Жондорда ҳам болажонлар учун шинам ва замонавий мактабгача таълим ташкилотлари очилди

Жондорда ҳам болажонлар учун шинам ва замонавий мактабгача таълим ташкилотлари очилди

Buxoro.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “2019 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида”ги қарорига асосан  Жондор туманида 4 та, 7-, 21-, 25- ва 27-сонли мактабгача таълим ташкилотларида Инвестиция дастури асосида мукаммал реконструкция ва қурилиш ишлари якунига етди. Ўтган 2019 йил бошида туманда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 30 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб туманимизда давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 28 тага, давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилганлари сони  10 тага, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари эса 52 тага етказилди.

Ушот қишлоғида 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти биноси Н.Муродов раҳбарлигидаги “Реал нефт-газ транс” МЧЖ бинокорлари томонидан кенгайтирилиб, 125 ўринга мўлжаллаб қайта қурилди. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 375 миллион  сўм бўлган маскан айни вақтда болажонларни қабул қилишга шай.

Яна бир обод манзил “Қалмоқ” МФЙ Хумин қишлоғида 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфага келтирилди. Бунда Т.Шарипов бошчилигидаги “Музаффар” МЧЖ бинокорларининг ҳиссаси беқиёс. Иншоот бир вақтнинг ўзида 125 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олмоқда. Обеьктнинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 319 миллион сўмни ташкил қилади. Масканда болажонларга таълим-тарбия бериш учун барча шароит ҳозирланган. Машғулот ва спорт заллари талаб даражасида жиҳозланган.

Мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчаларга қамраб олиш борасида туманда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳудудда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 14 минг 166 нафарни ташкил этади. Шундан 7112 нафари ёки 50,2 фоизи таълим-тарбия муассасаларига қамраб олинган. “Дарвеши” МФЙдаги 27-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янги қиёфа касб этиши шу ерлик болажон аҳоли учун айни муддао бўлди.  “Обод Ўлка қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан  125 ўринга мўлжаллаб қурилган лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 375 миллион сўмга тенг.

“Ойтуғди” МФЙ Жўйсафед қишлоғида 21-сон мактабгача таълим ташкилотининг олдинги биноси талаб даражасида бўлмаганлиги сабабли унинг ўрнида янгиси қад ростлади “Садуллаев Рўзимат қурилиш” МЧЖ томонидан 125 нафар болажон ўрнига мўлжалланган масканнинг лойиҳа қиймати 3 миллиард 480 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларининг очилиш маросимлари байрамга айланди. Унда  туман ҳокимлиги мутасаддилари, мактабгача таълим бўлими ходимлари, қурувчи-пудратчи ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари ва ота-оналар иштирок этдилар.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар болажонларимиз камолоти йўлидаги бу эътибор ва ғамхўрликлар давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати  намунаси эканлигини эътироф қилиб, шундай шинам биноларни қуришда бош-қош бўлган мутасаддиларга, бинокорларга маҳалла аҳли номидан ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Жондор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page