Боёвутлик илғор комбайнчилар Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдирланди

Боёвутлик илғор комбайнчилар Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдирланди

@Boyovutliklar
Фото: Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси

Ризқ-рўзимиз бўлган ғалла ўрим-йиғими айни кунларда қизғин паллага кирган. Боёвутлик миришкор деҳқонлар ғалладан мўл ҳосил етиштириш, уни қабул масканларига ғарамлаб, саранжомлаб олишда катта тажрибага эга.

Жумладан, А. Навоий номли сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги 8 та фермер хўжаликлари томонидан 359,1 га ер майдонига бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, давлатга 1045,0 тонна дон топшириш бўйича шартномавий режа имзоланган.

Боёвутлик деҳқонларнинг омилкорона иш юритиб, ишни самарали ташкил этиши натижасида давлатга бир кунда 86 тонна, мавсум бошидан буён 647 тонна ғалла топширилиб, шартномавий режага нисбатан 62 фоизга бажарилди.

Фермер хўжалигининг ғалла майдонида туманда ташкил этилган 2-отряд раҳбари Акрам Мирзаев бошчилигида 2 та “КЛАСС” ғалла ўриш комбайни “Дилшод Сарбон” фермер хўжалигининг 30 гектралик ғалла майдонида ўримда иштирок этиб, кунига 100 тоннадан зиёд ғалла ўришга эришаётир. Фермер хўжалиги ҳар гектар ғалла майдонидан 50 центнердан ҳосил олмоқда.

Илғор фермер, ҳосил ўрим-йиғимида алоҳида ғайрат-шижоат кўрсатган комбайнчи операторларни рағбатлантириш бўйича алоҳида тадбирий чораларнинг ишлаб чиқилганлиги мавсумни муваффақиятли якунлаш, пировард натижадорлик учун курашишда муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси

Бугун Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Б.Артиков ғалла ўримига ўз ҳиссасини қўшаётган илғор комбайнчиларни қимматбаҳо қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирлади. Албатта, рағбат  катта ютуқларга қанот бўлиши шубҳасиз.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

Report Page