Боёвут тумани ҳокими "Анорзор" ёшлари билан учрашди
@BoyovutliklarИжтимой-сиёсий ҳаётда ёшларнинг ролини ошириш, ёшлар билан боғлиқ муаммоларга ижобий ечим топиш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида бўлганларга ижтимоий кўмак бериш мақсадида мамлакатимиздаги барча туман-шаҳарлар қатори Боёвутда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Туманимизда ҳар ойнинг муайян кунида сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудудларидаги маҳаллаларда ёшлар билан учрашув ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, белгилаб олинган жадвал асосида навбатма-навбат учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.
Туман ҳокими, сенатор Дилфуза Уралова куни кеча "Анорзор" маҳалласидаги ёшлар билан учрашди. Учрашув самимий, эркин тарзда кечди. Туман ҳокими ҳозирда ҳар қандай соҳанинг тараққий этиши униб-ўсиб келаётган ёш авлодга боғлиқ эканлигини таъкидлаб, бугунги янгиланишлар даврида яратилаётган имкониятлардан биринчилар қаторида фойдаланиб қолишга даъват этди.
Шунингдек, тадбир давомида ёшлар ўртасида тадбиркорликнинг ривожланиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Ёшларнинг тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоли саволларига жавоб берилди. Учрашув сўнгида ҳар битта ёшга ҳоким томонидан эсдалик совғаси сифатида китоблар тақдим этилди.
Шу билан бирга Дўстмурод Норқуловнинг мурожаати жойига чиқиб ўрганилди.
Дўстмурод ёш бўлишига қарамай қуёнчилик ва кўчатчилик билан шуғулланиб келмоқда. Яқинда минтақамизда парваришлаш оммалашаётган Павлония дарахти кўчатларидан келтириб, ўз томорқасига эккан. Ҳозир эса ушбу кўчатларни кўчириб, етилгунга қадар парваришлаш учун 5 гектар ер майдони кераклиги билдирди.
Шу куннинг ўзида "Анорзор" маҳалласидаги бўш экин ер майдонидан Дўстмуродга 5 гектар ажратиб берилди.
Келгусида эса яна ёшлар иштирокида туман бўйлаб саёҳат ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати