Сайлов-2019: депутатликка номзоднинг сайловолди дастури қандай бўлиши керак?

Сайлов-2019: депутатликка номзоднинг сайловолди дастури қандай бўлиши керак?

Buxoro.uz

Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси Марказий Кенгаши ҳамда Бухоро вилояти Кенгаши ҳамкорлигида “Сайлов жараёнларида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини ишлаб чиқиш ва тарғиб этиш” мавзусида  ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда ХДП Марказий Кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашлари масъуллари, вилоят Кенгашига партиядан кўрсатилган номзодлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов  партиядан депутатликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш билан боғлиқ масалага тўхталди.

Таъкидландики, жорий йил 22 декабрида Республика Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўладиган сайловлар илк бор янги Сайлов Кодекси асосида ўтказилади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлиб сайлов кампаниясига киришди. Жараёнда депутатликка номзоднинг фаолият дастури сайловолди ташвиқотининг устувор манбаи саналади. Бу дастурни сайловчиларга кенг тушунтириш эса сайловолди ташвиқотини юритишда муҳим воситадир. Депутатликка номзод сайловчилар олдида, агар унга юксак ишонч билдирилиб, депутатликка сайланса, қандай мақсадларга эришишини баён этиши зарур. Шунингдек, белгиланган мақсадларни қайси йўллар билан амалга оширмоқчи эканини асослаб бериши лозим. Бунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов Кодексида назарда тутилган ҳуқуқий-меъёрий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиши шарт. Депутатликка номзод партия кенгашлари ва унинг бошланғич ташкилотлари, ўзининг ишончли вакиллари воситасида ҳаётий масалаларни белгилаб олмаса, кўпнинг ишончини йўқотиши, эл назаридан қолиши ҳеч гап эмас.

-Семинардан ҳар биримиз ўзимизга тегишли хулосаларни олдик,-дейди депутатликка номзод, “Бухоро Сити” мажмуаси ҳудудидаги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси” ДУК директори Ўткир Наджмиддинов. -Жумладан, мен ўзим сайлов жараёни билан боғлиқ қатор янгиликлардан бохабар бўлдим. Жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда бу мен учун дастуриламалдир. Катта сиёсий жараёнда партиянинг халқимизга янада яқинлашиб, долзарб муаммолар ечимига камарбаста бўлишига ишонаман.

Семинар иккинчи ярмида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулот ўтказдилар. Сайлов округидаги муаммоларни ўрганиш ва уни партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурини шакллантиришда маҳаллий партия ташкилотларининг ўрни билан боғлиқ масалалар ҳақидаги мулоҳазалар билдирилди. Иккинчи гуруҳ эса халқ депутатлари вилоят Кенгашига кўрсатилган номзоднинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш юзасидан тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш мавзусини кенг очиб берди. Якунда ХДПнинг барча бўғинида масъуллар зиммасидаги долзарб вазифалар, бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар хусусида тегишли тавсиялар  берилди. Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Партия фаоллари ва фахрийлари ЎзХДП Марказий Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва ташаккурномалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят Кенгаши ахборот хизмати

Report Page