Азон

Азон

@islomning_buyuklari

Азоннинг жорий бўлиши ва ҳикмати


Мусулмонлар Мадинаи мунавварага келганларида, ҳали азон айтиш жорий бўлмаганди. Бу эса уларга намоз вақтларини билишда қийинчилик туғдирар эди. Гоҳ эрта келиб, намозни узоқ вақт кутишга мажбур бўлишарди, натижада баъзи ишларини бажаришга улгура олишмасди. Гоҳида эса ўзларининг ишлари билан машғул бўлиб, жамоат билан намоз ўқиш шарафидан маҳрум бўлиб қолишарди. Бу ҳар икки ҳолат ҳам уларни ташвишга қўярди. Бир куни улар бу ҳақда маслаҳатлашиб, баъзилари пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз вақти кирганда байроқ тиклаб қўйишни таклиф қилишди, байроқни кўрган мусулмонлар намоз вақти бўлганлигини билиб, намозга келаверишини айтишди. Бу фикр пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул келмади. Баъзилари эса насронийлар каби қўнғироқ чалишни маслаҳат беришди. Бу ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмади. Яна баъзилари яҳудийларнинг дуди каби дуд, яъни карнай чалинса, мусулмонлар унинг овозини эшитиб намозга келишади, дейишди. Бунисига ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хайрихоҳ бўлмадилар. Чунки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий ва насронийларнинг ваҳийга таянмасдан қилган ишларида уларга мувофиқ келишни истамасдилар. Саҳобалар бир қарорга кела олмасдан тарқалиб кетдилар. Абдуллоҳ Ибн Зайд ансорий розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ташвишларига шерик бўлди. Унга тушида азон кўрсатилди. У киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб кўрган тушларини айтиб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ сенга яхшиликни кўрсатибди”, деб қабул қилдилар ва Билол розияллоҳу анҳуга “Эй Билол, тур, намозга чақир”, дедилар. Яъни, инсонлар эшитишлари учун баланд жойга чиқ, Абдуллоҳ ибн Зайднинг айтганларига қулоқ сол ва у билан одамларни намозга чақириб азон айтгин, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтиш учун баланд, узоқроққа етадиган, ёқимли, жозибали ва эштувчини ўзига жалб қила оладиган овоз соҳиби бўлган Билол розияллоҳу анҳуни танладилар. Шу билан бирга, Билол розияллоҳу анҳу Исломдан қайтарилиб, диндан чиқиши учун азобланаётган чоғида иймонда собит туриб, тавҳидни ифодаловчи “Аҳад, Аҳад” калималарини айтиб турганлар, айнан шунинг мукофоти тариқасида тавҳид билан бошланиб, тавҳид билан якунланадиган азонни айтиш ва илк муаззинлик қилиш шарафига муяссар бўлдилар.

Билол розияллоҳу анҳунинг намозга чақириб азон айтаётганларини эшитган Умар розияллоҳу анҳу ридоларини судраб чиқиб, шошилганча пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, эй Аллоҳнинг расули, у кўрганни мен ҳам кўрдим”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ваҳий сендан ўзиб кетди”, дедилар.

Яъни, азон туш билан эмас, балки ваҳий билан собит бўлганди. Аммо бу кўрилган тушлар ваҳий билан бирга содир бўлганди.

Азон саҳиҳ қавлга кўра ҳижратнинг биринчи йили жорий бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йили жорий бўлган деганлар ҳам бор.

Азоннинг ҳикмати: Эшитиш ва таъаммул қилишга азондан кўра ҳақлироқ калималар бўлмаса керак. Муаззиндан кўра ҳидоятга чақирувчироқ даъватчи бўлмаса керак. Борлиқда баланд янграгувчи бу калималар бизга Аллоҳни ва Унинг ҳаққини эслатади. Бу калималар бизга бу ҳаётга нима сабабдан келганимизни ва қайси амалларни бажариш учун яратилганимизни эслатади.

Бу калималар Одам боласини тўғри йўлни топишликка ва ана шу йўлда собит туришга, шунингдек эгри йўлдан эҳтиёт бўлиб, ундан узоқда бўлишга чақиради.

Муаззин “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб таъкидлаб айтган чоғда, инсонга: “Ўз нафсинг атрофида айланиб юравермай, сени тарбиялаган, сени етук қилиб яратган буюк Роббингни эслагин, барча ҳаракату-саканотларингда Уни қасд қилгин, шунда У Зот вақтинг ва ҳаракатингда сенга барака беради”, деб айтаётган бўлади. “Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз” (Шууро сураси, 20-оят).

Муаззин “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ”деб такрорлаб айтаётганда инсонга: “Эй инсон, Аллоҳдан ўзга “илоҳ”дан қўрқмагин, барча ишлар Унинг ёлғиз Ўзига қайтувчи ва Унинг Ўзигина ишларни ҳал қилувчидир. Унинг ҳукмини эса ҳеч ким рад қила олмас. У ман қилган нарсани бера оладиган, У берган нарсани эса ман қила оладиган бирор кимса йўқ. Қадрли нафсингни кўтар, қаддингни ростлаб бошингни тик тут, “Роббим Аллоҳ, У ҳар нарсага қодир, Ундан ўзга илоҳни билмайман”, деб Аллоҳгагина сажда қилгин. Ана шундай қилсанг Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга тиз чўкмайсан, ҳеч кимдан қўрқмайсан, ҳеч кимга тобе бўлмайсан!”, деб айтаётган бўлади. “Aлбaттa, Роббимиз – Aллoҳ”, - дeб, сўнгрa (тўғри йўлдa) устивoр бўлгaн зoтлaр учун xaвф йўқдир вa улaр қaйғу ҳaм чeкмaслaр” (Аҳқоф сураси, 13-оят).

Муаззин “Ашҳаду анна Муҳаммадар-росулуллооҳ” деб такрорлаб айтаётган чоғида, иймон, тақво, ахлоқ ва истиқоматда барчага гўзал намуна бўлган ёлғиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлигини эълон қилиб, иқтидо қилишга ва унинг изидан эргашиб боришга лойиқ бўлган комил инсоннинг суратини гавдалантиради. “Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Муаззин “Ҳайя ъалас солааҳ” деб такрор айтаётган чоғида, инсонни Роббисининг ҳузурида Уни ҳамд билан поклашга ва Ундан савобларни кўпайтириб олишга тарғиб қилиб, эътиқодда бир бўлган мусулмон биродарлари билан жамоат намозида бир сафда жамланиш ва Аллоҳ учун дўст бўлиш шарафига муяссар бўлишга чақираётган бўлади. Муаззин беш вақт азон айтганда бизга ушбу оятни эслатиб қўяди: “Тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтингиз! Осмонлар ва Ердаги (айтилаётган барча) ҳамд Унга хосдир. Кечки пайтда ҳам, қуёш заволи пайтига киришингизда ҳам (Унга тасбеҳ айтингиз)!” (Рум сураси, 17-18 оятлари). (“Тунга кириш пайтингизда” лафзидан шом ва хуфтон намозлари, “тонгга кириш пайтингизда” лафзидан бомдод намози, “Кечки пайтда ҳам, қуёш заволи пайтига киришингизда ҳам” лафзларидан эса аср ва пешин намозлари ирода қилингандир).

Муаззин “Ҳайя ъалал фалааҳ”ни таъкидлаб икки марта айтаётган чоғида инсонни самарали меҳнат ва нажот берувчи ҳаракатга чорлаган бўлади. Чунки экин экиб ҳосил йиғмаган деҳқонлар қанчадан-қанча! Ҳаракат қилиб, йўлга отланиб мақсадга етмаганлар қанча! Лекин намозхоннинг уринишини Аллоҳ таоло зое қилмас, унинг саъй-ҳаракатини Ўзи тўғри йўлга бошлагай! “Иймoн кeлтиргaн вa сoлиҳ aмaллaрни қилгaн зoтлaр эса (билиб қўйишсинки,) aлбaттa, Биз яxши aмaллaрни қилгaн кишининг мукoфoтини зoе қилмaсмиз” (Каҳф сураси, 30-оят). “Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир” (Ҳаж сураси, 54-оят).

Муаззин яна такрорлаб “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”ни айтган чоғида эса инсонни ўтказаётган қимматли узоқ умри ва ҳаёт машаққатларида ғоятда хушёр бўлишга чорламоқда. Чунки инсон уйидан чиқиб ўзи ва аҳлининг нафақаси, манфаати учун ишига, меҳнати ва касби-корига боради. Муаззиндан эшитаётган такбир жарангги эса уни Роббисини қасд қилишга, ҳар ишида Унинг розилигини топишга чақиради. Инсон қачонки ўз нафсини Роббиси учун тақдим қилса, шунда у ўзини бой, Аллоҳдан ўзга барчадан беҳожат эканини ҳис қилади ва ўзининг имконияти, куч-қудратига ишонади. Аммо ким нафсини ортиқ билиб, уни устун қўйса, Аллоҳни унутса, ўзининг кимлигини ҳам унутади ва натижада мазкур нарсалардан маҳрум бўлади. “Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унуттирди. Ана ўшалар, фосиқдирлар”(Ҳашр сураси, 19-оят).

Муаззин барча бут ва санамларни қулатиш учун азонни тавҳид калимаси “Лаа илааҳа иллаллооҳ”ни баралла айтиш билан якунлайди. Бугунги кунда олам тошдан бўлган бут-санамларга эгилмайди. Лекин мол ва ҳукм дунёсининг тирик санамлари бўлмиш ҳайбатли шахсларга ғоятда фидокорона садоқат кўрсатилмоқда. Подшоҳларнинг подшоҳи бўлмиш Аллоҳ таолодан қўрқиш ўрнига кўпроқ улардан қўрқмоқдалар. “Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга лойиқ зот Аллоҳдир!” (Тавба сураси, 13-оят).

Шунингдек, нафсига қул бўлиб, нафсларини ўзлари учун илоҳ қилиб олмоқдалар. “(Эй, Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ (адаштиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир, (бундан) эслатма олмайсизларми?!” (Жосия сураси, 23-оят).

Азон калималари Аллоҳни танишликка комил йўл ва етук даъватдир. Шунинг учун олов ёндириб нур таратиш, қўнғироқ жаранглатиш ёки карнай чалиш каби нарсалар билан намозга чақирилмайди. Балки намозга фақат азон айтиб чақирилади. Чунки азон билан эришилган натижага ундан бошқа бирорта нарса билан эришиб бўлмайди.

Азон муқаддас динимиз бўлган Ислом динининг шиорларидан бўлгани учун уни тўғри талаффуз қилишимиз лозим бўлади. Унинг калималари фақатгина ердан осмонга чиқадиган оддий калималар эмас, балки осмондан, яъни “малаъул аъло”дан ерга нозил қилинган калималардир. Муаззин азонни гўзал қилиб айтса, унинг даъвати ҳам гўзал бўлади. Уни қанча тўғри айтсак, шунча кўп савобга эришамиз. Аммо унга эътиборсиз қаралса ва нотўғри айтилса, маъноси бузилади ва натижада гуноҳкор бўламиз.

Сидиқметов Қудратуллоҳ тайёрлади

Манба: Azon.uz

Бизнинг каналга қўшилинг:

http://t.me/islomning_buyuklari

Report Page