Ёнғин ўчириш автомобили ёнғин жойига сувсиз келганлиги ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади

Ёнғин ўчириш автомобили ёнғин жойига сувсиз келганлиги ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади

Buxoro.uz

Бугун, 26 декабрь куни соат 14:22да Бухоро вилоят Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси куч воситаларни бошқариш маркази диспетчерлик хизматига Бухоро шаҳар Алпомиш кўчаси 23-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушди. Хабар тушган манзилга 1-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмидан 2 та ёнғин ўчириш автомобили жалб этилди. Ёнғин содир бўлган манзилга 4 км масофадан соат 14:26да (4 дақиқа ичида) ёнғин ўчириш бўлинмалари етиб борди. Ёнғин содир бўлган уйнинг 12 м2 майдонда уй жиҳозлари ёниб, шифт қисми қорайган. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 50 м2 майдон сақлаб қолинган. Ёнғин юқоридаги манзил бўйича хонадонда ўрнатилган 1 дона электр розеткасига 2 та маиший техника (сув қайнатгич ва иситиш печи) воситаси уланганлиги оқибатида қисқа туташув содир бўлганлиги натижасида келиб чиққан. Ёнғиннинг тарқалишига розетка остида тез ёнувчи жиҳозларни тўпланганлиги сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар томонидан ёнғин ўчириш автомобили ёнғин жойига сувсиз келганлиги ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади. Ёнғин ўчириш автомобиллари воқеа жойига 14:26 да жанговар экипаж ва ёнғин ўчириш воситалари билан тўлиқ таъминланган ҳолда борган. Жумладан, 1 дона АЦ-40 63Б русумли автомашинаси бинонинг олд қисмидан ёнғин ўчиришга жалб қилинган ва “Исузу” ёнғин ўчириш автомобили бинонинг орқа томонидан захира ҳолда жойлаштирилган. Фуқаролар томонидан видеотасвирга олиниб, сувсиз ҳолда келди, деб тасвирланган “Исузу” русумли ёнғин ўчириш автомашинаси захира учун жойлаштирилган. Ёнғин содир бўлган ҳудуд 14:35да ўраб олинган ҳамда 15:00да батамом ўчирилган. Ёнғин натижасида куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Бухоро вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизмати

Report Page