Бизнес план :)

Бизнес план :)

Фируз Аллаев

Тамара бувини ёши ўтиб қолган, соғлиғи билан муаммолар анчадан бери қийнайди. Бу сафар муаммолар жиддий шекилли, Санкт Петербургда ўқийдиган невараси Иринани чақириб олишга мажбур бўлди. 18 ёшли Ирина ҳамма ишини четга суриб қўйдида, бувисини хизматига шошилди.


Тамара буви Москва шаҳридан 30 км наридаги қишлоқда, урушдан олдин қурилган ёғоч уйда яшайди. Кичкинагина полиз экинлари учун майдон, қудуқ ва бир вақтлар бобоси ёғоч, Москвичнинг эски балонларини сақлаган айвондан иборат ҳовли жуда ачинарли ҳолатда. Буларнинг ҳаммаси одамда рахм-шавқат ва ғамгинлик ҳиссини уйғотар эди. Қачонлардир, ҳали болалигида ёзги таътилга Ирина бу ерларга келганда, бобоси тирик эди. Ҳовлида курка, ўрдак, ҳатто эчки боқишар эди. Бу сафар уй худди даволаб бўлмас касалликка чалинган бемордек бўм-бўш ва шавқатсиз кўринди. Тириклардан уйда фақат Тамара буви ва Тимур яшарди. Тимур ким дейсизми? Тимур кўринишидан бўрига ўхшаб кетадиган ҳайбатли ит. Уни кўрган одам, бўрига дуч келдим деб ўйларди.


Тамара буви неварасини кутиб олгани чиқди. У қанчалик ўзини тетик қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмасин, касалманд ва қариб қолганлиги кўриниб турарди. Ҳатто Тимур олдингидек ҳайбатли туйилмас, оддий қари бўрига ўхшаб қолганди. Бир вақтлар унинг биргина қарашидан ҳамма қўрқар, у гўёки уйни хўжайини эди, Тамара буви ва унинг чоли аслида у ҳовлида Тимурга овқат бериш учун яшайдигандек эди.


Ирина бувисини соғлиғига ачинди ва чин кўнгилдан бувисига қарашишга аҳд қилди. У уйларидан бир километрлар наридаги магазинга бориб бувиси учун керакли дорилар ва турли хил ширинликлар сотиб олди. Бувисига малиналик чой дамлаб бериб, бувисини ётқизиб, уйни йиғиштира бошлади. Ишни ахлат ва муддати ўтиб кетган озиқ-овқат маҳсулотларини чиқариб ташлашдан бошлади.


Бувиси ун чиқарди:

- Ирина, нон, нонни қаёққа олиб кетдинг?

- Бувижон, нон эскириб кетган. Кўкариб қолибди, аллақачон.

- Кўкарган бўлса нима бўлибди? Кўкарган жойини озгина кесиб ташлайсан, еса бўлади.

- Бувижон, магазинга тез-тез бориб турасизми?

- Ёзда ҳар икки ҳафтада бир бораман. Ҳаво яхши бўлса, баъзида ҳар ҳафта бораман. Уйда аравача бор, ўшани ғизиллатиб бориб келаман. Йўлда чарчаб қолсам, аравачага ўтириб оламан, бироз дам олиб, йўлда давом этаман. Бу сафар баҳор келди деб ўйлаб, оддий юбкада кўчага чиқимман. Натижада нам тортиб, шамоллаб қолдим. Қишда бунақа узоқ йўлдан қўрқаман. Бир ойда бир бормасам, бормайман. Ҳар кун магазинга қатнаш учун пенсиям ҳам етмайди.

- Буви, кимдир уйга меҳмонга ҳам келиб турадими?

- Баъзида келишади.

- Ким, Лёна холами?

- Хабаринг йўқми, Лёна ўлганига икки йил бўлди. Жойи жаннатда бўлсин.

- Ҳа, унда ким келади?

- Ким? Яна ким? Ҳеч ким. Ким меникига келиб туриши керак? Қари кампир ва уни қари бўриси кимга керак?

- Буви, бунақа нолиб тургандан кўра, нимадир бизнес план тузиб, вазиятдан чиқиш керак.

- Нима план?

- Бизнес план. Ман Университетда шу соҳада ўқийман. Фараз қилинг, ҳар бир одам нимадир бизнес ўйлаб топиб йўлга қўйиши мумкин. Энг муҳими бизнес план тузиб олиш.

- Ирина, мани аҳволимни кўриб турибсан, манга қанақа бизнес план?! Ман саксонга кирдим, эртам бугунимдан яқин, оёғимни чўзворсам, ҳеч бўлмаса Тимурга қараб турарсан.

- Унақа деманг, балки нимадир сотишга ҳаракат қилиб кўрармиз. Панжаранинг нариги томонида трасса ўтган, шундоқ олдимизда автобус бекати бор.

- Нимани сотаман? Ўзимними?


Кунлар ўтаверди, қари кампир аста-секинлик билан оёққа тура бошлади. Невара бўлса эртадан кечгача уйни ва атрофни кузатиб бувиси учун бизнес план тузиш ҳақида ўйлаб юрарди. Бир куни эрта тонг олтида Иринани қари ит Тимурни хиралаши уйғотиб юборди. Тимур вовиллашни билмайди, лекин бўрига ўхшаб хириллашни ўхшатиб қўяди.


Ирина ойнадан қараб туриб, панжарадан кўчага қараб хириллаётган Тимурни кўрди. Тамара буви одатдагидек эрта уйғонган, радиприемник олдидан кетмас эди.


- Буви, у кимга бунақа жаҳл қиляпти?


- Одамлар ишга кетишяптию.


- Қанақа ишга?


- Ман қаердан билардим қанақа ишлигини? Хоҳлаган ишга, ҳар кимда ўзини иши бору. Уйимиз олдидаги бекатгача келишади, машрутка ёки автобусга ўтириб Москвага ишга кетишади. Кечки пайт ишдан қайтишади яна.


Ирина ўйлаб қолди:


- Бу одамлар қаердан келишяпти?


- Қаердан бўларди, атрофдаги қишлоқларнинг одамлари. Кўлни орқасидаги уйларни биласанми, баъзилари ҳатто ўша ердан келишади. Пиёда бир соатларда етиб келишади бекатгача. Бошқа нима ҳам қилишарди?! Оилани боқиш керак. Манда ҳали ҳам яхши, оз бўлсада пенсиям бор. Бечора одамлар ҳар куни Москвага қатнашади. Қишлоғимизда ҳеч қанақа иш йўқ, шунақа қилмасанг оч қоласан.


Кечгача Ирина ҳеч ким билан гаплашмади, на бувиси билан, на Тимур билан. Кечда бирданига хурсанд бўлиб қичқириб юборди:


- Бувижон, бувижон, турақол. Эслайсанми, болалигимда расм чизардим. Ўша рангли қаламлар ҳозир ҳам борми?


Бувиси ҳайрон бўлиб, бир нечта ранглик қаламлар ва қуриб қолган фломастер топиб берди. Ирина бутун тун ухламасдан, ишлаб чиқди. Эрталабга рангли реклама қоғозлари тайёр бўлди. Эрталаб бўлса, ҳатто нонушта қилмасдан елимни олиб кўчага чиқиб кетди.


У кўл орқасидаги қишлоқдан бошлаб то уйларигача реклама қоғозларини ёпиштириб чиқди:


“Ҳурматли қўшнилар! Сиз ўз велосипедингизни, кўчамиз бошидаги 2-рақамли уйда қолдиришингиз мумкин. Бекат олдидаги яшир панжарали уй. Тамара холанинг уйи деб сўранг. Велосипедларингизни итимиз қўриқлаб туради. Нархи жуда арзон, сизга ёқади деган умиддамиз!“


Орадан уч кун ўтди. Тамара Павловна хурсанд, ҳатто ўлиш ҳақида ҳам ўйламай қўйди. Велосипедни қолдиришга жой топган одамлар энди бекатгача велосипедда келадиган бўлишди. тамара хола одамларга юмшоқ муомалада бўлиб, тез хизмат кўрсатади. Ҳовлидан бегона велосипед билан ҳеч кимни кетгани қўймайди. Ҳатто тажриба ҳам ўтказиб кўришди. Қари ит ҳаммани ҳиди орқали танийди ва ҳеч кимни ўзига мос келмаган ҳиддаги велосипед билан кетгани қўймайди. Ҳар қанақа штрих коддан ҳам ишончли.


Бутун қишлоқ Тамара холани яхши кўриб қолди. Энди у инсонлар учун қимматли нарсани иқтисод қиларди, уйқу вақтини. Кимдир энди қирқ минут, кимдир икки соат вақт тежарди. Велосипедда бекатгача етиб олиш пиёда лойда бекатгача етиб келишдан анча осон эди. Талабалар ва ёшлар Тамара бувига ойида 300 рублдан тўлашарди. Тожик иммигрантлари қудуқни тозалаб, ҳатто томни ҳам ремонт қилиб, антеннани тўғрилаб беришди. Кимдир нон олиб келган, кимдир тухум, кимдир бўлса тўлов ўрнига тоза сут берган. Кимдир ҳатто Тамара хола учун магазинга ҳам бориб келади.


Иш баҳор ойларидан биринчи қоргача давом этади. Ҳатто қишда ҳам баъзида чана ва мотоцикл қолдиришади.


Бизнес соатдек юришиб кетди.


Фақатгина бир марта кичкинагина муаммо бўлди. Бир марта бир киши велосипедини олиб кета туриб, Тимурни бошини силамоқчи бўлди. Тимур бўлса уни қўлини тишлаб олди. Бу худди банкда ўз пулини олаётган одам банкирни бошини силаб қўяётгандек гап.


Хуллас, Тамара холани ҳаётига мазмун кирди, энди одамлар билан доим алоқада. Одамлар ҳам хурсанд.


Қиссадан ҳисса:


- Бизнес бошлашга ҳеч қачон кеч эмас


- Ҳақиқий тадбиркор одамларнинг ўзлари ҳам сезмаган эҳтиёжларини кўра билиши керак


- Бизнес доим мижозга йўналтирилган бўлиши, у мижознинг кундалик ҳаётини осонлаштириши ёки нимадир муаммосини ечиши керак.


- Керакли вазиятда яратилган ва тўғри ишлайдиган бизнес ҳар қаерда ҳам даромад олиб келади.


- Баъзида бизнесни ақлни ишлатиб, бор имкониятлардан келиб чиқиб, катта капиталсиз ҳам бошласа бўлади.


Телеграм каналимга марҳамат:

https://t.me/joinchat/AAAAAEbGrdiGK4oLH-kULA


Report Page