🍃🍃🌸Anons🌸🍃🍃

🍃🍃🌸Anons🌸🍃🍃

Yangi qissa.

🍃🍃🌸SUBHIDAM.🌸🍃🍃

Kechgi mutolaa uchun.  1.2.3.4 qisimlar.

🔥ДИҚҚАТ, ПРЕМЪЕРА 🔥

СУБҲИДАМ  

-1-

  Янги ўқув йилини қаршилаган 11- "В" синф ўқувчиларини мактаб талай янгиликлари билан қарши олди . 

   Мактабга учта янги ўқитувчи ишга қабул қилинибди. Рус тили ўқитувчиси Роза опа нафақага чиқибдилар, инглиз тили ўқитувчиси Дилбар Соатовна Фарғонага кетибдилар , сабаби эрлари ҳарбий бўлганликлари учун ишлари ўша вилоятга кўчирилган экан. Аммо 11- "В" учун энг муҳими бу эмас эди . Ҳамма гап уларнинг синфига яна бир қанча, яъни 8 нафар ўқувчиларнинг қабул қилинганлигида эди. Ҳайрон бўлманг ! Бунча ўқувчи бирданига четдан келмаган эди . Хуллас таълимнинг айрим қоидаларига мувофиқ туман халқ таълими бўлими қарорига кўра ўтган ўқув йилида мактабни тугаллаган 10- "Г" синф ўқувчилари қолган "А", "Б" ва албатта "В" синфларга бўлиб юборилган эди .

   Мактаб ҳаёти синфларни ўз- ўзидан табақалаштириб қўяди . Барига сабаб ўқувчилар . Уларнинг мактаб фаолиятида тутган ўрнига қараб синфлар "Ижодкорлар" синфи , "Тўпалончилар"синфи , "Спортчилар"синфи каби номинацияларга даъвогарлик қилиб қолишар эди. 11-"В" синфи эса "Иқтидорлилар" синфи эди . 

Тўғри, янги ўқув йилида уларнинг сафига қўшилган ўқувчиларнинг кўпчилигининг ўзлаштириши ҳаминқадар эди, аммо бу аллақачон "Иқтидорлилар" номини олиб бўлган синфнинг обрўсига таъсир кўрсата олмади. 

   "В"- да 34 нафар ўқувчи ичида мактабни олтин медаль билан битиришга даъвогарлар сони 12- нафар эканлигини , уларнинг барчаси турли фан олимпиадалари бўйича вилоят , республика совриндорлари эканлигини айтишнинг ўзиёқ , синфнинг бошқа таърифига изоҳ қолдирмаслиги аниқ эди . Шундай иқтидорли ўқувчилар ичида ... Суюма ажралиб турарди. Бундай бўлишига бир талай сабаблар бор эди ва энг биринчи ўриндагиси унинг Яратган томонидан беҳад гўзал чирой билан сийланганлиги эди .

   Баъзи аёл - қизларга пардоз қилиш , бўяниш умуман ярашмайди. Улар бўянсалар хунук бўлиб кетадилар, сабаби улар табиатан чиройли бўладилар. Сал ишлатилган пардоз ҳам бундайларнинг ҳуснига доғ бўлиб ҳизмат қилади . 

     Суюма шундайлар тоифасидан эди . Оппоқ юзлар, қалдирғоч қанотидек қошлар, серкиприк шаҳло кўзлар , ақиқ лаблар ва шу лабнинг ўнг тарафи устидаги мошдек ҳол . Бир ўрим қилиб орқага ташлаб юриладиган узун сочлар ҳеч қачон шаккок қайчининг дийдорини кўрмаганлиги кундек равшан эди. 

   Суюманинг "ҳаридорлари" олтинчи - еттинчи синфда ўқиб юрган вақтларданоқ юқори синф йигитлари орасида бўй кўрсатиб қолган бўлсалар-да , ҳеч қачон унинг яқинига йўлай олишга юраклари бетламаган эди. Бунга энг асосий сабаб Суюманинг қаттиққўл отаси эди. "Йўлдош тажанг" деса , энг қитмир кишиларнинг ҳам попуклари пасайиб қоларди. Йўлдош ака бир сўзли , тутган ерини кесадиган ва шу билан бирга ўта ҳақиқатпарвар киши эди. Унинг кўп келишмовчиликларда иштирокчи ва алал- оқибат мудом ғолиб бўлишини билган одамлар яхшиси у билан баҳс- мунозарага киришмай қўяқолишнинг энг афзал йўл эканликларини аллақачон тан олиб бўлишганди .

    Суюма шундай инсоннинг қизи эди . Суюманинг ҳаммага суюмли қилган иккинчи жиҳати унинг жуда ҳам гўзал рақс ижро этиши эди . У ҳар қандай мусиқа ва қўшиққа рақс тушмасди , фақатгина ўзбек миллий мумтоз санъат дурдоналарига ўйнар эди ҳалос . "Сумбула", "Тановор", "Муножот", "Мустаҳзод" ...

 Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар шу рақслардан биттаси ижро этилмаган тадбирни тадбир ўрнида кўришмас эди . Улар яна Йўлдош ака шунча қаттиққўллиги билан нима учун Суюмага рақс тушишига руҳсат бериб қўйганлигига ҳайрон бўлардилар, бу саволнинг ечимини топа олмай кўпда ажабланганлари ажабланган эдилар. Бунинг эса қатор сабаблари бор эди . Биринчидан Йўлдош ака кенжа қизини жуда яхши кўрарди. Иккинчидан у Суюмага ишонарди. Учинчидан "Қиз бола бировнинг ҳасми . Отасининг даврида, отасининг бағрида майли бир яйраб олақолсин" дерди, аммо ўзининг бу мулоҳазасини ҳеч кимга билдирмаган эди . Тўртинчидан Йўлдош аканинг ўзи ҳам мумтоз санъат шинавандаси эди ...

   Навоий ва Бобур ғазалларини , Нодира ва Увайсий ашъорларини маромига етказиб ўқишда ҳам Суюманинг олдига тушадиган қиз мактабда топилмас эди. Сезиб

2-    

 турганингиздек , фан олимпиадасида она тили ва адабиёт фани бўйича қатнашиш Суюманинг чекига тушган ва у мудом фан ўқитувчиси Шоҳиста опанинг ишончини оқлаб келган эди. 

  * * * 

11-"В" нинг аввалги таркиби оғир - босиқ ўсмир йигит- қизлардан ташкил топган эди . Барчасининг ўз олдига қўйган юксак орзу- мақсадлари бор эди ва бу мақсадларнинг асоси битта эди. Бу синф ўқувчиларининг барчаси олий ўқув юрти талабаси бўлиш орзусида эдилар...

   Улар дарсга жиддий ёндошар, дарсдан сўнг эса қўшимча машғулотлардан бош кўтармас эдилар .

   Аммо ... Ҳамма гап ана шу аммода ...

  Синфга янги қўшилган ўқувчиларнинг ичида иккита қизнинг яхши ўқишини айтмаса, қолганлар ... Битта нарсани тан олиш марднинг иши . Бу саккиз нафар ўқувчи ўзлари билан синфга бир олам нур олиб келишган эди. Ўша нур ... Фозил эди .

  Фозил ўрта баҳоларга ўқир эди. Балки ҳаракат қилса , аъло баҳоларга ўқиши мумкин ҳам эди- ю , бу ҳақда сўраганларга " Э ҳамма олим бўлаверса , подани ким боқади , между прочим ўша олимларниям қорни очиб , иши подачига тушади барибир" қабилидаги гаплари билан савол берувчиларнинг мот қилишнинг уддасидан чиқарди

  Фозил жуда ҳам гапга уста йигит эди. Гарчи синфдаги йигитларни бир жойга тўплаб қўйса , эътиборни ташқи кўриниш бўйича унчалик тортмаса- да , аммо даврада ... Фозил ҳар қандай давраларнинг жони эди . 

   Фозилнинг дастидан сентябрнинг биринчи хафтаси тугамасдан синф ўқувчилари катта танаффусда мактаб ошхонасига тушлик қилгани чиқмай қўйдилар. 

    Энди барча ўқувчилар уйларидан у, бу егуликларни ўраб , папкаларига солиб , синфнинг ўзида енгил тушлик қилиб олишга ўта бошлашди. Бунга яхшигина сабаб бор эди.

   Катта танаффусга қўнғироқ чалиниб , ўқитувчи синф хонасини тарк этиши билан Фозил қўлидаги дафтардан юмалоқлаб тайёрлаб олган "микрофон"и билан ўртага чиқарди ва ҳар кунги томошасини бошлар эди . У ҳар куни ўзи билан "Г" синфдан ўтган дўсти Ёрқин ва шу синфнинг Дилноза исмли қизининг тўйини ўтказар , ўзининг айтиши бўйича "ҳизмат- беминнат" ўртакаш эди.

    Ёрқин исми жисмига монанд ёрқингина бола эди. Аммо уни асл исми билан ҳеч ким чақирмас эди . Сочи , қош-у киприклари , ҳаттоки юзидаги майин тукларигача сап- сариқ бу йигитчани ҳамма эркалаб "қуёш", "қуёшжон" дер эди . У эса тақдирга тан берганиданми , ё табиатан ювошлиги сабабми бир оғиз "Ҳей, сенлар нега мени ундай деяпсанлар ? Ахир ўзимнинг отам қўйган исмим бор ?!" деб бир эмас, балки ярим оғиз ҳам эътироз билдирмас эди . 

    Дилноза эса ... Эҳ- ҳееей , Дилноза шунчалик шаддод ва ўжар қиз эди- ки , бундайлар ҳақида фақат "Ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олади" деган ибора жудаям юмшоққина қилиб айтилган дейиш ўринли бўларди халос. У йўқ жойдан ҳам жанжал чиқариш ва ғолиб бўлишнинг обдон хадисини олган , асосий рақибликка ўзига ўхшаган йигитларни танлаб яхшигина таъзирини бера оларди. Аммо нечундир у Фозилнинг тўй хазилларида ўзига топширилган "келин" ролини бажонидил ижро қилиб берар эди . Унинг кўнгли Ёрқинга тушиб қолгандир деган гумондан ҳоли бўлиш учун , Дилнозанинг унга жусса жиҳатдан салкам бир ярим баравар келишини назарда тутилса яхши бўлар эди . Синфдошларнинг , хатто энг жиддий йигитлар Фазлиддин , Шавкатларнинг ҳам хонадан чиқиб кетмаганлигига кўра , Фозил ўз ишини қойилмақом уддалаётганлиги кўриниб турарди. 

    Бугун хам тўртинчи соат инглиз тили дарси тугаши билан , ўқувчилар тезлик билан кейинги дарс бўладиган биология хонасига етиб олдилар ва дарров эшикни ичкаридан беркитиб олдилар . 

  Ҳамма портфелидан уйидан ўзи билан ола келган тушлигини ўртага қўйганда бинойидек дастурхон тузалди.

   Ва ... Фозил парталарни бирлаштириб тузалган дастурхоннинг тўридан қўлбола "микрофони" билан жой олди : 

- Ааааааассссаааоооммууу алейкоооом , азиз висол оқшомига келган ҳурматли меҳмонлар !!! 

  Тўй деб келганларнинг боши тўйдан чиқмасиииин ! 

  Камтарин қулингизнинг сўзларига чапак чалиб далда бериб турганларнинг еганлари қўй бўлсин , минганлари чет эл мошинаси , уйланган қизи Ашвария Райга , турмушга чиқадиган йигити Хонлардан биттасига ўхшайверсин .

-3-

 Қайси Хонга ўхшашини эса қизпошшаларимизнинг ўзлари танлаб олишсин . Мен сизларнинг юксак дидингизга ишонаман. Ха гапимга қарсак чалмаганларнинг уйида сичқонлар ҳассага таяниб қолмаса розимасман . 

Демак , шу жойига битта - чаааапппаааак ! 

  Хўш, энди келин ва куёвимизни мадх этишни бошлаймиз . 

  Мана куёв бола мазза қилиб Гулмира олиб келган картишка сомсани еб ўтирган Қуёшжон.

( Фозил айланиб бориб сомса еб ўтирган Ёрқиннинг бошига бир тушурди ва хаммага эшиттириб шивирлади :" Қачон одам бўласан? То есть қачон нармальний куёв бўласан?! Санга ўргатвуриб ўзимда қолмади , туршакжон , айтганча Қуёшжон ! Бўпти, бугун охирги огоҳлантириш. Билиб қўй Дилноз айниса, бунақа тўйни етти ухлаб бир тушингда кўрмайсан . Кароче эртага атир сепиб ке . Ҳидингдан бошимиз бир айлансин. Барибир янги куёвларни файзи бошқача бўлади- де "  ) . Фозил Ёрқинни огоҳлантиргач яна даврага юзланди: 

- Олинглар мехмонжонлар , тортинманглар , ҳаммасини пули тўланган . Беҳижолат...

  Эҳ бу кунларга етгунча Тўравой акамиз ( Ёрқинни дадаси) не- не меҳнатларни қилмаганлар дейсиз. ( Фозил ёлғондакасимига кўзларини енгига артиб, бир бурнини тортиб олди) . Мана ... Мана энди роҳатини роҳатда кўрадилар. Тўғрими , келинпошша Дилнозахон. Ҳақиқатда роҳатларини роҳатда кўрадиларми ? Ишқилиб кунларини кундан кўрсатмайсизми ?! 

    Дилноза оғзи тўла нон билан кулди . Ўнг қўлини кўтариб беш бармоғини кўрсатади : "Отвечаю !" 

   Фозил уни бошқа гапиртиргани қўймайди: 

- Ана нима дегандим , эй Дилнозга гап йўқ ! Э чарс - чурс- ей !" 

    Вааай , куёв жўра ва келин янгага сўз бермабман- ууу ! Эй Шокир нимаббало , уйингда овқат кўрмаганмисан , тавба ! Ҳаммани йилини эсдан чиқаришим мумкин , аммо сени йилинг асло эсимдан чиқмайди, чунки сени йилинг овқат ! Ке тарих учун бирнималар девор .

   Шокир портфелини елкасига видеоаппаратга ўхшаб ушлаб олган Фозилга қараб қўлини зўр маъносида букди- ю , илжайди : 

Ёз тарихга , Суюма пиширган пирог четкий чиқибди ! 

   Фозил энди Суюмага бурилди : 

- Суюмахонииии , 

 Оқ буғдойни нонииии ,

 Ҳамма ёмон кўрсаям ,...

   Им ... кимни айтсам экан- а ? Майли ... Нима бўлса бўлар ...

Фозил ҳар сафар шундай хазиллашишни қўймас эди : 

- Ҳамма ёмон кўрсаям 

 Адаси Йўлдош амакимни жониии "

Ҳар куни шу аҳвол . Ҳар куни бир хил сценерий... 

  Аммо бу синфдошларнинг жонига тегмасди. Чунки тўй ўша , келин - куёв ўша , ўртакаш Фозил ўша ... Фақат унинг беғубор хазиллари ҳар куни янгидан янги эди . Кундалик тўй орасида баъзан "юбилейлар" ҳам ўтказилиб турарди. Баъзан Фозилнинг ҳазилларига дарс пайтларидаям талаб ва таклиф тушиб турарди. Кўпинча мактаб директорининг қарорига кўра ўқитувчилар шошилинч "беш минутлик" йиғилишга чақирилиб қолганда , Фозилнинг куни туғиб қоларди . 

   Бутун синф Фозилни фақат шундай ҳазилкаш , дилкаш , кўнглида кири йўқ йигит сифатида қабул қилган эди . Аммо унинг бутунлай бошқа қалбли эканлигини кўришлари учун февраль ойидаги бир тадбирга қатнашишларига тўғри келди. Ўшанда тўққизинчи февраль- буюк бобомиз ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг туғилган куни эди .

Таваллуд кунини нишонлаш учун юқори синф ўқувчилари ва бир қатор ўқитувчилар мактабнинг фаоллар залига йиғилдилар. Тадбир бошланганидан ярим соатлар вақт ўтганда саҳнага Суюма чиқди . Суюма бошида дакана дурра , энгнида беқасамдан узун мурсак ,ёқаси ва енглари тўрли  уқалар билан безатилган оппоқ кийимда "Муножаат" қўшиғига ўйнай бошлади. Ҳамманинг кўзи Суюмада эди . Суюма ҳар сафардаги каби бугун ҳам бутун йиғилганларни ўзига сеҳрлаб олган эди. 

  Қўшиқ авжига чиққанида ...

Бирдан залнинг орқа ўриндигида таъсир - тусир тўпалон бўлиб кетди. Даставвал ҳеч нимани тушунмаган ўқитувчилар тезда орқа қаторга отилдилар. Уришганларни ажратганларида ўртада пастки лаби йиртилиб қон оқаётган , тобора кўзи кўкариб бораётган Фозил ажралиб кўриниб қолди . У ...

-4- 

   У ҳамон ўзини боса олмас, иккала қўллари мушт бўлиб тугилган, кўзларидан ўт чақнар эди. 

    Директор ўринбосари Жўра ака жуда қатъиятли ва жаҳлдор инсон эди. Шу туфайли у мактаб коридорида кўриниши билан барча ўқувчилар , айниқса йигитчалар гўёки "честь" бериб қолишарди. У ҳар душанба куни қўлида қайчи билан синфхоналарини айланар , сочи салгина ўсган йигитларни сочларини аямай бир пиёла кенглигида дуч келган жойидан тақаб қирқиб ташлар эди. Сочлари чеккароқдан кесилганлар "бахтларидан ўргилиб" сартарошхонада амаллаб формага солиб олсалар, қоқ марказдан қирқиб ташланганларникини сартарош ҳам эвини қилолмай, калга олишдан бошқа илож тополмас эди . Бу воқеа Жўра аканинг "ижоди"дан бир шингил эди .

Айнан Жўра ака туфайли икки мингдан ортиқ ўқувчиси бор мактабда интизом темирдек мустаҳкам эди . 

   Аммо шу топда Фозилдаги туғённи ҳатто Жўра ака хам боса олмади.

 - Нима бўлди ? 

 Жўра аканинг овози таҳдидли янгради . 

- Иммм

Жўра ака шундагина қорнини чангаллаб букчайиб полда ғужанак бўлиб ётган "Б" синфидаги Козимга кўзи тушди 

- Нима бўлди ? 

 Жўра аканинг овози бутун залга ёйилди. Унинг қўлидаги темир чизғични кўрган ўқувчилар кўзлари ола-кула бўлганча ўзларини четга олдилар . Чизғич ўз вазифасига ҳиёнат қилмади. У визиллаб Фозилнинг елкасига тушди. Фозил шу туришдаям қилт этмади. Аммо бу холатга Фазлиддин чидаб тура олмади :

- Устоз , Фозилда айб йўқ ...

Жўра ака Фазлиддинга ўгирилди. Фазлиддин ўктам нигоҳини Жўра акадан олиб қочмади.

- Устоз , жанжалнинг сабабини алоҳида хонада йигитлар орасида ҳал қилсак. Бу ишкалнинг сабабини ҳамманинг орасида ҳал қилиб бўлмайди.

Жўра ака ниманидир тушунгандек бўлди . Индамай ўн беш чоғли йигитни, жумладан Козимни ҳам икки синфдошига суянтириб етаклаб олиб чиқиб кетди. 

   Байрам "байрам" бўлди . Мактаб тарихида Суюманинг рақси илк бор ярим чала ижро этилди .

   Тадбир тугагач, барча кўчага чиққанида , боя Жўра ака етаклаб чиқиб кетган ўқувчиларни файеда тизилиб турганлигига гувоҳ бўлишди. Уларнинг орасида Козим билан Фозил кўринмасди. 

   Дилноза дарров разведкага шўнғиди . Зум ўтмай барчани "сўнгги хабарлар"дан хабардор қилди:

 - Козимни дўхтирга олиб кетишибди, Фозил уйига кетибди , кийимларига қон сачраб кетганлиги учун .

- Ўзи нима бўлибди ? Жанжал нимадан чиқибди ?! 

   Дилноза беписанд қўл силтади : 

- Ўввв, фаросатларингга кўйдирги чиққанми санларни ? Товба ! Жанжал нимадан чиқиши мумкин , ахир ? Саҳнада Суюма рақс тушса- ю , бу ёқда тўпалонга дўппи кийдирилса ! Канешна , Суюмани деб чиққан-де ишкал . Ха хамменг менга қараб бўзраясан . Худди ўликка ўсма қўйганга ўхшаб, довдирайсан- Дилноза ўзига ҳамон ҳайрат нигохи билан боқиб турган синфдошларига қараб биқнади ,-

Уффф , нега етиб бормиди- я буларга . Эй, галварслар ! Козимшер Суюма ҳақида нимадир дегандир- де . Шу Фозилники қўзибди- ми , демак унақа бунақа гап этмагандир-ов .

   Дилноза шу сўзларни айта туриб қаршиси турган Марҳабога кўзи тушди . Марҳабо унга "ортингга қара" дегандек им қоқарди. Дилноза шарт ўгирулди- ю, кўзи деворга суяниб турган Суюмани кўрди. Суюманинг ранги девордек оқариб кетган эди . У синфдаги қизларнинг ҳаммаси ўзига қараб турганлигини кўриб , беҳол шивирлади: 

- Шарманда бўлдим ... Адамларга нима дейман энди...

   Эртаси куни мактаб етакчиси Сурайё учинчи соатдаги тарих дарсидан Фозил ва Суюмани директор ҳузврига чақириб кетди. Синфдошларни бир савол қийнаб қолди:

- Фозил - ку майлия , аммо Суюма нима учун ? 

  Бу савол Суюманинг ўзини ҳам ташвишга солиб қўйганди. Айниқса гавдали ва салобатли мактаб директори Шариф аканинг қаршисида туриши, яна мана бундай ўзи емаган сомсаси учун пул тўлаган ҳолда ... 

  Суюма Сурайё ва Фозилга эргашиб кетар экан , бўлиб ўтган ишларда синфдошидан ўпкаланарди: "Эҳ Фозил , сенга нима эди-я , оғримаган бошингни оғритиб . Яна ўртага мен бесабаб тушганим-чи ? Бутун мактабга "донғим" чиқадиган бўлди. Дадам неччи марта айтар эдилар- а , "онаш , кимнинг қизилигингни унутма " деб "  

    Фозил эса чурқ этмай борар , Суюма томонга бир назар ташлаб қўяй ҳам демасди.

#давоми_бор

Tuzuvchi: Maxbuba Azimova

Report Page