Avto

Avto

@Jizzax

Жиззахда автозавод қуриш борасида PSA Groupe билан келишмовчилик вужудга келгани маълум қилинди

Жиззах вилоятида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш доирасида «Ўзавтосаноат» ва PSA Groupe ўртасида келишмовчилик вужудга келган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Биз учун нафақат ишлаб чиқариш, балки келажакда салоҳият яратиш ҳам муҳим. Масалан, бир моделни ишлаб чиқариш ва уни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хорижий ва ички бозорни кенгайтириш учун имкониятлар яратиш. Музокаралар жараёнида ушбу нуқтаи назардан келишмовчилик пайдо бўлди», – деди «Ўзавтосаноат» савдодан кейин хизмат кўрсатиш ва бутловчи қисмлар экспорти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсамуқов.

У «Ўзавтосаноат» ўз манфаатларини охиригача ҳимоя қилишга тайёрлигини таъкидлади. Мирсамуқов заводда ишлаб чиқариладиган автомобиллар талабгир, ишлаб чиқариш эса мамлакатга янги технологик ва инженерлик салоҳиятини олиб келиши кераклигини айтди.

«Бу биз учун энг муҳими. Агарда якдил фикрга кела олмасак (PSA Groupe билан – таҳр.), у ҳолда лойиҳа учун янги инвестор топишга уринамиз. Бу масала бўйича вазият йил охиригача маълум бўлади», – деди Мирсамуқов.

Режага кўра, Жиззахдаги Peugeot-Citroen заводи 2018 йил декабрида ишга тушиши керак ва йил охирида дастлабки маҳсулотларини ишлаб чиқариши керак эди. 133 миллион еврога баҳоланган лойиҳа доирасида йилига жами 16 минг дона Peugeot Expert ва Peugeot Boxer автомобиллари йиғилиши лозим эди.

kunUz

Report Page