АЯ

АЯ

@SHE`R SHEHRI
@jahongir_bek

Боёвутнинг йўллари олис,

Кетаяпман, дилда ҳаяжон.

Дарвозамиз олдида ёлғиз,

Ўтирган чиқарсиз, аяжон.

Рости, бу гал кечикдим бироз,

Тушларимга кирди боғ, дала...

Қаёқдандир келади овоз:

"Қайда қолди, бу дайди бола?".


Эгнингизда униққан нимча,

Кўзлар йўлга боқиб туради.

Биламан, то мен келгунимча,

Чироғингиз ёқиқ туради.


Соғинчимнинг гувоҳи ҳар тун,

Тонг ҳар битта шеъримга доя.

Сизни ўйлаб ўтмагай бир кун,

Сизсиз кўнглим яримта, ая.

 

Ютиб борар сершовқин шаҳар,

Ҳеч халоват тополмаяпман.

Тиним билмай то шом-у саҳар,

Битта томни ёполмаяпман.

 

Қувончи бир, ташвиши осмон,

Шаҳар менга торлик қиляпти.

Ая, бугун ёпдингизми нон,

Димоғимга иси келяпти.

 

Ёмон эмас топиш-тутишим,

Қора қозон қайнаб турибди.

Гоҳ номардга тушади ишим,

Гоҳо дўст ҳам айнаб турибди.

 

Биласизми, соғиндим роса,

Хув қизалоқ ялпиз теряпти.

Олиб келай мен ҳам бир коса,

Кўк чучвара егим келяпти.

 

Қаранг, ая, яна беҳосдан,

Сизни ишга қўймоқчи бўлдим.

Ахир...

Ахир, ишонинг ростдан,

Кўк сомсага тўймоқчи бўлдим.

 

Нолисам бўлмайди тақдирдан,

Ортиғини қилмайман талаб.

Хасадгўйдан, ё кўнгли кирдан,

Дуойингиз келяпти асраб.

 

Аммо юрак қилар ғалаён,

Сўз очсам гар дала, қирлардан.

Ўтинчим шу — сизни, аяжон,

Асролмадим хавотирлардан.
© Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ


https://t.me/postdarasmiy

Каналимизга обуна бўлишни унутманг!


































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































































Report Page