Ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин

Ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин

@Boyovutliklar
Фото: Google images
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган пурҳикмат ифода бор. Айниқса, турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётгани ёки ажрашгани сабабли вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган “ота”ларга кўпроқ тааллуқли бу гап. 

Шу боис Жиноят кодексининг 122-моддасида бундай шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бироқ алимент билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш мақсадида 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан, Жиноят кодекси, Оила кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 474-модда киритилиб, унга мувофиқ моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Эндиликда алимент тўлашдан бўйин товлаган шахс маъмурий жазони ўташ чоғида келгусида яна шундай қонунбузилишга йўл қўйса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Сирдарё вилояти Боёвут туман судининг очиқ суд мажлисида судланувчи А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 122 моддаси 1 қисми бўйича, яъни вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаш бўйича жиноят иши кўрилди.

Унга нисбатан иш бўйича эҳтиёт чораси тариқасида муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат қўлланилиб, очиқда қолдирилган эди.

Суд барча (енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи) ҳолатларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасига асосан судланувчи А.Ахматкуловга жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг 8.06.2016 йилдаги ҳукмига кўра тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг 26.02.2019 йилдаги ажримига кўра, ЖКнинг 73-моддаси  тартибида муддатидан илгари шартли озод қилиниб, ўталмай қолган 1 (бир) йил 1 (бир) ой 15 (ўн беш) кун озодликни чеклаш жазосини, ЖКнинг 61-моддаси тартибида мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун А.А.га 1 (бир) йил 2 (икки) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Озодликни чеклаш жазосини ўташ давомида, яшаш жойидан соат 22:00 дан соат 06:00га қадар чиқиши чекланди. Шунингдек, унинг зиммасига, озодликдан чеклаш жазосини ўташ давомида назорат қилувчи органнинг рухсатисиз кўнгилочар жойларга бормаслик ҳамда оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, уй-жойни тарк этмаслик, иш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Сирдарё вилояти ҳудудидан чиқмаслик, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда кишининг ақл идрокига таъсир қилувчи бошқа моддаларни истеъмол қилмаслик каби чекловлар юклатилди. Ундан ташқари жами 2 140 000 (икки миллион бир юз қирқ минг) сўм пул маблағлари Г.А.нинг фойдасига ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Алимент масаласи кўтарилганда яна шуни айтиш мумкинки, гап қайсидир отанингдир қарз суммаси кўп-озлиги ёки маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилганида эмас, балки отанинг фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашга мажбурлигини нечоғлик англаб етишидадир.

Жиноят ишлари бўйича

Боёвут туман судининг раиси

Ш.С.ИСМАИЛОВ

Report Page