Вилоят прокурори Боёвут тумани фаоллари билан суҳбатлашди

Вилоят прокурори Боёвут тумани фаоллари билан суҳбатлашди

@Boyovutliklar
Фото: Авазбек Абдусаматов

Бугун, туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида иштирок этган вилоят прокурори Р.Машарипов сессия тугагач, туман фаоллари билан карантин даврида туманда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги хусусида суҳбат қилди.

-  Ҳозирги пандемия даврида иш авжида, ҳамма соҳа ишлаяпти, ҳамма масъуллар ишлаяпти, тиним билмаяпти. Лекин, кимдир биринчи “скорост”да, кимдир икки ва яна кимдир учинчи ё тўртинчи “скорост”да ишлаяпти. Яъни, кимдир ҳақиқатда ишлаётган бўлса, яна кимдир ўзини ишлагандек кўрсатмоқда. Тўғри, ҳамма ҳам ўз қобилияти, ўз савияси ва ўзининг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб ишлайди, албатта. Лекин биз, агарда, депутатларни қуроллантирсак, ҳозирги давр учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар, имтиёз ва преференциялар тўғрисидаги маълумотлар билан биринчи ўринда таъминласак ҳамма соҳани тўртинчи “скорост”да ишлашига эришсак бўлади. Шу билан бирга депутатлар тегишлича ташкилот ёки идораларга депутатлик сўровларини киритса, унинг жавобини талаб қилса, ўйлайманки бу ҳам ҳамма соҳани тўртинчи “скорост”да ишлашига хизмат қилади, деди Р.Машарипов фаоллар билан суҳбатда.

Шунингдек, Р.Машарипов ишсиз, кам таъминланган ва камбағаллик даражасига тушиб қолган оилаларга тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тарзда бириктириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни таҳлил қилар экан, Президентимизнинг раҳбарларни камбағал оиларлардан бир кун тунаб қолишларини қўллаб-қувватлаганлигини таъкидлаб, - прокурорлар ҳам ташаббус билан чиқиб, камбағал оилага бориб бир кун, бир кундан ётишди, уларнинг уй шароити билан танишди, юзига косметик кремлар тегмаган оналарнинг юзини кўришди. Энди улар амалга оширадиган барча ишларини шу кўрган ҳолатларга қараб белгилайди, - дея сўзида давом этди.

Ўз навбатида Мажбурий ижро бюроси туман бўлимининг ташаббуси билан кам таъминланган оилаларнинг коммунал тўловларни тўлашга умуман имконияти йўқ бўлган хонадонларнинг 80,0 млн.сўм электр энергияси, 25,0 млн.сўм табиий газдан бўлган қарздорлигини ҳомийларни жалб қилиш орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш чорасини кўраётганлигини айтиб, бу каби ташаббуслар вилоят миқёсида кенг оммалаштирилишини билдирди.

Суҳбат сўнгида юқоридаги каби кўплаб мисоллар келтирилиб, фаоллар, депутатлар, масъул раҳбарлар, барча-барчаси ташаббускорликка чақирилди.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page