Судлар фаолиятида “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади

Судлар фаолиятида “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади

@Boyovutliklar
Фото: Google images

Юртимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштироки кундан кунга кенгайиб, мулкдорлар сони ошиб бораётгани, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги кучаяётгани суд-ҳуқуқ тизимини ҳам янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар томонидан жорий йилнинг июнь ойида жойларда олиб борилган мулоқотлар давомида суд ишларида ортиқча бюрократиянинг сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришда такрорловчи босқичлар мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари томонидан очиқчасига айтиб ўтилган эди.

24.07.2020 йил санасида Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон айнан мана шундай муаммоларнинг ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳмиятлидир.

Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Эндиликда туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу, ўз навбатида, маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан холи ва мустақил фаолият юритишлари, бундай судларни ташкил этишдан кўзланган асл мақсад, яъни фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратади.

Фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бундай қоидаларнинг киритилиши албатта суднинг мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Эътиборлиси, фармон билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда. Яъни, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Маълумки, судда муайян ишни, низони тўғри ва адолатли ҳал этишда судьянинг асосий “иш қуроли” ва “таянчи” – бу қонун. Шундай экан, Олий суд Конституция билан берилган қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан самарали фойдаланиши, одил судловни таъминлашда албатта ўзининг ижобий натижасини беради. Фармонда Олий суд тузилмасида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси тузилиши кўзда тутилган. Бу эса, Олий суднинг қонун ижодкорлиги фаолиятида янада кўпроқ ва профессионал тарзда иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади. Бу тузилма орқали суд ва парламентнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайишига шубҳа йўқ.

Умуман олганда, фармон фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Бегзод КАЗАКОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Боёвут туманлараро судининг раиси          


Report Page