Ғалла ўрим-йиғими даврида тилсиз ёв – ёнғинга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир

Ғалла ўрим-йиғими даврида тилсиз ёв – ёнғинга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани фавқулодда вазиятлар бўлими

Pеспубликамизда ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланди. Ушбу мавсум хўжаликлар раҳбарларидан тортиб оддий деҳқоннинг ҳам зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш, сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, мавсумда қатнашадиган комбайн, ёрдамчи техникалар ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, камчиликлари бартараф этилгач, далага олиб чиқилади. Ғаллани қабул қилиш, қуритиш ва қайта ишлаш корхоналарида ишлаётган мутахассислар мавсум давомида техникалар созлиги, ғалла маҳсулотлари сақланиши, ишчиларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишини қатъий назорат остига олишлари зарур.

Ғаллазорларда ёнғин содир бўлишининг олдини олишда ҳар бир фуқаро масъул эканлигини унутмаслигимиз керак. Бевосита ғалла майдонларининг ўзида ҳаракатланаётган техникалар, транспорт воситаларидан чиққан учқун туфайли ёнғин келиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу сабабли, туман фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари мавсумга жалб этилган барча техникалар (комбайн, трактор, автомобиль ва бошқалар) ҳамда уни бошқарувчилари ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказишмоқда.

Фото: Боёвут тумани фавқулодда вазиятлар бўлими

Ўрим-йиғим пайтида комбайннинг айланма механизимлари қизиб кетиши, уларга сомон ўралиб қолиши ҳам ёнғинга сабаб бўлади. Ана шу каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида комбайн ҳайдовчилари ўз техникалари ҳолатини назорат қилиб боришлари, вақти-вақти билан тўхтатиб, ўралиб қолган хас-хашаклардан тозалаб туришлари лозим.

Ёзнинг жазирама кунларида қовжираган хас-хашаклар, хусусан, сомон тез алангаланади. Ҳатто комбайн ўроқларининг бирор тош ёки металл қисмига тегиб кетишидан ҳам учқун чиқиб, ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин.

Ғалла – ризқ-рўзимиз, ҳаётимиз фаровонлигини таъминловчи азиз неъмат экан, ғалла ўрим-йиғими даврида тилсиз ёв – ёнғинга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.

Капитан,
Юнусжон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Боёвут тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг ўринбосари.

Report Page