ads

ads


Ўтиш даври барча мустақилликка эришган давлатларнинг юксак тараққиётига эришиш жараёнидаги ўзига хос оралиқ муҳлат ҳисобланади. У ҳар қандай давлат учун умумий қонуниятдир. Чунки, давлатлар вужудга келиши биланоқ, бирданига юксак тараққиёт даражасига кўтарила олмайди, балки ҳар бир давлат, энг аввало шаклланади ва маълум тарихий тараққиёт босқичларини ўз бошидан ўтказади. Ана шу босқичма-босқич ўтиш жараёни жуда мураккаб жараён бўлиб, бу босқичларни ҳар бир мамлакат ўзига хос тарзда босиб ўтади. Ҳозирги кунда 160 дан ортиқ мамлакат демократик тараққиёт йўлидан бормоқда. Аммо бу мамлакатларда демократик тараққиёт жараёнлари турлича бўлиб, бу жараёнлар ҳар бир мамлакат учун ўзига хос хусусиятга эга.

Аммо, ўтиш даври учун барча мамлакатларга хос умумий қонуниятлар ҳам мавжуд. Улар:

1.               Сиёсий ҳокимиятни ўзгартириш;

2.               Иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш;

3.               Янги тафаккур ва турмуш тарзини шакллантириш.

Шунингдек, ўтиш даврининг бошланишига асосий туртки ёки манба бўлиб хизмат қиладиган омиллар ҳам мавжуд. Улар:

биринчидан, жамият миқёсида демократик ўзгаришлар учун таъсирли хоҳиш ва ироданинг мавжуд бўлишлиги;

иккинчидан, жамият аъзолари асосий кўпчилигининг ўзгаришлар жараёнига тайёргарлиги;

учинчидан, жамият аъзоларининг демократик ўзгаришлар зарурлиги масаласида якдиллиги, яъни демократик консолидация даражасининг кўтарилиб бориши ҳамда демократияга ўтиш даври вазифалари ва муаммоларини ҳал қилишга лаёқатлиликнинг кучайиб бориши.

Ўтиш даври тушунчасини моҳиятини очиб беришда бугунги кунда анчагина шу билан бирга зиддиятли қарашлар ҳам мавжуд.

Ўтиш даврига муносабат билдирган германиялик олим Леонид Левитин шундай ёзади: “Одатда, “ўтиш даври” сўзларини айнан тушуниб, уни ўтмиш ва келажак орасидаги бугун деб ўйлайдилар. Ўтиш даврининг пайдо бўлишида, бундай қарашларга кўра, ўтмиш – сабаб, келажак эса – мақсад тарзида воқе бўлади.”[1]

Муаллиф фикрини давом эттириб шундай дейди: “Табиийки, ўтиш даврлари турли хилдаги тартибсиз жараёнлар, мавҳумотликлар билан тўла. Кимдир бу даврларни “дарё бўйлаб узала тушган кўприк” деб ўхшатиб таърифлаган эди”.[2]

С. Отамуратовнинг фикрича, ўтиш даври “мамлакатларнинг бир ижтимоий тараққиётдан иккинчисига ўтиш учун зарур бўлган оралиқ даври бўлиб ҳисобланади”.[3]

Ўтиш даври ҳақида турли-туман фикрлар бўлишига қарамасдан уни бир тизимга келтириш, умумлаштириш асосида шаклланган таърифлар бугунги кунда деярли учрамаётганлиги сабабли “ўтиш даври”га юқорида берилган таърифни бошқалари билан таққослаш имконияти чекланганлигини ҳам назарда тутиш лозим.

Шунингдек, мамлакатлар тарихий тажрибаси орқали бугунги кунга келиб ўтиш даврининг кўпгина умумий қонуниятлари ҳам аниқланди ва бу жараён давом этмоқда. Ўтиш даври ҳодисасининг тадқиқ қилиш ишларининг чуқурлашуви шу билан бирга бу жараённи бошидан кечираётган мамлакатлар амалиётида янги услуб ва воситаларнинг қўлланиб бориши оқибатида умумий қонуниятлар кўламининг янги кашфиётлар орқали кенгайиб бориши табиий албатта.

Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай жамиятнинг демократик тараққиёти заминида ўтиш даврининг кенг қамровли мураккаб ва ўзига хос вазифаларини ҳал қилиш ётар экан, ушбу даврнинг энг дастлабки нуқтасидан бошлабоқ жамиятнинг демократик тараққиё мўлжаллари ўта аниқлик билан белгилаб олиниши зарур. Бу ўринда демократияни бир зумда жорий этиш мумкин эмаслиги ва уни ҳамма мамлакатларбоп модели мавжуд эмаслигини назарда тутиш лозим, яъни тайёргарликсиз демократик тартиботни ўрнатиш мумкин эмас.

Ўтиш даври тушунчаси, унинг моҳияти ва зарурлиги

Тайёргарликсиз демократик тартибни ўрнатишга уринишнинг энг оғир оқибатларидан бири, жахон тажрибаси буни исботлаганидек, жамиятда сиёсий-ижтимоий барқарорликнинг йўқотилишидан иборат бўлади. Маълумки, бундай барқарорлик йўқолганидан кейин одатда уни тиклаш учун жуда кўп йиллар керак бўлади, мамлакат тақдири таҳликали вазиятга тушиб қолади. Шунинг учун ҳам ўтиш даври ҳодисасига тўғри муносабат билдира олиш бир пайтнинг ўзида икки мураккаб вазифани ижобий ҳал қилишга хизмат қилади. 

Биринчидан, жамиятни янги ҳолатга ўтиши учун сув билан ҳаводек зарур бўлган сиёсий барқарорлик ва ижтимоий тинчликни сақлаб қолиш;

Иккинчидан,  жамиятда эволюцион равишда демократик тараққиёт жараёнларини амалга ошира бошлаш имкониятларини шакллантириш. Агар ўтиш жараёнининг бошида юқоридаги вазифалар тўғри ҳал қилинмаса, йўл қўйилган хато ва камчиликлар оқибатини тузатишга уриниш янада оғирроқ ва деярли самарасиз бўлиши тажрибалардан яхши маълумдир.

Масаланинг энг муҳим томони шундаки, аслида ўтиш даврида йўл қўйиладиган ёки йўл қўйилиши мумкин бўлган нуқсонлар учун ўтиш даври ҳодисаси айбдор эмас. Балки бу аслида мутлоқо субъектив омил фаолияти билан боғлиқ эканлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Шунинг учун ҳам демократик тараққиёт томон интилаётган жамиятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни шунчаки ўтиш даври хусусиятлари билан изоҳлаб қўйишлик, шу сабабли муаммонинг туб сабабларини кўра олмаслик ёки, ўтиш даврида деган важ билан унга етарли даражада интилмаслик мазкур давр бериши мумкин бўлган ноёб имкониятларни рад этиш билан баробардир.

Тўғри, ўтиш даврида табиий равишда объектив қийинчиликлар мавжуд бўлади. Лекин юқорида таъкидланганидек, субъектив омил томонидан жиддий нуқсонларга йўл қўйилса мазкур объектив муаммоларнинг ечимлари тойилиш ўрнига, аксинча мураккаблашиб кетади. Бундай ҳолатда жамият янгиланиш жараёнлари билан боғлиқ бўлган вазифаларни ҳал қила олмасдан, субъектив омил айби билан чигаллашиб кетган масалаларни ечиш билан овора бўлиб қолиши мумкин. Шу боис кўрилаётган масаланинг яна бир жиҳатига эътибор бериш ўринлидир. Яъни, маълумки ўтиш даврида жамиятнинг қандай тузумга ўтиши масаласи ҳал бўлади. Бу давр натижасида автоматик равишда тоталитаризм ва авторитаризмдан айнан демократияга ўтиш ҳолати рўй беради, унга бошқа алтернатива йўқ деб ҳисоблаш катта ҳатодир. Бу демократия назариётчилари томонидан аллақачон исботланган.

Шунинг учун ўтиш даври ҳақида фикр юритилганда унга дастлабки туртки бўлган босқичнинг моҳиятига биринчи даражали эътибор бериш лозимдир. Сабаби, юқорида таъкидланганидек авторитаризмдан воз кечишликнинг ўзи ҳали демократияга ўтишнинг бошланганлигидан далолат эмас. Мавжуд сиёсий тартибот ўз қобиғи доирасида айрим такомиллашув жараёнларини амалга оширатган бўлиши ҳам мумкинки, бундан эҳтиёт бўлиш керак. Бу ўринда ўтиш даврининг фақат демократия томон юз тутиши учун қанда умумий қонуниятларга эътибор бериш лозимлиги ва бу борада қандай ўзига хосликлар мавжуд бўлишлигига эътиборни қаратиш ўтиш даврининг энг қийин ва нозик жихатлари бўлиб ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам ўтиш даврига нисбатан жамиятда тўғри тушунчаларни шакллантириш ижобий натижаларга эришишнинг энг биринчива муҳим шартларидан биридир. Бунинг асосида эса ўтиш даври ҳақидаги тасаввурларни, сиёсий-ижтимоий маданий кўникмаларни демократия манфаатлари томойилларидан келиб чиққан ҳолда шакллантиришлик ётади. 

Демак, ўтиш даврида биринчи навбатда демократик тараққиёт учун пойдевор яратилади. А. Пшеварский таъкидлаганидек, “Ҳар қандай ўтиш даврининг марказида мустаҳкам демократияни вужудга келтириш масалалари туради. Мустаҳкам демократиянинг хусусияти шундан иборатки, унда сиёсий кучлар ўз қадриятлари ва манфаатларини олдиндаги натижаси ноаниқ бўлган демократик институтларни биргаликдаги фаолиятларига бўйсундирадилар ва демократик жараёнлар оқибатларига итоат қиладилар. Кўпчилик зиддиятлар демократик институтлар ёрдамида ҳал қилинган тақдирдагина демократия мустаҳкам бўла олади ”.[4] Демак, демакратлашувга хизмат қилувчи янги-янги омилларни тинимсиз равишда топиб бериш ҳамда уларни амалда ишлашини таъминловчи чораларни кўриб бориш лозим бўлади.

Жамиятда бўладиган ҳар қандай ўзгариш иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавий соҳаларнинг узвийлиги ҳолатида қаралгандагина, ўтиш даврининг моҳиятини тушиниш мумкин бўлади: ўтиш даври мамлакатлар тараққиётининг бир ижтимоий-иқтисодий босқичдан иккинчисига ўтиши умумий қонуният бўлиши билан бирга, уларнинг ҳар бирида ўтиш жараёни ҳам турлича намоён бўлади. Барчасига хос бўлган асосий умумийлик эскисининг тараққиёт эхтиёжларига жавоб бера олмаганлиги оқибатида янги босқичга ўтиш заруриятини келтириб чиқариши билан боғлиқ. Шу маънода, ўтиш давридаги бош йўналиш “орқага қайтиш” эмас, балки “олдинга” юриш, пастдан юқорига кўтарилиш ёки олдинги даражага қараганда юксалиш, ривожланиш демакдр.

Эски тузумни сақлаб қолиш йўлидаги турли уринишлар, қон тўкишлар, халқ бошига тушадиган турли фожеаларга қарамасдан, уларнинг қайси даражада содир бўлишидан қатъий назар, барибир ўтиш даврининг бош йўналиши ўзгармас бўлиб қолаверади. Шу маънода, Леонид Левитиннинг қуйидаги фикрига қўшилиш мумкин. “Посткоммунистик ўтиш даври-ўтиш даврининг кўринишларидан биридир, холос. Инсоният тарихида бундай даврлар озмунча юз бермаган. Улар ўзаро қанчалик фарқ қилмасин, асосий маъноси битта-жамият асосларини, яъни иқтисодиётини, сиёсий тизимини, маданиятини замонавийлаштириш”1,- деб ёзади у. Аммо ана шу замонавийлаштиришни қайси ўлчов меъзонидан келиб чиқиб амалга оширмоқ керак, деган саволга жавоб топиш зарур бўлади. Зеро, замон ўзгарувчан, шиддат билан олдинга интилувчи жараён холос. Масалага ана шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, ўтиш даврининг тамом бўлиш мезонлари мавжудми ёки замон каби тўхтовсиз жараён ҳисобланадими, деган саволлар юзага келаверади.

Аслида юқорида биз тушунчага берган таърифимизда тарихий тараққиётнинг бир ижтимоий-иқтисодий тузумдан иккинчисига ўтиши учун зарур бўладиган алоҳида босқич эканлигини таъкидлагандик. Албатта у маълум мухлатдан кейин ўз поёнига етади ва жамият илгарига қараганда янги тараққиёт босқичида яшай бошлайди.

Биз ана шундай жараённи аниқ тасаввур қилишимиз ва тушунишимиз зарур бўлади. Акс ҳолда, инсоният ўз бошидан ўтиш даврини ўтказиш билан яшайди ва бу охири йўқ бўлган жараён, деган нотўғри хулоса келиб чиқади.

Мустақиллик туфайли Ўзбекистоннинг тоталитаризмдан аста-секин демократик жамият томон ўтишининг ўзига хос хусусиятлари ҳам бундан истеъсно эмас, албатта. Жамият эришган ютуқлар асосида тараққий қилиш имкониятларининг тугаши, унинг ўсиб келаётган эҳтиёжларини қондиришга қурби етмай қолиши, жамиятни янги поғонага кўтариш заруриятини келтириб чиқаради. Демак, биринчисидан, ўтиш даврини жамият ўзи эришган имкониятлар асосида ривожланишнинг тугаши, ўсиб келаётган эҳтиёжларни қондираолмай қолишидан бошлаб, ундан юқори бўлган имкониятларни юзага келишигача бўлган муҳлат билан белгилаш мумкин.

Иккинчидан, бир ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тузумдн иккинчисига ўтиш даври ёки, орлиқ босқичининг мухлати ана шу юзага келган тараққий қилиш жараёни намоён бўлиши билан тугайди.

Учинчидан, инсоният фақат ўтиш даври билан яшамайди, балки унинг бошланиши бўлганидек поёни ҳам мавжуддир. Худди ана шу поёни тараққиёт даражаларини ёки тузумларнинг бирини иккинчиси билан фарқлаш имконини беради. Демак, демократик ривожланиш ана шу имкониятни инсон манфаатлари билан боғлайди. Бундай шароитда замоннинг эҳтиёжи ва ривожланиш даражаларида янги вужудга келган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тузумнинг турли соҳаларида мавжуд бўладиган механизмларнинг барқарор ишлаши амалга ошади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, давлат ҳаётида барқарор тараққий қилиш жараёни содир бўлади. Шу нуқтаи назардан ҳам Леонид Левитиннинг “посткоммунистик макондаги ўтиш даврини замонавийлаштириш” мезони сифатидаги фикрига қўшилиш мумкин. Унинг “…замонавийлаштириш муайян якун топгунча, яъни мамлакат барқарор иқтисодий ривожланиш, сиёсий барқарорлик даражаларинга эришгунча бўлган давр ўтиш даври деб аталади” 1, деган таърифига фақат замон нуқтаи назаридан қаралсагина тўғри бўлади. Зеро,инсонлар эҳтиёжлариннг тўла таъминланиши ва жамият тараққиётининг юксак даражага кўтарилиши фуқаролик жамияти қурилгандагина амалга ошади. Аммо фуқаролик жамиятини инсоният эҳтиёжларини қондира оладиган жамиятнинг энг юқори поғонага кўтарилган ва унинг бундан кейин ривожланишига эҳтиёжи бўлмайдиган “охирги манзил” сифатида қараш ҳам илмий нуқтаи-назардан тўғри бўлмайди. Чунки фақат эҳтиёжнинг юзага келишигина тараққиёт заруриятини келтириб чиқаради. У тўхтаган дақиқадан бошлаб, тараққиёт ҳам тўхтайди.

Шу маънода, дунёнинг бирон-бир давлатида мукаммал фуқаролик жамияти қарор топган деб айтиш қийин.

Шунинг учун ҳам бугун инсоният фуқаролик жамиятига ўзининг идеали сифатида қарамоқда ва уни қуриш учун фаоллик кўрсатмоқда.

Ўтиш даври ҳақида фикр юритганимизда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқаролик жамиятигача бўлган барча тузумларнинг инсонлар манфаатлари ва эҳтиёжларини тўл қондира олмаслиги боис, уларнинг биринчисидан иккинчисига объектив равишда ўтиши учун эҳтиёжни юзага келтириб туради. Бу ўз навбатида, янги тузумга ўтиш даврини бошлаб беради.

Демократик тамойиллар асосига қурилган янги жамиятга ўтиш бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга. Улар қуйидагилардир:

биринчидан, айрим мамлакатларда демократик жараёнлар янги тузумнинг ичида шаклланади ва бу унинг халқ учун фаровон ҳаётни таъминлаш йўлидаги фаолиятида намоён бўлди. Тўғри бу жараён силлиқ амалга ошмайди, балки ўта мураккаб кечади. Худди ана шу мураккаб муаммоларни ҳал қилишга тўғри танлашдаги, яъни жамият тараққиётининг халқ манфаатларига қаратилганлиги инсоннинг тўла маънодаги ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминловчи жамиятга айланишига олиб келади;

иккинчидан, ўтиш даври юксак даражадаги моддий имкониятлар юзага келиш билан тугамайди, балки уларнинг халқ фаровонлгини таъминлашга қайси даражада қаратилганлиги ва инсонлар эркинлигининг таъминланганлиги билан боғлиқ бўлган жараён ҳисобланади. Улар нафақат мамлакатларнинг жуғрофий омилига, балки ана шу давлатда яшаётган аҳолининг сиёсий маданияти ва менталитетига ҳамоҳанг бўлишига ҳам боғлиқдир. Буларнинг ҳаммаси тарихий тараққиёт босқичларида шаклланиб ва ривожланиб келган тажрибалардир.

Айни пайтда, бугунги кунгача ўтиш даврининг фундаментал назарияси ишлаб чиқилмаган. Бунинг оқибатида мамлакатларнинг маълум тарихий босқични босиб ўтмасдан, уни четлаб демократик жамиятга ўтишга бўлган хатти-ҳаракатлар содир бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, улар ҳаётида айрим ҳолатларда катта фожеаларни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, бирор бир мамлакатта четдан демократияни “экспорт” қилиб бўлмайди. Бундай уринишлар мамлакатларда беқарорликка сабаб бўлади, уни тараққиётдан орқага кетишига олиб келиши мумкин. Бундай мамлакатларга демократияни “экспорт” қилишдан кўра, унинг шаклланиши учун шарт-шароит юзага келишига имконият яратиш лозим бўлди. Хулоса қилиб айтганлда, ўтиш даври ижтимоий- иқтисодий, сиёсий тузум эмас, балки мамлакатларнинг уларга ўтиши учун зарур бўладиган замирларни шакллантиришга кетадиган тарихий оралиқ босқич ҳисобланади. Унинг бошланиши энг аввало, мамлакатларда бўладиган сиёсий ўзгаришлар ва унинг заминида эса иқтисодий, ижтимоий ҳамда маънавий соҳалардаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлгандагина янги жамиятнинг шаклланиши учун имкониятлар тўла юзага чиқади. Бунинг ўзига хос хусусияти ва алоҳидаги ҳақида Президент Ислом Каримов таъкидлаганиек, “Ўтиш даври муаммоларининг йиғиндиси ва хусусиятлари бир вақтнинг ўзида қатор ғоят мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этишни тақозо қилади”1. Ўтиш даври қанчалик турли-туман бўлмасин, барибир барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузумлар учун зарурдир. Чунки у ҳар бир вужудга келадиган янги жамият учун замин тайёрлаш имконияти ҳисобланади. Бу замин нафақат иқтисодий, шунинг билан брга жамият аъзоларининг ўзларини ҳам янги жамиятга “мослаштириш” жиҳати ҳам зарур бўлади.

Бу ўтиш даврининг бир нечта моделлари тажрибасини таҳлил этиш заруриятини вужудга келтиради.

Ўтиш даврининг моделлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўтиш даври тушунчаси, унинг моҳияти ва зарурлигининг умумий назарий масалалари турли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фанлар томонидан инсоният тараққиётининг алоҳида босқичларида демократик тамойиллар асосида фаолият кўрсатадиган жамиятга ўтишдаги турли моделларининг хос хусусиятларни ўрганишни тақозо этади.

Маълумки, тоталитаризмга асослангаи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий босқичларнинг демократик жамиятга ўтиши ўта мураккаб жараён ҳисобланади. Унинг мураккаблиги шундаки, унгача содир бўлган тараққиёт босқичлари объектив эҳтиёж сифатида бирининг ичида иккинчиси шаклланиб келган, давлат ва унинг ижтимоий-иқтисодий муносабатлари шаклан ўзгарган бўлса ҳам, мазмунан у барибир оммани итоатда ушлаб туришга, унинг устидан хукмронлик қилишга қаратилган. Улардаги яна бир хусусият - «омма давлат учун» деган тамойилнинг амал қилганлиги билан ҳам харатерланади.

Демократик жамиятда эса, энг аввало, сиёсий тузум тубдан ўзгариб, халқ ҳокимиятни бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этади ва «омма давлат учун» эмас, аксинча, «давлат халқ учун» деган тамойилнинг устуворлиги асосида давлат бошқаруви амалга ошади.

Шу маънода ҳам, демократик жамиятга ўтиш жараёни давлатларнинг барча соҳаларида туб ўзгариш ишларининг амалга оширилиши натижаси сифатида намоён бўлади.

Демократик жамиятга ўтишда сиёсий соҳада давлатнинг амалдаги механизмлари тугатилади. Унинг ўрнига қурилаётган жамият манфаатларига жавоб бера оладиган механизмлар шакллантирилиб борилади. Иқтисодий соҳада эса, бозор муносабатлари қарор топади. Тараққиёт давомида омманинг ўз моддий манфаатдорлигини эркин қондира олиши асосида умумий иқтисодий ривожланиш содир бўлади. Маънавий-маьрифий соҳада инсон омили, қадр-қиммати юксак қадрият даражасига кўтарилади. Шундай жараёнлар туфайли жамиятнинг юксак интатлектуал куч асосида ривожланиши реалликка айланади.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда дунё мамлакатлари демократик жамиятга ўз идеали сифатида қарамоқда. Уни вужудга келтириш учун фаоллик кўрсатмоқда. Аммо демократик жамиятга ўтишнинг барча мамлакатлар учун ягона бўлган аниқ андозалари, яна хам аниқроғи, моделлари йўқ ва у бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки ҳар бир мамлакат ўзининг тузилиши, иқтисодий тараққиёт даражалари, моддий шу жумладан, интеллектуал имкониятларию халқнинг менталитети, турмуш тарзи, урф-одатлари ва қадриятлари билан бир-биридан ажралиб туради. Уларни ҳеч қачон бир қолипга солиб бўлмайди. Унга ҳаракат қилиш нафақат ҳеч қандай самара берибгина қолмасдан, балки оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тарихий тажриба тасдиқлаган. Шунинг билан бирга демократик жамиятга ўтишнинг барча мамлакатлар учун умумий бўлган қонуниятлари хам мавжуд. Жумладан, сиёсий тизимни ислоҳ қилиш, бозор муносабатларини шакллантириш, инсоннинг ўз ички имкониятларини юзага чиқариш учун шарт-шароитларни вужудга келтириш, жамият тараққиётида юксак интеллектуал салоҳият устуворлигини таъминлаш ва бошқа бир қатор қонуниятлар барча демократик жамият қуришга интилаётган мамлакатлар учун умумий хисобланади. Аммо умумий қонуниятлар барча мамлакатларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда демократик жамиятга ўгашни инкор этмайди. Аксинча, ўтиш даврида мавжуд бўладиган муаммоларнинг маъно-мазмунини теран англаган ҳолда, уларни собитқадамлик билан ҳал қилиш имконини беради.

Демократик жамиятга ўгиш деганда, мамлакатларнинг турли тузумлардан (тоталитаризм, капитализм, ҳарбий диктатура ва ҳ.к) демократик тамойиллар асосида ривожланиши учун вужудга келтириладиган имкониятга кетадиган оралиқ  тушунилади. Худди ана шу вақт ичида демократик жамият учун зарур бўладиган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавнй-маърифий имкониятлар яратилади. Оралиқ вақтнинг бошланиши ва унинг ўз поёнига етиши ўтиш даври масалалари қаторидаги знг муҳим аҳамиятга моликдир. Чунки бутун бу масала илмий адабиётларда ўз ечимини топганича йўқ. Унга аниқлик киритмаслнк эса ўтиш даврининг боши ва охири қаердалигини билиб олиш имконини бермайди. Тўғри, ўтиш даври икки йўналишда иқтисодий ҳаётда ва сиёсий ҳокимиятда пировардида демократик жамиятга олиб борувчи туб ўзгаришларнинг содир бўлиши ва унинг асосида ижтимоий ҳамда маънавий-маърифий соҳаларда олиб бориладиган ислоҳотларнинг бошланиши билан характерланади. Ўтиш даврининг тугаши эса демократик тамойилларнинг тўлалигича ҳаётий реалликка айланиши билан боғлиқ бўлади.

Бугунгача демократик тамойиллар асосида ривожланаётган мамлакатларнинг ўтиш даври тажрибаларига асосланиб, бу даврнинг 3 та асосий йўли ёки модели шаклланганлигини таъкидлаш мумкин:

Ø Классик, яъни анъанавий йўл;

Ø Революцион, инқилобий йўл;

Ø Эволюцион, тадрижий йўл.

Унинг биринчиси – классик, яъни анъанавий йўл ҳисобланади. Классик йўл деганда, инсониятнинг демократик тараққиёт йўлига ўтишнинг дастлабки шакли ва унинг дунёдаги кўпчилик мамлакатлар тараққиётида самара берган андозаси тушуйилади. Бу йўлнинг характерли хусусияти шундаки, унда ташқи кучларнинг аралашувисиз, мамлакатнинг ўз ички имкониятларига таянган ҳолда демократик жамиятга ўтиши амалга ошади. Бу йўлнинг яна бир асосий хусусияти шундаки, у узоқ тарихий босқичда амалга ошади. Ўтиш даврида сиёсий соҳада қанча бўҳронлар содир бўлишига қарамасдан иқтисодий соҳада ислоҳотлар амалга оширила бошланади. Бу соҳадаги муҳим тадбир хусусий мулкчиликни қарор топтириш ҳисобланади. Худди ана шу тадбирнинг муваффақиятли амалга оширилиши, мамлакат ҳаётининг бошқа сохаларида, хусусан ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий соҳаларда ҳам ислоҳотларнинг амалга оширилишига имкон беради.

Классик ўтиш даврининг характерли томони - иқтисодий соҳада хусусий мулкчилик ривожланиши туфайли аҳолининг кўпчилик қисми иш билан таъминланиши мумкин. Аммо асосий моддий бойликнинг бир қисми одамларда тўпланиб қолиши, бошқаларнинг эса унга қарам бўлиб қолишлари мамлакат ички хаётида катта бўҳронлар, ҳатто фуқаролар урушини келтириб чиқариши мумкин. Бу жараён мулк эгаларининг аҳоли фаровонлигини таъминлаш томон қиладиган ҳаракатлари ўзининг самарасини бера бошлагунича давом этади. Худди ана шу жараёнлар заминида аҳолининг сиёсий онги ҳам ўсиб боради. Уларнинг ўз ҳуқуқлари таъминланишига эришишга интилиши кучаяди. Бу ўз навбатида мамлакат сиёсий ҳаётида демократик жараёнларнинг юзага келиши ва унинг ўсиб боришига ўз таъсирини ўтказади.

Классик ўтиш даврининг бошланиши капиталистик муносабатларнинг юқори босқичи, унинг иқтисодиётда ислоҳотлар ўтказмасдан тараққий қилишига имконият етмай қолиши оқибатида юзага келади.

Бу йўлнинг классик (анъанавий) йўл дейилишига сабаб шуки, мамлакатларнинг демократак жамиятга ўтиши дастлаб худди ана шу кўринишда намоён бўлган эди. Бугун юксак тараққиётга эришган мамлакатларнинг аксарияти ана шу йўлдан борганлар. Классик йўл муаммоларнинг кўплиги, уларни ҳал қилишнинг мураккаблиги, аҳолининг бу жараёнга «кўникиб» бориши каби масалалар билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам, Оврупа мамлакатларида бу жараён икки, икки ярим асргача давом этди. Ана шу муҳлат ичида мамлакатларда иқтисодий соҳадаги ютуқларнинг заминида демократик қадриятлар ҳам шаклланди. Бу мамлакатларда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш жараёнлари давом этмоқда.

Демократик жамиятга ўтишнинг иккинчиси - инқилобий йўл ҳисобланади. Унинг характерли хусусияти шундаки, давлатларда вужудга келтирилган катта иқтисодий салоҳият кўпчилик аҳолининг турмуш тарзи нисбатан юқори бўлганлигига асосланиб, дастлаб мамлакат сиёсий ҳаётида кескин ўзгаришлар амалга оширилади. Яъни, амалдаги ҳокимият шакли барбод бўлади ҳамда унинг ўрнига янги, демократик жараёнларни ривожлантиришга мойил бўлган ҳокимият шакли ва унинг инфратузилмаси вужудга келади. Улар ўз навбатида иқтисодий хаётда кескин ислоҳотларга имконият яратади. Хусусан, амалдага миллий валюта бекор қилинади (синдирилади). Бу эса иқтисодий ислохотларни ўтказиш шарт-шароитларининг имкониятларини излашни тақозо қилади. Бунинг оқибатида аҳолининг қўлидаги моддий маблағлар ўз қийматини йўқотади ва мамлакат сиёсий ҳаётида бўлгани каби, иқтисодий ҳаётда ҳам демократик жараёнларнинг ривожланиши содир бўлади. Бу йўл ўта хавфлидир.

Инқилобий йўл учун зарур бўлган асосий омиллар қаторида:

ü собиқ тузум шароитида хусусий мулк куртакларининг сакланиб қолганлиги;

ü демократик қадриятларнинг куртаклари мавжудлиги;

ü мамлакат ҳаётини демократик тамойиллар асосида

қайта қуришга қодир бўлган интеллектуал салоҳиятнинг

етарли бўлиши;

ü


 аҳолининг маълум бир қисми ана шу демократик жараёнга ҳеч бўлмаганда мойил бўлиши каби жиҳатлар ҳал қилувчи омилдир.

Уларнинг ҳар бири инқилобий йўл учун алоҳида аҳамият касб этади. Масалан, интеллектуалларнинг ролини олиб кўрайлик. Улар мамлакат ҳаётида бўладиган ҳар бир ўзгаришни юзага келтирувчи асосий қудрат ҳисобланади. Халқ ҳокимиятдан кўра, уларга кўпроқ ишонади ва эргашади. Шу маънода ҳам, улар оммани уюштиради ва демократик жараёнларга йўналтиради. Шунинг билан бирга интеллектуалларнинг ўзи ҳам демократик жараёнларнинг мураккаб муаммоларини ҳал қилишда бардош бера оладиган, уюшган куч даражасига кўтарилган бўлиши лозим.

Интеллектуалларнинг характерли хусусияти шундаки, улар бошқа ижтимоий табақалардан кўра, жамият ҳаётида юзага келадиган жараёнларни олдиндан билишга интилишади ва бу ўзгаришларнинг бошида тура олишади. Аҳолининг маълум бир қисми мамлакатнинг ўтиш давридаги мураккаб шароитларга мойил бўлиши зарурлиги омили ҳам демократик жамият учун алохида аҳамиятга эгадир. Бу жараёнда аҳоли мураккаб муаммоларни ҳал қилишда фақат кузатувчи бўлиб, уларни ҳал қилишда фаол иштирок қилмас экан, инқилобий йўл ҳеч қандай самара бермайди. Аксинча, инқилобий йўл мамлакатни тараққиётдан орқада қолиб кетишига олиб келади. Интеллектуалларнинг ана шу кескин ўзгаришлардаги якдиллиги уюшган ташкилотлари ва ҳаракатлантирувчи кучларига айланишини тақозо этади.

Инқилобий йўл жамиятнинг сиёсий ҳаётида кескин бурилиш содир этади. Мамлакатлар сиёсий тизимида бошқарувнинг моҳиятан бутунлай янги нодемократик шакли вужудга келади. Улар ўзаро ички курашларнинг авж олиши, баъзи мамлакатларда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Бу йўл анча мураккаб ва мамлакат ҳаётида жуда катта бўҳронларга олиб келишини ҳисобга оладиган бўлсак, уни демократия тамойиллари тақозо этмайди.

Демократик жамиятга ўтишнинг учинчиси - эволюцион ёки босқичма-босқич йўл ҳисобланади. Унинг характерли хусусияти шундаки, мамлакатда амалдаги сиёсий ҳокимият тугатилиб, унинг ўрнига янги ҳокимият вужудга келиши билан, эскини кескин, «бир зарб» билан тугатмасдан, босқичма-босқич, вазминлик билан тугатиб борилади. Ҳатто, уларнинг айрим имкониятларидан ҳам фойдаланади. Худди ана шу жараёнда иқтисодий ислоҳотлар олиб борилади ва бу йўналишда янги муносабатлар шакллантарилади. Бу йўлнинг ўзига хослиги сиёсий ва иқтисодий ҳаётда ўтказилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг равишда маънавий-маърифий соҳаларни ҳам янги эҳтиёжлар асосида ривожлантирилиб борилишида ифода бўлади.

Хўш, нима учун аста-секин, босқичма-босқич ўтиш зарурияти туғилади? Агар аста-секин ўтиладиган бўлса, унинг классик йўлдан фарқли томони нимада? Унда хам аста-секинлик билан демократик жамиятга ўтилганку?

Эволюцион йўлнинг классик (анъанавий) йўлдан фарқли томонлари мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, классик йўлдан ривожланиб бориш истаги демократик қадриятлар мавжуд жамиятда юзага келади. Бунда фаолият кўрсатаёттан тузумнинг тараққий қилиши, мулк эгаларининг оддий халқнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилиб борилади. Унинг ўзига хос хусусияти, ҳар икки томоннинг ҳам манфаатдорлигидадир. Бундай шароитда демократик қадриятлар ижтимоий-сиёсий муносабатларни маърифатлаштириш туфайли халқ фаровонлигини таъминлаш омилига айланиб қолади. Ҳозирги даврда кўпчилик мамлакатлар эволюцион йўл тоталитаризм ёки диктатуралар ҳукмронлигини барбод этишнинг бирдан-бир тўғри йўли эканлигини тасдиқламоқда. Айниқса, ўртача ривожланган мамлакатларнинг демократияга ўтиши учун хос бўлган бу йўл мамлакатлар ҳаётида кескин ўзгаришларни амалга оширишнинг имкониятлари бўлмаганлиги билан хам боғлиқдир.

Иккинчидан, классик ўтиш йўлида аҳолининг дунёқараши ўзгариб боришини тақозо қилган бўлса, тоталитаризм - омманинг онгини тўлалигича ўз манфаатларига бўйсундирган жамият бўлганлиги учун ҳам уни бирданига демократияга мослаштириш ниҳоятда мураккаб кечади. Чунки онгни ўзгартириш қисқа вақтда амалга ошадиган жараён эмас, у жамият хаётида бўладиган ўзгаришларга мос равишда содир бўлади.

Айниқса, бу жараён саноат ишлаб чиқариши кам тараққий қилган, аграр сектор етакчилик қиладиган мамлакатларда аста-секинлик билан амалга ошиши ҳам қонуниятдир. Чунки бундай мамлакатларда аҳолининг сиёсий маданияти кескин ўзгартиришлар эҳтиёжларидан орқада қолган бўлади.

Учинчидан, классик ўтиш учун хос бўлган капиталистик муносабатлар шароитида демократияга ўтишда эски тузум хавф туғдирмайди, балки у ўрнини тараққиёт қилаётган янги демократик муносабатларга бўшатиб бера бошлайди.

Тоталитаризм эса янги демократик жараёнлар учун хавф туғдиради. Чунки унинг ҳукмронлиги даврида шаклланган, кучга таянган муносабатлар ва маънавий-маърифий салоҳият демократик жараёнлар ривожланишига қаршилик кўрсатиб туради. Буни ҳисобга олмаслик мумкин змас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг демократик жамиятни барпо этишда Президент И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Давлат ва жамиятни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилишда ўзбек моделининг муҳим таркибий қисми бўлгаи босқичма-босқичлик тамойилига бундан буён ҳам қатъий амал қилиниши таъминланади».[1]

Шунинг билан бир қаторда мамлакатнинг тараққиёт даражаси, халқнинг менталитети, урф-одатлари ва қадриятларини ҳисобга олиш эволюцион йўлнинг катта имкониятларидан бўлиб, бу ўтиш даврида нисбатан кам талофатлар содир бўлишига сабаб бўлади.

Кўпгина олимлар бугунги кунда эволюцион йўлни ўташ даври учун энг мақбул йўл сифатида тан олмоқдалар. Жумладан, Россия Фанлар академиясининг академиги А.Н.Яковлев шундай ёзади: «... инқилоб, бу - боши берк кўча, йўлини йўқотиш демакдир. Ўзаро жанжал ва тўполонлар шароитида ҳам қуйидан, ҳам юқоридан бошланадиган жиноятлар авж олади. Шу тариқа люпенлар жинояти ҳокимият жинояти билан бир-бирига аралашиб кетади. Инқилоб даврида шафқатсизлик мисли кўрилмаган даражага етади. У олға ривожланиш ҳақидаги назарияларни яратади-ю, охир-оқибатда ўзи ана шу ҳаракат йўлига тўғаноқ бўлади. Фақат табиий, тадрижий йўл инсонга қониқиш туйғусини, жамиятга эса ўз тараққиётини изчил, пухта ўйланган, режали тарзда амалга ошириш имконини беради».[2]


Эволюцион йўлнинг яна бир афзаллиги шундаки, бугун инсоният жуда катта интеллектуал камолот даражасига кўтарилди. Шунинг билан бирга, унинг эхтиёжлари ҳам унга мос равишда ривожланиб бормоқда. Ана шу икки жараённи уйғун ҳолатда ривожлантириш имкониятини фақат эволюцион йўлдан бориш билан ҳал қилиш мумкин бўлади. Бугун худди ана шу йўл фожеаларга олиб келувчи қарама-қаршиликларнинг оддини олишга ва тараққиётга муросаю мадора йўли билан эришиш имконини бермоқда. Бу йўл бугун ўз мустақиллигини қўлга киритиб энди тараққий зтган Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари учун ҳам самарали ҳисобланади. Улар хрзир тараққиётнинг қайси босқичларида бўлишларига қарамасдан, демократик тараққиёт босқичига ҳам табиий-тадрижий йўлдан боришлари пировард мақсадга эришиш демакдир. Аммо уларнинг ички хаётига аралашув, демократияни ташқаридан «бир зарб» билан киритишга ҳар қандай уринишлар кутилган натижа бермайди. Бундай ҳолат фақат мамлакатда ички ва ташқи зиддиятларнинг кучайишига, демократиянинг бунёдкорлик кучига эмас, уни тараққиётдан орқага улоқтириб ташловчи вайронкор куч сифатида намоён бўлишига олиб келади. Бундай шароитда мамлакатда фуқаролар уруши келиб чиқиши мумкин. Бу эса ўз навбатида мамлакатлараро, миллатлараро қарама-қаршиликларни кучайтириб, демократиянинг қарор топишига йўл қўймайди.

Эволюцион йўлнинг самарали ривожланиши учун ташқаридан бўладиган ҳар қандай «ёрдам» мамлакатда демократик жараёнлар ривожланиши учун зарур бўладиган шарт-шароитларни юзага келтиради. Чунки демократия ҳокимият бошқарувида халқнинг иштирок этиши билан белгиланар экан, уни мажбурлаб, бошқарув жараёнига жалб қилиб бўлмайди. Унинг учун эҳтиёж, зарурият, шарт-шароитларнинг юзага келиши ва халқнинг ундан фойдаланишига бўлган “табиий” интилиши шаклланмоғи керак бўлади.

Ана шу жараённинг юзага келиши эволюцион йўл билан демократик жамиятга ўтиш имконини беради. Бу йўлнинг самарадорлигини Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин.

Хуллас, эволюцион йўл бугун дунё мамлакатларининг ривожланишига ва минтақаларда барқарорликнинг юзага келишига хизмат қилмоқда ҳамда умумий тараққиёт учун самара бера оладиган йўл сифатида эътироф этилмоқда. Бу жараёнларни ўрганиш зарурий эҳтиёждир.


[1]Каримов.И.А. Бизнинг бош мақсадимиз - жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиишир. -Т: Ўзбекистон, 2005, 34-бет.

[2]Яковлев А.Н. Қайтадан кашф этилган мамлакат. Сўз боши ўрнида. «Халқ сўзи», 2001 йил 9 февраль.



[1] Левитин Леонид. Дональд С.Карлайл. Ислом Каримов – Янги Ўзбекистон Президенти. – Т.: “Ўзбекистон” 1996. 52-б.

[2] Ўша жойда. 53-б.

[3] С.Отамуратов. Миллий ривожланиш фалсафаси. Т.: “Академия”. 2005.; 212-б.

[4] Пшеварский А. Демократия и рынок. М., РоссПЕН, 2091 б. 

1 Вопросы философии 3-сон, 2001, 53-б.

1 Вопросы философии 3-сон, 2001, 53-б.

1 Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. –Т. Ўзбекистон, 1999, 74-б. 



Report Page