Ижтимоий тармоқларда Бозорбоева Рохила томонидан қилинган мурожаат юзасидан

Ижтимоий тармоқларда Бозорбоева Рохила томонидан қилинган мурожаат юзасидан

@Boyovutliklar
Фото: YouTube

Барчамиз кўриб, кузатиб турибмиз, ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолаётганлиги йўқ. Аммо, шоли курмаксиз бўлмайди деганларидек, борига шукур қилмай, ўзини ўзи мухтожман деб ишонтираётганлар, бу ҳам етмагандек, ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилиб, ўзининг қийналганини бўртириб, баъзида ёлғон ишлатиб ҳам чиқаётганлар кўпайиб кетди.

Қайси кунидир ижтимоий тармоқларда кўзим тушиб қолди. Бир фуқаро Президентимиз ташаббуси билан давлатимиз томонидан эхтиёжманд оилаларга берилаётган пулни олишдан бош тортибди. Унинг айтиши бўйича ҳозир қозони қайнамоқда, лекин ўзидан-да муҳтожлар бор, улар олса яхши бўлар экан. Айримлар эса ўзини очиқчасига ўта муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга тенглаштирмоқда.

Жумладан, Боёвут тумани, Беруний маҳалласида яшовчи Бозорбоева Рохиланинг турмуш ўртоғи бир йил муқаддам соғлиғига кўра 2-гуруҳ ногиронлиги билан нафақага чиққан. 3 нафар фарзанди бор. Унинг оиласи, аввалига, кам таъминланган оила сифатида “темир дафтар”га рўйхатга олинган. Аммо жорий йилнинг апрель ойида маҳалладаги жамоат ишига қабул қилингач оиладаги даромад ҳисобга олиниб, “темир дафтардан” чиқарилган.

Туман ҳокими ўринбосари, сектордан бириктирилган вакил, маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш” комиссияси аъзолари иштирокида фуқаронинг оиласи атрофлича ўрганилди ва хонадонига ташриф буюрилиб ўзи билан суҳбат қилинди.

Қўшнилар ҳамда маҳалла фаолларининг айтишича Бозорбоева Рохиланинг турмуш ўртоғи уста, айни вақтда Сардобадаги қурилиш-бунёдкорлик ишларида ишлаётган экан. Буни турмуш ўртоғи, яъни мурожаатчи Бозорбоева “мавсумий ишлар”да ишлаган деб, пандемия сабаб ишламаётганлиги билан изоҳлади. Ваҳоланки, карантин кучайтирилган вақтда ҳам мавсумий ишлар тўхтагани йўқ.

Яна бизга маълум бўлишича, фуқаро 3 та вояга етмаган фарзандлари учун 14 ёшгача белгиланадиган нафақа пули олади. Видеомурожаатида эса бу нафақа тилган олинмай, шароити ўта оғирлигини айтган. Турмуш ўртоғининг ногиронлик нафақаси, фарзандлари учун бериладиган нафақа пули ҳамда ўзининг ойлиги билан ўртача бир ойда ушбу оилага бир ярим миллион даромад кирар экан. Бу ҳам етмагандек, мурожаатчи томонидан Қурбон ҳайити арафасида ва ундан кейин пул берилган оилаларнинг барчаси ҳам эҳтиёжманд оилалар эмаслигига даъво қилди. Шу жойнинг ўзида маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар иштирокида пул тарқатилган оилалар ўрганилиб, унда даъвогар айтганидек, ўзига тўқ, қўшимча ер участкалари ёки элликталаб товуғи бор оилалар чиқмади.

Фуқаро охир оқибат мурожаати нотўғри бўлиб, қилган барча даъволари исботини топмагач ўзининг соғлиғи ёмонлигидан шикоят қилиб, барча пули дори-дармон сотиб олишга кетаётганлиги, гоҳида эса пули етмай қолишини айта бошлади. Буни қарангки, поликлиникага ҳам бир олдин, яъни пандемия бошланмасдан олдин мурожаат қилган экан.

Ҳурматли фуқаролар! Ҳар қандай мурожаатингизни йўллашда унда фойдаланиладиган сўзларингизга эътибор беринг! Моддий ёрдам илинжида ишлатган ҳар қандай ёлғонингиз ношукурликдан далолат беради. Давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган фуқаронинг, ночор, карантин кучайтирилган вақтларда даромадидан айрилган эҳтиёжманд оилаларга ажратилган пулларга даъво қилишига баҳо бериш ўзингизни ихтиёрингизда.  

Шунга қарамай Бозорбоева Рохиланинг соғлиғини тиклашга давлат томонидан назарда тутилган барча амалий ёрдам берилади.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page