Қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқиган 2 мулла жаримага тортилди

Қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқиган 2 мулла жаримага тортилди

@Boyovutliklar
Фото: Google images
Қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқиган икки нафар мулла энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Маълумки, Бош қомусимизнинг 63-моддасида белгиланганидек, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Албатта, оила мустаҳкамлиги никоҳнинг қонунийлигига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Аммо бу теран ҳақиқатни ҳамма ҳам бирдек англаб етавермайди. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби" мавзусидаги анжуманда бу ҳақида алоҳида тўхталиб, шундай таъкидлаган эди: "Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган "никоҳ"дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди".

Шу билан бирга, бундан буён ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилганди.

Аммо Боёвут туманининг “Ширин” маҳалласида яшовчи, 86 ёшли Н.Н. махсус диний маълумотга эгалиги тўғрисида хужжати бўлмаган ҳолда 2020 йил 25 июнь куни ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтмаган Қ.И. ва А.Г.ларга шаърий никоҳ ўқиб қўйган.

Қ.И. 86 ёшли Н.Н.га келиб, унинг қонуний никоҳи ҳали суд орқали бекор қилинмаганлиги, лекин биринчи турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётганлигини айтиб, ҳозир бошқа аёлга уйланаётганлиги сабабли уларни шаърий никоҳлаб қўйишни сўраган. Н.Н. эса қонуний турмуш ўртоғи бўлган (хатто улар бирга яшашмасада никоҳи қонуний) фуқарони бошқа аёлга никоҳлаб, қонунбузилишига сабаб бўлган.

Шу туфайли Н.Н.га нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.

Яна бир мисол: 1957 йилда туғилган, Боёвут тумани “Истиқлол” маҳалласида яшовчи С.Р. ҳам, гарчи ваколати бўлмаса-да, 2020 йил 26 март куни ўғли С.Р. ва А.С. ларга шаърий никоҳ ўқиган. С.Р. ўғлини 2018 йилдан буён қонуний турмуш ўртоғи С.О. билан бирга яшамаётганлиги сабабли уни уйлантиришни мақсад қилган. Аввалига, бу масалада расмий имом-хатибларга мурожаат қилганлиги, аммо суд томонидан ўғлининг биринчи турмуш ўртоғи билан тузилган никоҳ шартмонаси бекор қилинмаганлиги сабабли расмий имом-хатиб шаърий никоҳ ўқишдан бош тортган. Шундан сўнг С.Р. ўз хатти-ҳаракатларини ноқонуний эканлигини била туриб, ўғли ва унинг бўлажак турмуш ўртоғига шаърий никоҳ ўқиб қўйган.  

Айтиш керакки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисмида "Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бош­қа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг саксон бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади", кодекснинг 33-моддасида эса, "Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта, кўр­сатиб, ушбу кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо чорасини қўллаши мумкин", дея қайд этилган.

Бинобарин, суд ҳар иккала ҳуқуқбузарнинг нафақа ёшида эканлиги, уларнинг қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, юқоридаги модда санкциясида белгиланганидан ҳам камроқ, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 50 (эллик) баравари миқдорида жарима жазоси та­йинлади.

Бундан ташқари суд ушбу ҳуқуқбузарликларни фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етишмаслиги, диний қарашларнинг нотўғри сингдирилиши, ҳуқуқбузарларнинг ўз шахсий манфаати йўлида динни ниқоб қилиб олганлиги, маҳалла ҳамда жамоатчиликнинг эса, бунга мутлақо бефарқлиги, энг ачинарлиси, жойларда бу борада маънавий-маърифий ишлар қониқарли даражада йўлга қўйилмагани, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар лозим даражада амалга оширилмагани туфайли юзага келган, деб топди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Чиндан ҳам, оила қўрғонини муқаддас деб билмаслик, арзимас сабаблар билан ажралишлар, бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолиши қонуний никоҳдан ўтмай, шаръий никоҳ асосида турмуш қуришнинг оқибати эмасми?

Шундай экан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳокимият ва ФҲДЁ ходимлари, балки ота-оналар, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, жамоатчилик вакиллари ҳам оила масаласига янада жиддий масъулият билан ёндашиши шарт. Зеро, юқоридаги каби ҳеч кимнинг гулдек оиласи завол топмасин, тинч-тотув ҳаётига асло путур етмасин.

Шухрат ИСМАИЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Боёвут тумани судининг

Report Page