АВТОПОРТРЕТ

АВТОПОРТРЕТ

ГУЛЧЕҲРА АСРОНОВА

Ўшанда нимагаям ваъда бердим-а! Тўгаракдаги ўқувчиларга кейинги машғулотга ҳикоя учун шу мавзуни берарканман, ўзим ҳам ёзиб келиб, сўнг уларнинг ҳукмига ҳавола этишимни айтибман. Бу аниқ ўша фаранглар фильмининг таъсири! Яқинда томоша қилганим ушбу киноасарда она тилидан дарс берувчи муаллим шундай усулни қўллаганди. Кейин бирам дардли ҳикоя ёзиб келадики... Ўқисангиз, кўнглингиз ёришиб кетади. Ҳа, ишонинг, дарднинг ҳам ёруғи бўлади. 

Менинг автопортретим... у қандай бўларкин? Қиёфамни сўзлар воситасида чизишга, яъни баён этишга тайёрманми? Нигоҳимдаги аҳволи-руҳиям инъикоси – тубсиз ғуссани тасвирлашга қурбим етармикин? Модомики бу сурат сўзлардан яралар экан, дил оғриқларим манаман деб балқиб чиқса, қандай бўларкин? 

Ижод бу – руҳият кенгликларида кезмоқ, изланмоқ ва топмоқ демак. Шундай экан, бошқа йўли ҳам бўлиши керак... 

... Мана у, тасаввуримдаги Мусаввир. У бугун менинг ролимни ижро этади. Кеча ўқувчиларига “Автопортрет” мавзусида расм чизиб келишларини буюриб, топшириқни ўзи ҳам бажаришига ишонтирган. Эрталабдан алланечук шашти пастроқ, аммо... болаларни алдаёлмайди. 

Рўпарасидаги кўзгуга қаради. Ундан бутун борлиғида паришонлик акс этган рангпар бир аёл қўлида мўйқалам билан ўйчан боқиб турарди. Туйқус хаёлига Кавабата ҳикоясидаги қаҳрамоннинг ғаройиб “кашфиёт”и келди: “Одамлар ўз юзини фақат кўзгуда кўра олади”. У бугун Кёконинг ўша кашфиётини давом эттириб, ўз юзини қоғозда акс эттириши керак.  

Ажабо, у доим суратини чизаётган одамнинг ички оламини равшан кўриб туришни орзу қиларди. Шунда, ўў, шоҳ асар яратган бўларди! Бироқ ҳозир, қаршисидаги инсоннинг зоҳири-ю ботинини ойнадай кўриб турибди-ю... Рассом учун ўз портретини яратиш бунчалик қийин бўлади деб сира ўйламаганди! 

“Ахир бу кўргазма учун ёки буюртма эмас-ку, шунчаки чизиш керак! Вассалом!” – ўйлади у. Худбинона, лекин тўғри ечим. 

Портретнинг қораламаси чошгоҳга яқингина тайёр бўлди. Сарғиш фондаги маҳзун инсон манзараси... Энди буни бўяш керак. Эҳтимол, оқ-қора қолгани маъқулдир? Ёки... бўёқлар ғариб нуқсига ёрқинроқ руҳ бахш этармикин? Мусаввир бу фикрдан суюниб кетди. Шундай бўлақолсин, илло, болалар бундан яхшироғига лойиқ!

 Шу пайт... Мусаввирнинг қўлларига ажиб ҳарорат қуюлгандай бўлди. О, ниҳоят шуурида яна масрур онлар содир бўлмоқда - юрагига гўзаллик бостириб кирди! Ана, бармоқларига сеҳр югурди. Мўйқаламни ажиб назокат ила сурат устидан юрита кетди. Аввал сочларини сал узайтириб, куз шуъласи мисоли қизғиш жилолар берди. Кейин беихтиёр ҳали у, ҳали бу ажинни текислай бошлади. Манглайидаги, кейин кўз атрофидаги чизиқларни ўчирди. Сўнг лаб бурчларини қиттай юқорига буриб, табассумга мойил этди. Юзига андак қизиллик индирди...

Нима қипти сал ёшарса, ҳаммаси ўз қўлида-ку! 

Ана энди қароқларга некбинликни муҳрласа бас. Зотан, инсон зотининг бор шавқи айни шу нуқтада намоён бўлгай!


... Илҳом ташрифидан ғариб устахона ёриша-ёриша нурга ғарқ бўлди, чор томондаги деворлар кенгая-кенгая дунёга туташиб кетди. Қумрилар ҳониш бошлади, сайроғи куйга айланди. Кўнгли қушга айланиб, катта рассом бўлиш орзусида банди бўлгани диққинафас шаҳардан баралла учиб чиқди-да, уни ўз қизидай танийдиган тоғлар томон юксала борди. Чўққилардан ошиб яшил водийлар, сувини симириб улғайгани шўх жилғалар, чинорлари хаёлчан қишлоқ узра қанот қоқди. Кенгликлар, ҳаволар, наволар – РАНГЛАР!!! Ёшлик, Завқ, Муҳаббат!.. Аллоҳ инояти ила буларнинг бари шу тобда биргина қиёфага жо бўлаётганди.

Эшик ғийчиллаб очилди. Мусаввир ҳамон ўзга оламда, жами жунбишдаги туйғуларини бир нигоҳга жамлаш нашидасидан сармаст эди.

 Қадам товушлари унга яқинлашди. Ёнида қизи пайдо бўлди-да, портретга чексиз ҳайрат ила тикилиб қолди.

-Қойил, онажон! – дилрабо овози бутун хонани тўлдириб деди у. – Зўр ўхшатибсиз!

Мусаввирнинг юраги ҳаприқиб кетди. Қиз портретга хиёл энгашиб қаради ва яна гап қотди:

-Айниқса кўзларимни.

-...

Report Page