Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар

Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра аҳолининг кабағал қатламларига уч босқичда ёрдам кўрсатилади. Биринчиси, “темир дафтар” шакллантирилгандан кейин “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали камбағал оилаларга пул, озиқ-овқат ва дори-дармон шаклидаги ёрдам, иккинчиси, юқоридаги Фармоннинг 5-бандига биноан “темир дафтар”га киритилган камбағал оилаларга Қурбон Ҳайити арафасида кўрсатилган моддий ёрдам  бўлса, учинчиси Фармоннинг 1-бандига мувофиқ, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари (“темир дафтар”)га киритилган оилаларнинг ҳар бир аъзосига республика бюджетидан жон бошига 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Кўпчиликка маълумки, Фармоннинг 5-бандига асосан, муқаддас Қурбон Ҳайити арафасида республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан туманимиз сектор раҳбарлари томонидан 1018 та оиланинг ҳар бирига 750 минг сўмдан жами 763,0 миллион сўм моддий ёрдам пуллари тўлиқ тарқатилди.

Туманимизда 2017 та кабағаллик даражасида яшаётган оилалар “Темир дафтар”га киритилган эди. “Темир дафтар”га киритилиб, жорий йилнинг 1 августига қадар бандлиги таъминланган ва доимий даромад манбаи яратилган   944 та оила халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ рўйхатдан чиқарилди.

Эндиликда юқорида қайд этилган Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманда “темир дафтар”дан чиқарилганларнинг ўрнига янги оилаларни киритиш юзасидан таклифлар шакллантирилади.

Маълумот ўрнида айтишимиз керакки, “темир дафтар”дан чиқарилганларнинг ўрнига янги оилаларни киритиш юзасидан таклифлар шакллантиришда қуйидаги мезонга мослигига эътибор қаратилади:

а) Оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги ва сурункали касалликка чалинган аъзолари мавжудлиги;

б) оиланинг якка-ёлғиз кексалар, бевалар ва ўзгалар қарамоғига муҳтож кам таъминланганлардан иборатлиги;

в) 5 ва ундан кўп фарзанди бор оилалар;

г) коронавирус пандемияси сабабли қўлланилган карантин чоралари натижасида ўзининг даромад манбаини йўқотган (шу жумладан, четдан қайтган меҳнат муҳожирлари), бироқ “темир дафтар”га киритилмай қолган оилалар;

д) оиланинг ҳақиқатда эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлиги.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Report Page