BO

BO

@Boyovutliklar
Foto: UzA

КЕЧАГИ КУНЛАРНИНГ ЎҚИЛМАГАН САҲИФАЛАРИ


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Абдусамат ПОЛВОНЗОДА: 


"Кенг ваколатга эга бўлган бу тергов гуруҳи ҳибсга олинган айбланувчиларга нисбатан терговнинг ман қилинган усулларини қўллар, уларни ашаддий каллакесарлар билан бир камерага ўтқазиш, отувга ҳукм қилиш билан қўрқитиш, хотини, қизи, ўғилларини ҳибсга олиш, жисмоний-руҳий қийнаш ва ҳоказолар орқали иқрорлик кўргазмасини олиш оммавий тус олди. Гдлянчилар айбланувчилар юзига тупуриб таҳқирлаган, “пешонангга зелёнка суриб қўяман” (отувга ҳукм қилинасан дегани), "ўзбекларни дорга осиш керак", деб дўқ урган ва ҳоказо."  


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Абдусамат Полвонзода Олий суд раисининг биринчи ўринбосари, Олий суд раиси вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган йилларда “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқиш бўйича ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосари сифатида самарали фаолият кўрсатган. 

Таниқли юристдан Гдлян ва Иванов тергов гуруҳининг ноқонуний фаолияти, "Пахта иши" ва уни қайта кўриб чиқиш жараёнида юзага келган муаммолар ҳақида саволларимизга жавоб беришни илтимос қилдик. 


– Абдусамат ака, юртимиз тарихида СССР прокуратурасининг Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи халқимиз бошига солган кулфатлар, миллий шаънимизни таҳқирловчи ”Пахта иши", “Ўзбеклар иши” деган ҳақоратомуз жиноят ишлари оғир из қолдирган. Мана, орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Гдлян ва Ивановлар оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет ва телевидение орқали чиқишларида ҳамон Ўзбекистонга тош отишни канда қилишмаяпти. Бундан ташқари, юртдошларимиз орасида Гдлян ва Ивановни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи тез-тез кўтарилаётган бўлса-да, уларнинг қилмиши тўғри эди дегувчилар ҳам, афсуски, йўқ эмас. 


Сиз ўша воқеаларни яхши биласиз, “Пахта иши”ни қайта кўриб чиқишда бевосита иштирок этгансиз. Шунинг учун суҳбатимизни айни шу масалалардан бошласак... 


– Ҳақиқатдан ҳам, кейинги пайтларда Гдлян ва Ивановни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ўша даврни яхши билган инсонлар орасида ҳам, ёшлар орасида ҳам тез-тез кўтарилмоқда. Мен бу фикрни қўллаб-қувватлайман. Бугун ҳам Гдлян ва Ивановнинг Ўзбекистон халқига нисбатан содир этган ўта оғир жиноятларига ҳуқуқий баҳо бериш имконияти бор. Қарши бўлмасангиз бу ҳақда сал қуйироқда батафсил тўхталсам. 


Шунингдек, Гдлян ва Ивановнинг қилмишларини ёқловчилар ҳам йўқ эмас, деган гапингизга қўшиламан. Тўғри, бундайлар ҳам бор, лекин бунинг сабаби шундаки, улар юртимизнинг яқин тарихини яхши билмайдилар. Билганларида эди, ҳеч қачон бундай демаган бўлардилар. 


– Шунинг учун ўша даврда юз берган воқеалар ҳақида кенгроқ тўхталсангиз. 


– Бунинг учун анча олисда қолиб кетган воқеаларга мурожаат қилишимизга тўғри келади. 1983-1989 йиллар халқимиз учун ниҳоятда оғир йиллар бўлган десак, сира адашмаган бўламиз. Чорак аср Ўзбекистонни бошқариб, аграр республикадан саноати ривожланган, собиқ Иттифоқда ягона саналган қатор-қатор завод-фабрикалари бор, малакали муҳандис кадрларга эга республикага айлантирган беназир инсон Шароф Рашидовнинг бевақт ўлимидан сўнг Ўзбекистонда қатағон қиличини ишга солишга шай бўлиб турган марказ томонидан туҳмат тошлари отила бошлданди. Улар юртимизга бостириб кириш учун баҳона қидира бошлади. Баҳона эса топилди. 


1983 йилда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг ОБХСС бошлиғи А.Музаффаров бир савдо ходимидан пора олаётган пайтда қўлга тушиб, ҳибсга олинди. Бу ишни тергов қилиш пайтида Бухоро вилояти савдо идорасининг раҳбарларидан бири Ш.Қудратов ўзи раҳбарлик қилаётган идорадаги савдо ходимларидан пора олиши ва партия, совет ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бошлиқларига пора бериши ошкор бўлиб, у ҳам қамоққа олинади ва тергов ҳаракатлари бошлаб юборилади. 


Порахўрлик, табиийки, жамият илдизига болта урадиган оғир жиноят. Лекин у СССР миқёсидаги тергов идоралари шуғулланадиган жиноятлар сирасига мутлақо кирмас, бундай жиноятларни, одатда, республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ўзи ҳам бемалол тергов қилиши мумкин эди. 


Аммо 1920 йилдан то Иттифоқ тарқалгунга қадар ҳар ўн йилда қатағон қиличини ишга солиб, халқни даҳшатда, қўрқувда ушлаб туришга одатланиб қолган марказга айни шу машъум воқеа Ўзбекистонни бадном қилиш учун баҳона бўлди. Марказ Музаффаров ва Қудратовнинг ишини тергов қилишни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олиб, СССР прокуратурасига топширди. Гдлян ва Иванов эса СССР прокуратураси томонидан тузилган тергов гуруҳига бошлиқ этиб тайинланди ва уларга жуда катта ваколат берилди, ўз фаолиятини олиб бориш учун ҳатто ҳарбий техника ва вертолёт, қуролланган аскарлар ҳам бириктириб қўйилди. Шундан сўнг улар Ўзбекистонда мисли кўрилмаган зўравонликдан иборат фаолиятини бошлаб юборишди. 


– СССР прокуратураси раҳбарлари тергов гуруҳига нима учун айнан Гдлян билан Ивановни раҳбар этиб тайинлашган? Нима, улар "Қилни қирқ ёриб", оқни оққа, қорани қорага ажарата олишнинг уддасидан чиқадиган фавқулодда истеъдодли, тажрибали терговчилар эдими? 


– Бу саволингизга СССР прокуратураси бошқарма бошлиғи, генерал Виктор Иванович Илюхиннинг сўзлари билан жавоб бераман. У ўзининг “Қабоҳат ёхуд...” китобида Гдлян ва Иванов СССР прокуратурасига таниш-билиш орқали келиб қолган, малакаси паст, маданиятсиз, хавфли жиноятчи терговчилар эди, деб баҳо берган. Мен бу фикрга юз фоиз қўшиламан. 


Ҳақиқий терговчи ўз фаолиятини қонун талабларидан келиб чиқиб, фақат факт ва далилларга асосланган ҳолда амалга ошириши, айбланувчини ҳам қоралайдиган, ҳам оқлайдиган жиҳатларни адолат тарозисига солиб кўргандан кейингина у ёки бу одам ҳақида узил-кесил хулосага келиши лозим. Гдлян, Иванов ва улар бош бўлган тергов гуруҳи аъзолари ҳам ўз фаолиятини жиноят процессининг ушбу талабларига амал қилган ҳолда олиб бориши шарт ва лозим эди. Аммо улар нақд олти йил мобайнида қонунларни сурбетларча оёқости қилди. У ёки бу одамни ҳибсга олмоқчи бўлса, кимнидир мажбурлаб унинг устидан сохта кўргазма ёздириб олар, сўнг шу кўргазма асосида ўша одам қамоққа олинар, ундан яна бир бошқа кишига нисбатан кўргазма ёздириб олишарди. Ўз муддаоларига эришиш учун гумонланувчиларни ваҳшиёна қийноқларга солиш, хотини, болаларини қамаш йўли билан ёлғон кўрсатмалар ёздириб, юзлаб юртдошларимизни қамашди. Чунки уларнинг иш принципи шундай ноқонуний усул асосига қурилган эди. 


Тергов гуруҳи бирин-кетин Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи генерал Норов ва унинг икки ўринбосари - полковник Шамси Раҳимов, подполковник Владимир Мулин, сўнгра генераллар Х.Норбўтаев, С.Собиров, полковниклар Т. Ҳайитов, И. Позилхонов, М.Алимов ва Ички ишлар вазирлигининг бир қатор раҳбарларини тўқиб чиқарилган айбловлар билан ҳибсга олдилар. 


Бу жараён бутун республика бўйлаб давом эттирилди. 


1984 йилда Ўзбекистон учун яна бир кўнгилсиз воқеа юз берди. Шу йили Ўзбекистон Марказқўмининг 16-пленуми бўлиб ўтди. 


Ушбу пленум Ўзбекистон Марказқўми ходимлари эмас, бошдан-оёқ КПСС МК котиби, сиёсий бюро аъзоси Е.Лигачев бошчилигида у билан бирга марказдан келган ходимлар томонидан тайёрланган. Ўзбекистонни қора бўёққа бўяб ташлаган Марказқўм биринчи котибининг маърузаси ҳам улар томонидан ёзилган ва биринчи котибга минбарга чиқиб, маърузани фақат ўқиб бериш вазифаси юкланган, холос. Маърузада пахта етиштириш ва давлатга топширишда кадрлар қатъиятсизлик қилгани, қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани алоҳида таъкидланди. Ваҳоланки, ўша пайтларда Ўзбекистон аҳолисининг 65 фоизи фақат пахта етиштириш билан шуғулланар, миллионлаб одамлар – мактаб ўқувчилари, студентлар марказнинг топшириғи билан декабрь, ҳатто январь ойларида ҳам мажбурий пахта териш билан деярли текинга шуғулланишарди. Йиғиб олинган ҳосил эса паст нархларда марказга жўнатиларди. Дунёда ҳеч бир халқ мана шундай оғир шароитда ишлашга мажбур қилинмаган. Ўн олтинчи пленум материалларида бу ҳолат мутлақо инобатга олинмади. Бу эса ўта адолатсизлик эди. 


Маърузада Ўзбекистон МҚ фаолияти қониқарсиз деб топилди ва марказдан Ўзбекистонга кадрлар борасида ёрдам сўралди ва шу ҳақда тегишли қарор қабул қилинди. Шундан кейин Ўзбекистонда минглаб маҳаллий кадрлар ишдан бўшатилди. Шароф Рашидовдек улуғ инсоннинг юзига қора чапланди. Нўъмон Бўрихўжаев, Виталий Зотов, Убайдулла Шодиев каби Ўзбекистон прокуратурасининг етук салоҳиятли раҳбар кадрлари ишдан ноҳақ бўшатилди ёки лавозими пасайтирилди. Ваҳоланки, бу инсонлар ниҳоятда покиза, ҳақиқий профессонал юристлар бўлиб, ўзига хос ҳуқуқий мактаб яратишганди. 


Яна кўплаб миллий кадрларимиз тўқиб чиқарилган айблар билан узоқ муддатларга қамоққа ташланди. 


Шундан сўнг республикамиздаги турли раҳбарлик лавозимларига марказдан кадрлар кела бошлади. Масалан, Марказқўм иккинчи котиби этиб Анишчев, Министрлар Совети раиси ўринбосари этиб Огарок, Олий Совет раисининг ўринбосари лавозимига Романовский тайинланди, Тошкент шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби этиб Сатин сайланди. Республика прокурори Бутурлин, унинг ўринбосарлигига Гайданов, тергов бўлими бошлиқлигига Лаптев, ички ишлар вазирига биринчи ўринбосар бўлиб Дидоренко келди. Барча вилоятларда обкомнинг иккинчи котиби, вилоят прокурорларининг кўпчилиги, вилоят суди раислари ўринбосарларининг барчаси марказдан келганлардан қўйилди. 


Бир сўз билан айтганда, улар ҳукмронликни тўла қўлга олиб, юртимизда “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деган тўқима ишлар бўйича қатағонни авж олдирди. 


Гдлян ва Иванов учун бу ҳолат айни муддао бўлди. Энди улар нимани хоҳласа, шуни бемалол қилаверадиган бўлди. Гдлян ва Ивановнинг тергов гуруҳи фақат юқори лавозимда ишлаган шахсларга нисбатан тергов олиб борган, улардан иқрорлик кўргазмасини олиш учун юзлаб қариндошлари, қўшнилари, ҳатто танишлари қамоққа ташланиб, қийноққа тортилган. Уларга тегишли ҳужжатларнинг кўпи жиноят ишларига қўшилмасдан, яшириб қўйилган. Бу ҳужжатларнинг фақат бир қисмигина кейин топилган. 


Марказқўмнинг ўн олтинчи пленумидан кейин Ўзбекистонда раҳбар бўлиб ишлаганларни тўқиб чиқарилган айбловлар билан қамаш оммавий тус олди. Республика Министрлар Советининг раиси Нормаҳамад Худойбердиев, Марказқўм котиби, сўнг Ўзбекистон Олий Совети президиуми раиси бўлган Оқил Салимов, Министрлар Совети раисининг ўринбосари Бектош Раҳимов, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Худойберганов, Навоий вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Валерий Есин, Ўзбекистон Пахта саноат вазири Ваҳобжон Усмонов, Бухоро вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби И.Жабборов, Марказқўм иккинчи котиби Тимофей Осетров, Марказқўм биринчи котиби Иномжон Усмонхўжаев, Марказқўм котиби Эрежеб Айтмуротов, Марказқўм ишлар бошқармаси бошлиғи Турсун Умаров, Қорақалпоғистоннинг биринчи котиби Қаллибек Камолов, Тошкент вилоят обкомининг биринчи котиби Мирзамаҳмуд Мусахонов, Самарқанд вилоят обкомининг биринчи котиби Назир Ражабов, ички ишлар вазирининг ўринбосарлари Қаҳрамон Тоштемиров, Петр Бегельман, Ёқуб Муҳаммаджонов ва бошқалар ҳибсга олиндилар. 


Гдлянчилар томонидан содир этилган фуқароларнинг қонуний ҳуқуқини қасддан поймол қилиш, ҳақоратлаш, хўрлаш, жисмоний ва руҳий қийноқлар оқибатида баъзилар ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлди. 


Пискент тумани партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби У.Баҳодиров, милиция полковниги Хожимуродов тергов пайтида ўз жонига қасд қилдилар. Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Р.Ғойибов Гдлян бошлиқ терговчилар қамоққа олиш учун уйига келганида ўзини ўзи ҳалок этади. 1984 йил 15 августда собиқ ички ишлар вазири Қ.Эргашев, 1985 йил 16 майда ички ишлар вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Г.Давидов ҳам гдлянчилар қўлига тушгандан кўра, ўлимни афзал кўришди. Иккинчи жаҳон урушида фашистларга қарши мардонавор курашган, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги йирик агросаноат мажмуаси директори, меҳнат қаҳрамони Бобомурод Омонов эса тергов ҳибсхонасида соғлиғи кескин ёмонлашиб вафот этди. Бундай фожиали тақдирлар рўйхатини, афсуски, яна узоқ давом эттириш мумкин. Ушбу фожиалар туфайли юзлаб ўзбек оилаларига оғир мусибат етди. 


Кенг ваколатга эга бўлган бу тергов гуруҳи ҳибсга олинган айбланувчиларга нисбатан терговнинг ман қилинган усулларини қўллар, уларни ашаддий каллакесарлар билан бир камерага ўтқазиш, отувга ҳукм қилиш билан қўрқитиш, хотини, қизи, ўғилларини ҳибсга олиш, жисмоний-руҳий қийнаш ва ҳоказолар орқали иқрорлик кўргазмасини олиш оммавий тус олди. Гдлянчилар айбланувчилар юзига тупуриб таҳқирлаган, “пешонангга зелёнка суриб қўяман” (отувга ҳукм қилинасан дегани), "ўзбекларни дорга осиш керак", деб дўқ урган ва ҳоказо. 


Навоий вилояти ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган Т.Ҳаитов (кейинчалик оқланган) ҳибсга олинганидан кейин, биринчи сўроқ пайтида Иванов унга иккита қоғоз кўрсатган. Биринчи қоғозда ўн олти нафар ички ишлар ходимининг исми ёзилган бўлса, иккинчи қоғозда республика партия ва давлат арбоблари, ҳатто собиқ СССР Ички ишлар вазирлиги раҳбари Чурбанов, шунингдек, Усмонхўжаев, Есин, Жабборов, Осетров, Ибрагимов, Муҳаммадиев, Султонов, Кретов, Харкевич, Қаҳрамонов ва бошқаларнинг номлари қайд қилинган эди. Иванов ундан ўн олти нафар ходимдан 53000 сўм пора олиб юқорида номлари кўрсатилган раҳбарларга берганман, деган иқрорлик кўргазмаси беришни талаб қилган. Т.Ҳаитов бундай кўргазма беришдан бош тортгандан сўнг иккинчи сўроқ пайтида уни деразанинг олдига олиб бориб, КГБ биносининг рўпарасида турган хотини ва қизини кўрсатади ва иқрорлик кўргазмасини бермасанг хотининг ва болаларингни ҳибсга оламан, деб айтади. Икки кундан кейин Иванов унга ўғли Маҳмуд ҳибсга олингани тўғрисидаги қарорни кўрсатади. 


Гдляннинг кўрсатмаси билан Бухоро вилояти обкомининг биринчи котиби А.Каримовнинг иши бўйича унинг яқинлари ва танишларидан яна 50-60 киши, хусусан, Камол, Анора, Муҳиддин Саидовлар, Маҳмуджон Камолов, ўғли Баҳодир ва қизи ТошДУ ҳуқуқшунослик факультети битирувчиси, 22 ёшли Лола Каримова ҳам ҳибсга олинган. Каримовнинг хотини, ўғли ва қизи Бухородан Душанбе шаҳрига жўнатилиб, у ердаги тергов изоляторида 8 ойдан зиёдроқ ўтирган. 


Усмонхўжаев иши бўйича унинг ўзидан ташқари яна 30-40 киши ҳибсга олинган. Усмонхўжаевнинг хотини, ўғли Ғайрат, икки нафар синглиси – Фазилатхон ва Каналхонлар 6 ойлаб ҳибсда сақланган. Тошкент вилояти обкомининг собиқ биринчи котиби М.Мусахонов иши бўйича ҳам фарзандлари ТошДУ кафедра мудири, физика-математика фанлар доктори Мирзаюсуф Мусахонов ҳамда икки қизи – Сожида ва Нафиса Мусахонова ҳам ҳибсга олинган эди. Қ.Камолов ва Т.Жуманиёзовлар иши бўйича 50-60 нафар қариндош ва танишлар ҳибсга олинган. Примов иши бўйича тўрт нафар, соғлиқни сақлаш вазири А.Худойберганов иши бўйича ўнлаб қариндошлари қамоққа олинган ва қийноққа солинган. 


Хоразм вилояти партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби М.Худойберганов иши бўйича ўнлаб айбсиз одамлар, хусусан, ўғли К.Худойберганов, хотини Н.Худойберганова, қариндоши Ю.Рўзимов ҳибсга олиниб, 9 ойга қадар қамоқда сақланган. 


Р.Ғойиповнинг айбсиз икки ўғли судгача 4-6 йил қамоқда сақланган. Бу иш бўйича кўплаб айби йўқ инсонлар қамоққа ташланган ва қийноққа солинган. 


Гдляннинг бевосита кўрсатмасига кўра, 9 фарзанднинг онаси Поша Олимова, 11 нафар фарзанднинг онаси Бибизода Долиева, 12 фарзанднинг онаси Анора Саидова ҳам ҳибсга олинган ва улар устидан турмуш ўртоқларининг бойликларини гўё яширган, деган ноқонуний айбловлар билан жиноят иши қўзғатилган. 


Ҳибсга олинган аёллар, ўғил-қизларнинг барчасидан отаси, қариндоши ёки қандайдир таниши томонидан гўё сақлаш учун берилган пул ва бошқа қимматликларни топшириш талаб қилинган. 


Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида гувоҳларни тунда чақириш ва сўроқ қилиш ман қилинган, лекин тергов гуруҳи ва Гдляннинг шахсан ўзи қонун талабига хилоф равишда гувоҳларни тунда сўроқ қилиш билан шуғулланган. Бунга 1957 йилда туғилган Зиёда Камоловани мисол қилиб келтириш мумкин. Зиёда Камолованинг эмизикли боласи бор, декрет таътилига чиққан. Терговчи Ибрагимов уни 1988 йил 2 июнь куни соат 24. 00 да чақириб, эртасига - 1988 йил 3 июнь соат 14 00 га қадар сўроқ қилган. Бу вақтда Зиёда Камолованинг онаси, эри, қайнонаси ҳибсда бўлган. Уларнинг ҳаракатида ҳам жиноят таркиби бўлмаган. 


Беруний район партия комитети котиби О.Ражабов иши бўйича 54 нафар яқин қариндоши, қўшниси ва танишлари асоссиз қамоқда сақланиб қийноққа солинган. Уларнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги ҳужжатлар эса ишга тикилмаган. 


“СССР халқ депутатлари мақоми тўғрисида”ги қонунда депутатларни Совет ва уларнинг ижроқўми розилигисиз ушлаш ва ҳибсга олиш мумкин эмаслиги кўрсатилган. Бироқ терговчилар қонуннинг бу талабини бир эмас, бир неча марта бузишган. Масалан, Гдляннинг қарори билан “Правда” колхозининг бош муҳандиси Шарифбой Ражабов депутат бўлишига қарамасдан, 1987 йил 30 ноябрда қамоққа олинган. Уни қамоққа олиш учун розилик олинмаган. У ўзининг депутатлигини терговчиларга айтса-да, терговчилар инобатга олишмаган. Кейинчалик Ражабовнинг иши жиноят таркиби бўлмагани учун бекор қилинган. 


Гдлян билан Иванов марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда гўё жиноятчи тўдаларни фош қилганлари ҳақида миллий шаънимизни таҳқирловчи “Ўзбекларнинг ҳаммаси порахўр”, “Ўзбекистон биз учун Шарқий фронт”, “Ўзбекистон Ўрта Осиё Чернобили” деган сўзлар билан жуда катта шов-шув кўтара бошладилар. Ушбу тергов гуруҳи ҳибсга олинган айбланувчиларга нисбатан қонунни ғараз ниятлар билан олти йил мобайнида бешафқат, сурбетларча оёқости қилдилар. Улар қуролланган аскарлар билан ҳарбий вертолётларда олис қишлоқларгача бориб, одамларнинг бор-будини талаб, зўравонлик қилишган. Қийноққа солинганларнинг кўпчилиги қариндош-уруғларидан, танишларидан қарз олиб, пулни терговчиларга келтириб беришга мажбур бўлишган. Терговчилар эса қанча кўп пул олиб келсангиз, қариндошингизни шунча тез қамоқдан чиқариб юборамиз, деб алдаган. 


Ўша йилларда КПСС ва Ўзбекистон Марказий Қўмиталарига, турли идораларга оддий одамлардан шикоят аризалари оқими тинмай кела бошлади. Судлар чиқарган ҳукмдан норозилик, асоссиз қамоққа олиниб, мол-мулки талон-торож қилинган, тергов жараёнида қийноққа солинган, зўравонликка учраганларнинг дод-фарёди акс этганди бу мурожаатларда. 


30-йилларда Ягода ва Ежов сингари жиноятчилар инсониятга қарши жиноят содир этгани учун СССР тарихида жаллод сифатида ном чиқарган эдилар. Шулар ва шу кабиларнинг айби билан халқимизнинг асл фарзандлари, давлат арбоблари Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, буюк ёзувчи Абдулла Қодирий, ёрқин истеъдод эгаси, шоир Усмон Носир ва бошқалар қатағон қилинди. 


Маълумки, бу оғир жиноятлари учун Ягода ва Ежов қилмишига яраша ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳукмлар адолатли эди.

(Манба: UzA сайти)

Шоҳруҳ АКБАРОВ суҳбатлашди


Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page