Ижтимоий тармоқларда “Боёвутдаги намунали уйларнинг - намунасиз кўчалари ҳақида...” сарлавҳаси билан эълон қилинган хабар юзасидан.

Ижтимоий тармоқларда “Боёвутдаги намунали уйларнинг - намунасиз кўчалари ҳақида...” сарлавҳаси билан эълон қилинган хабар юзасидан.

@Boyovutliklar
Фото: Авазбек Абдусаматов

Бугун ижтимоий тармоқларда “Боёвутдаги намунали уйларнинг - намунасиз кўчалари ҳақида...” сарлавҳаси билан эълон қилинган хабар туман ҳокимлиги ҳамда тегишли масъул ташкилот раҳбарлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Мазкур масалада мурожаат этган Нилуфар Қўзиева ва у истиқомат қилаётган кўчадаги хонадон эгалари билан суҳбат қилинди.

Агар 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастури доирасида қурилган уйларни олиб қарайдиган бўлсак, ушбу уй-жойларни, унинг инфраструктурасини  лойиҳалаштиришда кўчаларга тунги ёритиш тизимини ўрнатиш режалаштирилмаганлигини кўришимиз мумкин. Ундан ташқари туманнинг маҳаллий бюджет параметрларида ҳам аҳоли пунктларини ёритиш тизими учун пул маблағлари ажратиш назарда тутилмаган. Мурожаатчиларнинг сўраган амалий ёрдамлари ҳам бу масалага муқобил ечим топишдан иборат бўлди.

Шунингдек, “Қарапчи” маҳалласида 2016 йилдан 2019 йилга қадар намунавий ҳамда янгиланган лойиҳа асосида қурилган уй-жойлар массивидаги кўчаларни номлаш масаласи халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг 2019 йил 21 февралдаги сессиясида кўриб чиқилиб, 35/144-сонли қарор билан тасдиқланган. Унга мувофиқ “Қарапчи” маҳалласидаги иккита массивда жойлашган жами 29 та кўчага ном берилган.

Фото: Авазбек Абдусаматов

Тез кунларда хонадонларга ўрнатиладиган кўча номи ва рақами акс эттирилган пешлавҳаларнинг намуналари тайёрланиб, фуқаролар эътиборига ҳавола этилади. Шу асосда хонадон эгалари ўзига тегишли уй-жойларига пешлавҳалар ўрнатишни ўз ҳисобларидан амалга оширишига келишиб олинди.

Фото: Авазбек Абдусаматов

Шу билан бирга ёритиш тизими масаласига ҳам фуқаролар билан ҳамфикрликда ечим топилди. Яъни, фуқаролар ўз хонадонларининг мансублик чегарасига тунги ёритиш мосламаларини ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатишади. Туман ҳокимлиги эса ўрнатиш ва ундан фойдаланиш масаласида тегишли мутахассисларни жалб қилишни ўз зиммасига олди.

Суҳбат давомида фуқаролар томонидан билдирилган ичимлик суви ҳамда жамоат транспортининг қатнови билан боғлиқ масалаларини ҳам ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади. Жумладан, намунавий лойиҳада қурилган уйларга ичимлик суви етказиб берадиган сув иншооти ҳамда сув тармоғи кимёвий усуллар ёрдамида тозаланади. Жамоат транспортининг қатнови масаласида эса Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси билан музокара ўтказиш орқали микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Фото: Авазбек Абдусаматов

Яна шуни айтишимиз керакки, юқорида санаб ўтилган масалаларнинг ҳал этилиши ва натижаси туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали кенг омма эътиборига ҳавола этиб борилади.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page