Улуғбек Камолов даъвоси юзасидан сўнгги сўзни тегишли суд органи айтади!

Улуғбек Камолов даъвоси юзасидан сўнгги сўзни тегишли суд органи айтади!

Buxoro.uz

Ижтимоий тармоқларда Шофиркон тумани марказида, «Шодлик» МФЙ Қиёт кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Улуғбек Камолов номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига битилган норозилик мақоласи эълон қилинди. Унда келтирилишича, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ушбу фуқаро 2018 йил март ойига қадар туман марказида аралаш моллар билан савдо қилиб келгани, айнан ўша пайтда унинг дўкони туман ҳокимлиги томонидан буздириб ташлангани ва шу кунга қадар, яъни орадан ўтган 1 йилу 8 ойдан буён мулки-дўконининг товон пули-белгиланган компенсациясини ололмай юрганини билдириб, амалий ёрдам сўраган.

Аниқланишича, мазкур масалада фуқаро олдин ҳам бир неча маротаба юқори идораларга мурожаат қилган. Бу иш бўйича 2018 йил сентябрь ойида Шофиркон тумани ҳокимлиги номидан туман прокуратурасига юборилган жавоб хатида ҳам қуйидаги мазмунда жавоб берилган: «…Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПҚ-2980-сонли «2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ «Етти Пир» зиёратгоҳларига кирувчи Хожа Ориф Ар-Ревгарий Моҳитобон мажмуасини реставрация қилиш ва янгидан ишланган лойиҳа бўйича атрофини ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган бўлиб, янги лойиҳа бўйича қуриладиган меҳмонхона биноси айнан юқорида мурожаат билан чиққан фуқаро, якка тартибдаги тадбиркор Улуғбек Камоловга тегишли аралаш моллар савдо дўкони биноси ўрнида режалаштирилган ва қонуний тартибда замонавий лойиҳа асосида бу жойда янги мажмуа барпо этилган».   

Мажмуа ҳудудидаги умумий майдони 402,0 квадрат метрдан иборат аралаш моллар савдо дўкони биноси бир неча йиллар олдин лойиҳасиз ва ҳеч қандай ҳужжатларсиз курилган бўлиб, буздирилган кунига қадар қурилиши охирига етказилмай қолган. Бинонинг том кисми махаллий типда олдиндан ишлатилган ёгоч материаллари билан ёпилган ва ўша пайтда  авария холатида бўлгани ўз тасдиғини топган. Одамлар хаётига хавф соладиган ҳолатда шахарсозлик меъёр-қоидаларига зид равишда “Султонобод” канали ҳимоя зонасида қурилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сонли “Тадбиркорларнинг ишлаб чикариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 19 февралдаги ПҚ-3541-сонли “Мулкдорлар томонидан фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги карорлари ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги бўш турган, фаолият кўрсатмаётган ёки қурилиши тугалланмаган объектлар, самарасиз фойдаланилаётган ишлаб чиқариш майдонларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан кўплаб амалий ишлар қилинди. Бу бўйича ўрганилганида ҳам ижтимоий тармоққа мурожаат қилган фуқаронинг яқин қариндоши, яъни отаси Раҳматулло Камоловга тегишли бўлган аралаш моллар савдо дўкони биноси йигирма йилдан буён умуман фойдаланилмасдан келингани тасдиқланди.

Шундан сўнг мазкур мулк эгасига Шофиркон туман ҳокимининг 1993 йил 29 январдаги 57-сонли қарори асосида дастлаб ҳудуддаги Сил касалликлари оромгоҳи яқинидан “Аралаш моллар савдо дўкони” қуриш учун ер майдони ажратилган. Бунинг сабаби ўша пайтда Раҳматулло Камолов Сил касалликлари оромгоҳининг бош врачи вазифасида фаолият юритиб келган. Орадан кўп ўтмай, Сил касалликлари оромгоҳи Р.Камолов томонидан хусусийлаштириб олинган.

Шу кеча-кундузда мазкур масала даъвогар томони, яъни Улуғбек Камолов мурожаати юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судида кўриб чиқилмоқда. Даъвогарга тегишли бўлган 402,0 квадрат метр майдондаги мулк экспертиза асосида баҳолашга тушган. Шундан сўнггина тегишли суд қарори асосида тадбиркорнинг талаби тўлиқ қаноатлантирилади. Бу борада охирги сўзни суд айтади!

Шофиркон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page