АМАЛ

АМАЛ


Савол:

-­ Амал нима?

Жавоб:

- Банданинг ҳаётда қилган ишлари.

Савол:

- Исломда банданинг амали неча қисмга бўлинади?

Жавоб:

- Ҳаммаси саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси – суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. Бешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси – макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ. Ушбу саккиз қисм амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Яна айримларини қилиш-қилмаслик ихтиёрий.

Савол:

- Фарз қандай амал?

Жавоб:

- Фарз АЛЛОҲ ТАОЛО буюрган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Узрсиз бажармаган киши гуноҳкор бўлади. Унинг зарурлигига ишонмаган киши эса кофир ва имонсиз саналади.

Савол:

- Фарз амали қайси ҳолатларда кўринади?

Жавоб:

- АЛЛОҲ ТАОЛОга имон келтириш, Ислом динидаги беш вақт намозни ўқиш, рамазон ойида ҳар куни рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж қилиш.

Савол:

- Вожиб қандай амал?

Жавоб:

- Вожиб – Ислом динида бажарилиши шарт бўлган амал. Уни бажарган киши савоб олади, бажармаганлар гуноҳкор бўлади. Вожиб амалга ишонмаган киши кофир ва имонсиз бўлмаса ҳам, катта гуноҳга ботади.

Савол:

- Қандай амаллар вожиб амалга киради?

Жавоб:

- Витр намозини ўқиш, ҳайит намозларини ўқиш, садақа ва фитр бериш, қурбонлик сўйиш, Қуръондан сажда оятлари ўқилган пайтда сажда қилиш кабилар.

Савол:

- Суннат қандай амал?

Жавоб:

- Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қилган амаллари. Суннат амалини қилган киши савоб топади. Қилмаган киши гуноҳкор бўлмаса-да, қиёмат куни маломатга қолади, Пайғамбаримиз шафоатларига лойиқ бўлмайди.

Савол:

- Суннат амали нималарда кўринади?

Жавоб:

- Яхши ишларни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», дея бошлаш, мўмин кишиларга салом бериш, Қуръон ўқишни «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим» сўзлари билан бошлаш сингари амаллардир.

Савол:

- Мустаҳаб қандай амал?

Жавоб:

- Мустаҳаб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом баъзан бажарган ва баъзан бажаришни лозим кўрмаган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Аммо қилмаса, гуноҳкор бўлмайди. Қиёмат куни азоб ва маломатга ҳам қолмайди.

Савол:

- Мустаҳаб амалига қандай юмушлар киради?

Жавоб:

- Нафл намоз ўқиш ва нафл рўза тутиш, нафл садақа бериш ва доим таҳоратли юриш кабилар.

Савол:

- Мубоҳ қандай амал?

Жавоб:

- Мубоҳ шундай амалки, қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир.

Савол:

- Қанақа амаллар мубоҳга мисол бўлади?

Жавоб:

- Ҳалол таомларни ейиш, ҳалол ичимликларни ичиш, ўтириш, туриш, юриш ва зарарсиз сўзларни сўзлаш.

Савол:

- Ҳаром қандай амалдир?

Жавоб:

- Ҳаром Ислом динида қатъий таъқиқланган амалдир. Уни қилган киши қаттиқ гуноҳга ботади, уни ҳалол, дегувчилар кофир ва имонсиз ҳисобланади.

Савол:

- Қандай ишлар ҳаром қилинган?

Жавоб:

- Ноҳақ одам ўлдириш, одамзотга ва ҳайвонотга зулм қилиш, ғийбат қилиш, ўғирлик, ёлғончилик, ароқхўрлик ва зинокорлик каби ишлар.

Савол:

- Макруҳ қандай амал?

Жавоб:

- Макруҳ Ислом дини таъқиқлаган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади, қилган киши эса азобланиши мумкин. Уни қилган киши кофир бўлмаса-да, гуноҳга ботади.

Савол:

- Макруҳ амали нималарда кўринади?

Жавоб:

- Масжидга туфлаш, (фаҳш) нағмаларга қулоқ солиш, одобсиз шеърларни куйлаб ҳофизлик қилиш, одамлар ичида масхарабозлик қилиш, уятсиз шеърларни битиш кабилар макруҳ амаллардир.

Савол:

- Мустакраҳ қандай амал?

Жавоб:

- Мустакраҳ шундай амалки, уни қилгандан кўра қилмаган яхшироқдир. Қилган киши гуноҳкор саналмаса-да, одобсиз бўлади. Қиёматда азобга қолиши мумкин.

Савол:

- Мустакраҳга қандай амаллар киради?

Жавоб:

- Таомни катта-катта ейиш, бозорда, кўчада овқатланиш, баланд овоз билан кекириш ва ҳайқириб эснаш кабилар.


Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг "Ибодати исломия" китобида


Ижтимоий тармоқларда бизни кузатишда давом этинг азизларим⤵️


Яқинларингизга ҳам улашинг

👇👇👇👇👇👇👇👇

https://t.me/joinchat/AAAAAEzvpoaydGNsV3cFzA
















































































































































Report Page