Маҳалланинг таъмирланган биноси мустақиллик байрамига туҳфа бўлди

Маҳалланинг таъмирланган биноси мустақиллик байрамига туҳфа бўлди

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситалари, вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган хашарлар тўғрисида кўплаб мақола, эшиттириш ёки репортажларга кўзингиз тушади.

Ҳақиқатдан ҳам элга ярашган эзгу анъаналардан бири бўлган хашар неча минг йиллардан буён аждодлардан авлодларга ўтиб, энг олий қадриятлардан бирига айланган.

Маҳаллаларда бу каби ташкилий ишларнинг бошида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари туришади. “Маҳалла” институтига берилаётган эътибор, уларнинг мутасаддилари зиммасидаги масъулият йилдан-йилга ошиши билан одамлар оғирини енгил қиладиган, ҳар қандай вазиятда маслакдош бўладиган институтга айланиб бормоқда. Аммо, тан олиб айтишимиз керакки, маҳаллада фаолият юритаётган ходимларнинг барчасига ҳам бир хил шарт-шароит яратилмаган. Йиллар давомида айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари эски, таъмирталаб биноларда фаолият юритган бўлса, айримлари ўзининг биносига эга эмасди. “Обод қишлоқ” дастури ва бошқа шу каби дастурлар доирасида тумандаги маҳалла бинолари босқичма-босқич таъмирланиб келинмоқда. Туманимизда 38 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлса, уларга тегишли биноларни босқичма-босқич таъмирлаш ва қулай шарт-шароит яратилгунга қадар бир қанча қийинчиликларни келтириб чиқариши турган гап. Шунга қарамай ҳақиқий ҳамжиҳат бўлган маҳаллаларда ҳар қандай муаммо хашар йўли билан ижодий ҳал этилиб келинаётганлиги ҳам айни ҳақиқат.

Жумладан, Боёвут туманидаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини бир неча йиллардан буён бир бинодан иккинчи бинога кўчиб юрар эди. Маълум муддат маҳаллада жойлашган 17-сонли мактаб биносида ҳам фаолият юритди. 2019 йилнинг охирроғида фуқаролар йиғинига ҳокимият балансида бўлган таъмирталаб бино ажратиб берилган эди. Тўрт девор, фақат эшик-дераза роми, пол ва шиплари бўлган бино янгича қиёфага кирди.

Бу ерда маҳалла фаоллари, маҳаллий усталар, тадбиркор-у фермерлар баҳамжиҳатликда ҳомийлик кўрсатиб маҳалла фуқаролар йиғинига ажратилган бинони жорий таъмирлаб беришди. Ана шу таъмирланган бино маҳалла фаоллари иштирокида фойдаланишга топширилди.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

- Маҳалламиз фаолларининг бу фидоийлиги, кўрсатган ҳомийликлари натижасида идора биномиз мўъжазгина масканга айланди. Кенг, ёруғ ва шинаб масканда ишлашга нима етсин! Мана, яқин кунларда мустақиликка эришганимизга ҳам 29 йил тўлади. Мустақиллик бу — аввало эркинлик, улуғ неъмат десак, энг мақбулини айтган бўламиз. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқини берди, адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга имконият яратди. Маҳалладошларимизнинг ҳомийлиги эса ана шу неъматга бўлган шукроналик, истиқлол берган имкониятларга жавоб бўлди деб ҳисоблайман, деди маҳалла фаоли, селекциянер олим Худойқул ҳожи Маҳкамов.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page