Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Джумановна Уралованинг туман аҳолисига мурожаати

Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Джумановна Уралованинг туман аҳолисига мурожаати

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Бугунги синовли кунларда ваҳимага тушмасдан ақл ва идрок билан иш тутишимиз керак. Халқнинг бирдамлиги, жипслиги шундай қийин дамларда билинади.

Ўз навбатида Юртбошимиз ҳам барчамизни ташвишга солаётган иллатга қарши курашишнинг муҳим шарти “Юксак тафаккур, темир интизом, сабр-тоқат ва чуқур масъулият” эканлигини таъкидлади.

Юқори гигиенага асосланган турмуш-тарзи, миллий урф одатлар, бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлади. Аслида ҳам миллий урф одатлар ҳаёт тарзимизнинг муҳим бир бўлагига айланган. Қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлига сув қуйиш, жамоат жойларида эса ўзаро масофани сақлаш каби урфларимизни янада мустаҳкамласак бу кунлардан омонликда ўтиб оламиз.

Мамлакатимизда бу офатга қарши курашиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида барча ресурслар ишга солиниб, зарурий ва қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг замирида энг аввало халқимиз, юртдошларимиз, ҳар бир фуқаромиз нобуд бўлишининг олдини олишдек муҳим мақсад ётганлигини бугун барчамиз қалбдан тушуниб, ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз ҳаётини ўйлаб иш тутмоғимиз керак!

Шунинг учун ҳам уйда ўтириш ҳамда шифокорларнинг берган тавсияларига тўлиқ амал қилиш барчамиз учун бош масала бўлмоғи лозим!

Бу борада туманимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли тушунтириш ишлари йўлга қўйилиб, карантин эълон қилинди. Шунингдек, бозорлар, савдо шоҳобчалари, дорихоналарда нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, ҳар бир масала жиддий таҳлил ва назорат қилинмоқда.

Ҳурматли тумандошлар! Бир нарсани аниқ тушуниб олишимиз лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам бўлиши мумкин. Хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш ҳам бизга тўғри келмайди.

Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйиши мумкин.

Шу билан биргаликда, бугун, туманимизда 9 турдаги озиқ-овқат ва 8 номдаги дори-дармон воситаларининг заҳиралари яратилди. Ушбу масалада ҳеч ким ташвишга тушмаслиги зарур.

Карантин талабларига амал қилиш барчага мажбурийдир. Бу тегишли қонунларда ва Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорида қатъий уқтирилган.

Ҳозирги мураккаб вазиятда фуқароларимизнинг саломатлигини асраш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашма-мизнинг юқумли касалликлар бўлимида

30 ўринли, “Олмазор” маҳалласида жойлашган 2-сонли ҳорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг биносида 100 ўринли заҳира ўрин тайёрланган.

Инфекция тарқалишини олдини олиш ва дезинфекция тадбирларини сифатли ва мунтазам ўтказиш учун 1000 кг Хлор, 200 кг хлор таблеткаси захира қилинган. Шу билан бирга 58 дона дори сепиш аппарти, 200 комплект махсус кийим-бош, 3 та “Дамас” русумли автотранспорт воситаси,

1 та ўт ўчириш автомашинаси, 14 та трактор пуркагичлари билан жалб қилинган. Дезинфекция ишларига 80 нафар ишчи-ходимлар бириктирилган.

Бугунги синовли кунларда бир-биримизга ҳамжиҳат, ҳамфикр, далда бўлиб, барча бало-қазоларни биргаликда, мардона даф этайлик.

Бунинг учун эса кўча-кўйда, савдо шоҳобчаларими ёки оила даврасидами, барча-барча жойда ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш кифоя қилади.


Боёвут тумани ҳокими, сенатор Дилфуза Джумановна Уралова

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page