17 май, Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиева   таваллуд топган кун.

17 май, Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиева   таваллуд топган кун.

@Boyovutliklar
Фото: Google images

Оламда етти мўъжиза бор дейишади. Саккизинчиси, шоирнинг туғилиши! Фитратида тафаккур уммонининг мужассамлиги, туйғулар ғалаёнининг муаззамлиги, ҳаёт бўстонининг муҳтарамлиги шоирни мўъжизага айлантиради! 

Яратувчи зот шоирни нафақат дунёга келтиради, балки атрофидагиларни унга шайдо, унга мухлис қилиб қўяди, ва бу ошуфталар ҳар жабҳада шоирдан изоҳ истайди, имдод кутади, муродбахш калом талаб қилади. Ва шоир ҳамиша жавоб айтади, ҳамиша юрагини ўртаган ғалаёнларни оламга ёяди, жар солади. Мана шундай туғма истеъдод соҳибаси, қуйма заковат ва фасоҳат маликаси, шеъриятимизда номи бир лаҳза тилдан тушмайдиган атоқли ва ардоқли шоира – Ҳалима Худойбердиевадир.

Фото: Google images

Дунёда шундай истеъдодлар борки, улар ёрқин юлдуз остида, улуғвор буржлар бир нуқтада йиғилганда дунёга келади. Халқнинг юрагидаги сўзлар, эҳтиёжидаги тилаклар, тилларидаги талаблар булутлар тўдаси янглиғ тўпланганда, уларнинг бари шоир қаламидан ҳаётбахш ёмғир бўлиб тўкилади. Ҳақиқий шоир бундай маҳалда товушни кўради, рангни эшитади. Ҳақиқий шоирлар бундай пайтда яхши шеър ёзолмаса ўзини, сохта шоирлар эса булутни, ёинки замонни айблайди. Истеъдоднинг буюклиги шундаки, замон унга қаерда, қанчалик муҳтож эканлигини аниқ сезиб туради. 

Илоҳийлик бор экан, шоирлик ҳам йўқолмайди.

Фото: Google images

Агар шеър одамлар кўнглидаги сўзлардан туғилса, у хоҳ қайғулик, хоҳ қувончли, хоҳ неча асрлар айтилмай келаётган, хоҳ бир лаҳза ичида туғилган бўлсин, самимий бўлса адабиёт девонида мангу муҳрланиб қолаверади.

Шоир қалбида ҳақиқатдан ҳам яширин, ўзи ҳам билмайдиган, ўзи ҳам бошқараолмайдиган заковат борки, шоир ўз ақлидан кўра, қалбидаги ўша заковатдан миннатдор бўлиши керак.

Шоир туғилишини – саккизинчи мўъжиза, дедик. Чунки, ҳеч бир она, у қанчалик башоратгўй, қанчалик кароматгўй бўлмасин, фарзанд кўраётганда, сизларга шоир туғиб бераяпман деёлмайди, айтган тақдирда ҳам гаплари орзудан бошқа нарса бўлмайди. Шоирни – халқнинг юраги туғади. Шу юрак унга тил беради, дард беради, изтироб беради, эзгулик йўлидан юришга абадул-абад ундаб туради. Шунинг учун бошқалар яшаш йўлини излаган пайтда, шоирлар яшаш мазмунини, ҳаёт мазмунини ахтаради.

Фото: Google images

Шу туфайли одамлар, шоирдан бегонасирамайди, ундан нафратланмайди, ёзганларини ёд олади, юрагининг ихтиёрини унинг шеърларига ишониб топширади. Инсонлар ўз юрагини ишониб топширган шоира ─ Ҳалима Худойбердиевадир.

Истеъдод – шоир пешонасини ярқиратган улуғ неъмат. У юракда исён бўлиб туғилади, бу исён шеърга айланса, шеър исёнга айланади.

Истеъдодсиз шоирнинг адабиётда юриши, халачўп минган сузувчининг уммонни кесиб ўтишига ўхшайди. Бундай сузувчи албатта ҳалокатга махкум. Агар шоирда ҳалокатдан қутқарувчи истеъдод бўлмаса, шеърлари ўзидан олдин ўтиб, жони кетиб кўмилмай, судралиб юрган кимсани эслатади. Афсуски адабиётда ундай кимсалар кўп. Баъзиларнинг бўйинларида унвонлари ҳам борки, қиёмат куни ҳазрат Навоий бобомиз олдида бу унвонлари учун юзлари ҳижолатдан қизарса ажаб эмас. Қолаверса, ўзгалар устидан ҳукм чиқаришга ҳақли бўлмаган ҳолда баъзибир ҳақиқатларни айтиб ўтиш жоизки, шоир учун виждон ─ юрагининг подшоси бўлиши керак. Юрак тўла тўкис подшога бўйсуниши керак. Шоир минг ақлли бўлмасин, тафаккури ер юзидаги энг ўткир қиличданда ўткир ва тезкор бўлмасин, агар бу ақл виждон йўриғида юрмаса ҳикматга, донишмандликка эришолмайди. Ҳалима Худойбердиева шеърларида – шу хикматни, шу файзни, сеҳргарона кучга йўғрилган жозибадор оҳангробони кўрамиз.

Инсон ўзига ота – она танлаш ҳуқуқидан маҳрум туғилгани каби, ўзига феъл атвор, ўзига қалб, қалбга эса олийсифат хислатлар, ҳаммага маъқул келувчи, севимли фазилатларни саралаш ҳуқуқидан маҳрум туғилади. Агар туғма шоир бўлмаса, бутун ҳаёти давомида, минг бор, минг бор, минг бор тиришса, уринса, изланса ҳам у ўзини қайтадан яратолмайди, ўзини буюк шоир сифатида шакллантираолмайди, миллион миллион сатр шеър ёзиб, туғма шоир ёзган бир сатр шеърга тенг шеър ёзолмайди. Мен Ҳалима опага эргашган, тақлид қилган, ундан ўрганган, ундан кўчирган, унга етиб оламан, унга тенгман, ундан баландман деган, юзлаб шоиру – шоираларни биламан, лекин улар ёзган шеърлар Ҳалима опа шеърияти осмонида кезиб юрган саробдан бошқа нарса эмас. Фақат ғўнғиллайди, фақат асабга тегади, холос. Уларда туғма қобилият йўқ, сўз бойлиги бор, холос. Улар изтиробларини куйлашмайди, сўзни ҳаммолдай ишлатишади, мажбурлашади, зўрлашади, холос. Уларнинг ўз – ўзларига ишонмасликлари, ўзгага тақлид қилишга, ҳатто ўзгаларни ёмон кўришларига сабаб бўлади, холос.

Инсониятнинг шоирлардан миннатдор бўлишининг маъноси шундан иборатки, шоирлар ҳаёт гўзаллигини тезроқ кўрадилар, тезроқ тушунтириб берадилар ва яхшироқ тасвирлайдилар. Бу ─ одамлар вақтини тежайди ва вақтини мазмунлироқ ўтказишга ёрдам беради. Вақт – ҳеч ким ҳаётингизга унинг бир лаҳзасини ҳам қўшиб қўёлмайдиган ноёб нарса!

Шоирлар сўз диёрининг ─ дарғаларидир! Улар сўз – заргари, сўзга жило берувчи ва қиёматга қадар абадий яшовчи иморатлар қуриб қолдираоладилар. Шоирлар туфайли сўз олами бойийди, гўзаллашади, обод бўлади. Инсонлар қалби ҳам бойийди, гўзаллашади, юксалади, обод бўлади. Мисол тариқасида айтсак “Бегим сизни табиат”, “Дориломон кунлар келди”, “Муқаддас аёл”, “Хат”, “Йўлдадирман”сингари шеърларсиз бугунги ўзбек сўз санъати, адабиёти анчайин ғариб, анчайин қашшоқ бўларди.

Шоира ёшлик йилларида юксак ҳарорат билан, балоғат йилларида юксак маҳорат билан ижод қилган эди, камолга етган айни бугунги кунларда юксак камолот билан ўзининг гўзал шеърларини тараннум этмоқда. Худди асалари сингари тинимсиз меҳнат қилиб, инсонлар қалбидаги жавҳарни – сўз жавҳарини йиғмоқда ва шеърият ихлосмандларига тақдим этмоқда. Қуръони каримда бошқа ҳеч бир касб эгалари мушарраф бўлмаган номланишда иккита сура борки, бири “Шоирлар” бири “Асаларилар” деб аталади. Асаларининг шифобахшлигини, жуда кўп хасталикларга даво эканлигини ва ҳеч қачон, ҳеч бир нарсага зиёни йўқлигини ҳамма билади ва яхши шеър ҳам, камолга етган етук шоир ҳам инсон маънавиятига фақат шифобахш таъсир кўрсатади, фақат даволайди. Бундай шарафга кўз илғамас рангларни кўрувчи, қулоқ англамас товушларни эшитувчи, юраклар сезмас туйғуларни ҳис қилаолиш хосиятига, фазилатига эга инсонлар – Оллоҳ туғма истеъдод эгаси қилиб яратган, одам ўзини ўзи бу даражада мукаммал қилаолмайдиган шоирларгина муваффақ бўладилар ва бундай муваффақиятга эришиш учун баъзида туғма истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Туғма истеъдодни асраш – авайлаш, йиллар тўфонидан, ҳасадгўйлар қирғинбаротидан асраш – авайлаш, нес – нобуд қилиб юборишга шай бўлган зўравонлар, амалпарастлар хужумидан, зуғумидан эсон – омон сақлаб юриш, парваришлаш, камолга етказиш учун ҳам камида яна шундай туғма истеъдод, ҳимоя истеъдоди керак. Одамлар интилган кишиларни ҳурмат қиладилар, ғалаба қозонганларни севадилар, мақсадга етганларга эса тасанно айтадилар ва олқишлайдилар.

Ҳалима опа шеъриятда нафақат ғалаба қозонди, балки мақсадга ҳам етди, унинг шеърлари ХХ аср ўзбек шеъриятига олтин ҳарфлар билан ёзилди ва бу битикларни энди ҳеч ким, ҳеч қачон ўчиролмайди. Бугун шеър ҳақида гапирганда Ҳалима опа кўз олдимга келаётгани, Ҳалима опа деганда бу сўз шеърият билан уйғунлашиб кетаётганининг боиси ─ бу умрнинг бирор лаҳзаси, бирор сонияси шеърият ғалаёнларисиз кечмаган. Бир инсон ўзининг бир умрлик ҳаётини шеърият бўстонига туҳфа қилди. Шу сабабдан, ўзбек шеърияти бор экан, то қиёматгача гуллаб яшнаб тураверар экан, Ҳалима Худойбердиева деган ном ҳам бу бўстон саҳнида энг гўзал гулдаста янглиғ ифор сочиб, тиллардан тилларга кўчиб, диллардан дилларга завқ бағишлаб, эзгуликнинг ҳаётбахш нашидасини ёйиб юраверади.

Ҳадисларда ўз меҳрингизни меҳр қўйган одамларингизга билдириб туринг деган ҳикматли сўз бор. Ҳаётимда бу – шеърият қуёшидан бир умр завқ олиб келдим, бир умр мафтун бўлдим, бир умр ҳайратланиб яшадим. Ўз кўнгил изҳорларимни билдирмаслик – камида омонатга ҳиёнат, камида номардларча бетакаллуфлик бўлур эди.

Оллоҳдан Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевани ўз ҳифзу – ҳимоятида асрашни, икки дунё саодатига мушарраф этмоқни сўраган ҳолда, шеъриятимиз олдида, миллатимиз олдида қилган буюк ҳизматлари учун Ҳалима опага таъзим ва тасанно билдирамиз, бу шеърият ҳали барча халқлар адабиётида, маънавий ҳаётида кўркам тахтини эгаллашига ишонч билдириб қоламиз! 

Бугунги қутлуғ кун муборак бўлсин!


Сиз, шеър учун туғилган эрка,

Адабий йўлингиз илҳомга тўлсин.

Баҳор зийнатини бердингиз шеърга,

Туғилган кунингиз муборак бўлсин!


Шоир туғилгай-у, ўлмагай асло.

Асрлар бўлолмас, йўлига тўсқин.

Сиз неча йилдирки кутилган садо,

Туғилган кунингиз муборак бўлсин!


Шеърият тахтида қироличасиз,

Ҳар сатрингиз замон кўксида тўлқин.

Ҳар қалбда ўт ёқмоқ имконидасиз,

Туғилган кунингиз муборак бўлсин!


Сиз юракни тилга киргизган инсон.

Тангрим, сизга ато этмиш шеър йўлин.

Сизга келар доим кўкдан армуғон,

Туғилган кунингиз муборак бўлсин!


Инсон шеърий тилда сўзлашсин фақат

Шеър билан тўлдиринг оламнинг кўксин!

Сиз –миллат юраги туққан муҳаббат,

Туғилган кунингиз муборак бўлсин!


 Муҳаммад ИСМОИЛ,

Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори.

Report Page