 оила сувсизликдан азият чекмоқда”, деган сўзлари ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Чунки маҳалла раиси А.Қўшмонова томонидан берилган маълумотга кўра маҳалладаги “Олмали” қишлоғида ичимлик суви иншооти бор ва у қишлоқдаги 250 та хўжалик тоза ичимлик суви билан таъминланган. Фақат маҳалланинг маркази ҳисобланган аҳоли пунктида 450 хўжалик тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Тоза ичимлик суви аҳоли эҳтиёжига кўра ташиб олиб борилади. Баъзида эса сув ташиш техникаларида сув қолиб ҳам кетади.

Кези келганда айтишимиз керакки, айрим ҳолларда ўта таъсирли репортаж тайёрлаш илинжида фақатгина бир томоннинг давосини тинглаб хулоса чиқарадиган журналистлар кўпайиб кетди. Буни нима деб тушуниш керак? Ўзини ҳақиқатдан ҳам журналист деб ҳисоблайдиганлар масалага ойдинлик киритишади. Ҳеч бўлмаганда тегишли масъуллардан изоҳ сўрашади. Шу ўринда бир савол туғилади. Маҳалла раисини журналистга нотўғри маълумот беришига нима сабаб бўлган. Ахир сув таъминоти хўжалик сони, янада аниқроқ айтсак аҳоли жон бошига нисбатан ҳисобланмайдими? Маҳалла ҳудудидаги сув таъминотида муаммо бўлмаган "Олмали" қишлоғида ҳам сув таъминоти муаммо деб кўрсатилишини қандай изоҳлаш мумкин.

Бу ерда журналистда ҳеч қандай айб йўқ, деб ҳисоблагимиз келади. Нега деганда журналист маҳалладан оқиб ўтувчи каналга қаердан сув келишини, бу сув қайси қўшни давлатлар орқали бизгача етиб келаётганини, сув иншоотларида таъмирлаш ишлари кетаётганлигини қаердан ҳам билсин.

Ҳудди шу аҳвол, яъни таъмирлаш вақтида каналлардаги сувлар беркитилиб, тоза ичимлик суви ҳамда техник сувга эҳтиёж кўпайишини инобатга олган ҳолда туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан вилоятимиздаги мутасадди ташкилотлардан махсус сув ташиш техникалари жалб қилиниб, сув таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилган.

Биз эса туманимизга ташриф буюрадиган оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳар бир масалага объектив ёндашган ҳолда баҳо беришларини сўраб қоламиз.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page