БУГУНГИ ЙЎҚОТИШНИ ТЎЛДИРИШ УЧУН ЎН ҲИССА МЕҲНАТ ҚИЛИШИМИЗ ДАРКОР

БУГУНГИ ЙЎҚОТИШНИ ТЎЛДИРИШ УЧУН ЎН ҲИССА МЕҲНАТ ҚИЛИШИМИЗ ДАРКОР

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Халқимизда «чумолининг ҳам уйи бузилмасин» дейишади. Чунки уй бу – Ватан ичра мўъжаз ватан. Бу ватанга қийинчиликлар билан, тиришиб-тирмашиб, меҳнат орқали эришилади. Шунинг учун ҳам «ўз уйим-ўлан тўшагим» дейилган. Ҳатто жаннатдек жойлардаям одамзод зерикади, ўз уйига талпинади.

 Сардоба сув омборида рўй берган фавқулодда вазият бутун республикани шок ҳолатига туширди. Одамлар етти ухлаб тушига ҳам кирмаган фалокат туфайли бугун 70 мингга яқин фуқаро уй-жойидан вақтинча кўчирилди. Минглаб фуқаролар уйсиз қолди.

Лекин, инсон хону-монидан айрилган одамларнинг фожеасини тушуниш, юракдан туйиш учун уларнинг кўзига боқиши керак бўлади. Уларнинг меҳнат билан ўтган умрларини ҳис қилиш керак бўлади. Ўзим кичик ёшдан меҳнат билан катта бўлганим, ҳамма нарсага қаттиқ меҳнат ва билим туфайли эришганим учун уларнинг дардини юракдан ҳис қилдим. Бўш вақтим топилди дегунча уларнинг олдига бораман, эркагу аёл билан соатлаб суҳбат қураман.

 Умрингнинг ярмини ватан қуришга сарфласангу бир кеча кундузда уйсиз қолсанг, деган ўй ич-этларини кемириб ётибди, албатта.

Бирининг оиласи 11 нафар, молу-ҳол эвазига кун кўрган. Қочаётиб, 10 бош молни бўшатиб юбордик, афсус, 4 бош бузоқ боғлоқлик қолиб кетди, бегуноҳ жониворларга жоним ачийди, дейди ўкиниб. Яна бири омон қолганига шукрона келтириб, 20 сотих ерда гуллаб турган картошкаси увол бўлганини айтади. Кўзларида мунг бор. Кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламан, аммо, ичимда кимдир йиғлайди. Билдирмайман, уларни ёлғиз эмасликларини айтиб, овутаман.

 Уларнинг барчаси давлатимиз раҳбари келиб, улар билан учрашиб, суҳбатлашиб, бирор киши уйсиз қолмаслигини айтганидан сўнг, жабрдийдалар бир оз кўнгли таскин топгани билинди.

-        Сардоба сув омбори тошқинида уйсиз қолганларнинг ҳар бирининг уйига кириб, қўвонч кўз ёшларини кўрганимдан кейин кетаман, - деди президентимиз офатдан жабр кўрган фуқаролар билан учрашувда.

Шунингдек, 5 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча масалалар ҳал қилинмагунча Сирдарёга бириктирилган ҳар бир раҳбар кучайтирилган сафарбарлик режимида ишлашини таъкидлади.  

Шавкат Миромоновичнинг барча йиғилишларида қатнашиб, улардан ўрганганим – ҳар қандай вазиятда ўзини йўқотмаслик. Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор, уйи бузилган бўлса, уй қурамиз, кўплашиб-кўмаклашиб ўрнини тўлдирамиз, дейман ҳар доим.

Сенатор сифатида, туман раҳбари сифатида шуни эътироф этаманки, бугун давлатимиз раҳбари атрофида ҳар қачонгидан-да жипслашишимиз лозим. Коронавирус пандамиясига қарши курашиш шароитида  Қараб туришга вақт йўқ.

Бугунги кунда Сардоба сув омборидан оқиб чиққан сув кўллаган барча ҳудудлар тозаланиб, катта қурилиш майдонига айланиш арафасида. Ҳали бу ҳудудларда шунақанги чиройли масканлар қад кўтарадики, одамлар бу фожеали кунларни унутадилар. Сардоба тўлиғича “Замонавий қишлоқ”қа айлантирилади, деди президентимиз. Демак, шундай бўлади. Фақат бу жуда катта маблағ талаб қилади.

Бу борада мен барча раҳбарларни, туман ҳокимларини бу йил қишлоқ хўжалиги йилида ҳосилдорликни ўн эмас, балки юз баравар оширишга эътибор қаратишга чақираман. Буни биздан Ватан, халқ, қолаверса муҳтарам давлатимиз раҳбари кутяптилар.

Боёвут тумани аҳолиси билан вилоятнинг бошқа ҳудудлари билан биргаликда далаларда меҳнатни бўшаштирмай, ҳосилдорликни  уч-тўрт баравар оширишга бел боғладик. Ерларимиз мисли жаннат. Қадалган чўп унади. Демак, биз бу йил юқори ҳосил кўтармоғимиз, янги қурилажак замонавий қишлоқларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Шундай бўлади ҳам.

Энди тушунаяпман эналаримиз дуо қилганда биринчи бўлиб “ўт балосин, сув балосидан, туҳмат балосидан асрасин”- деб дуо қилар эди. Ҳақиқатдан ҳаммамизни худо ўз паноҳида асрасин.

Дилфуза Уралова,

сенатор, Боёвут тумани ҳокими

Report Page