“Адолат кўзгуси” газетасида “Ҳоким қарори бекор бўлди” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақола юзасидан

“Адолат кўзгуси” газетасида “Ҳоким қарори бекор бўлди” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақола юзасидан

@Boyovutliklar
Фото: "Адолат кўзгуси" газетасидан

Охирги йилларда мамлакатимиздаги тадбиркорлар, фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқлари қайсидир маънода бузилганлиги тўғрисида хабарлар, мақолалар ҳамда кўрсатувлар тез-тез кўзга ташланиб турипти. Айрим ҳолатлард зарар кўрган субъектларнинг ҳуқуқлари тикланган ҳолатлар ҳам бор, албатта. Бугун оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бораётганлиги ҳам айни ҳақиқат. Лекин мурожаатни ҳар томонлама ўрганиш, ҳеч бўлмаганда битта сўровнома киритиш орқали аниқлик киритиб, ундан сўнг оммага эълон қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

“Адолат кўзгуси” газетасининг 2020 йил 20 августдаги 24-25-сонларида “Ҳоким қарори бекор бўлди” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақолага тўхталадиган бўлсак, ҳақиқатдан Дилшод Авазов раҳбарлик қилаётган “Бек парвози” МЧЖга туман ҳокимлиги захираси фондига олинган ер майдонларидан очиқ танлов натижаларига кўра ғолиб деб топилганлиги муносабати билан қўшимча ер майдони ажратиш тўғрисидаги туман ҳокими томонидан 2019 йил 9 апрель куни қабул қилинган 2127-сонли қарор тегишли суднинг қарори билан ҳақиқий эмас деб топилган.

Суднинг қарорига эътибор қаратадиган бўлсак, унда очиқ тендер танловлари лозим даражада, яъни, белгиланган тартибда ўтказилмаганлиги боис тендер натижаларига кўра қабул қилинган қарорлар ҳақиқий эмас, деб топилган. Дилшод Авазовга қўшимча ер майдони ажратиб берилган вақтда ўтказилган ана шу очиқ тендер танловида танловга тақдим этган ҳужжатларига мувофиқ баҳолашда жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Яъни, сунъий равишда юқори қилиб кўрсатилган. Тендерни ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар, яъни мақола муаллифи таъбири билан айтганда совуққонлик билан қаралганлиги сабабли туман ҳокимлигининг бош юристконсульти 2019 йилнинг апрель ойида эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.

Суд томонидан туман ҳокимининг 2019 йил 9 апрель куни қабул қилинган 2127-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилганига қадар туманда ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан “Бек парвози” МЧЖга тегишли боғлар бир неча бор ўрганилган. Ўрганиш давомида “Бек парвози” МЧЖга туман ҳокимининг 2018 йил 27 февралдаги 600-сонли қарори билан ажратиб берилган 2 гектардаги мавжуд мевали дарахт кўчатлари кесилиб, сотиб юборилганлиги аниқланган. “Бек парвози” МЧЖ раҳбари томонидан 2018 йилнинг баҳор ва куз фаслларида, шунингдек, туман ҳокимининг 2019 йил 9 апрель куни қабул қилинган 2127-сонли қарори билан ажратиб берилган 10,9 гектар ер майдонида ҳам 2019 йилнинг баҳор ва куз ойларида дарахт кўчатлари экилмаган. Бунда зарар ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас.

Кези келганда айтишимиз керакки, ҳар ким мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Лекин Дилшод Авазов айрим факт ва маълумотларни ўзига, яъни ўз манфаатларига мослаб бераётганлиги нашр томонидан атрофлича ўрганилмай эълон қилиниши фуқароларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ишончсизлигини уйғотишга сабаб бўлиши мумкин.

Боёвут тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати

Report Page