Давлат тилининг ҳуқуқий асослари

Давлат тилининг ҳуқуқий асослари

milliy tiklanish
Миллий тикланиш демократик партияси

Тил - миллатнинг руҳи. Ҳар бир миллатнинг бор-йўғи, ўй-фикри, орзу-умидлари унда ўз ифодасини топади. Она тили она каби азиз ва мўътабар. Она тили она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради. Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади. Тилнинг ижтимоий вазифаси шундаки, аввало у алоқа, фикр алмашиш қуроли, шунингдек, миллатларни бир-биридан ажратиб турувчи восита ҳам саналади. Шундай экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши, бошқа миллатларнинг тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Истиқлол остонасида турган халқимиз ушбу қутлуғ санани катта хурсандчилик билан қарши олган бўлса-да, бу ислоҳотни амалга оширишда мустамлака тузумининг таъсири яққол сезилиб турди. Айниқса, иш юритиш ҳужжатларини ўзбекчалаштириш борасида ўзига хос муаммолар вужудга келди.

   Бироқ, она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини ошириш масаласи ҳеч қачон эътибордан четда қолмади.

1990 йили Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш давлат дастури тўғрисида”ги қарори, 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун, 1995 йили “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбек тилининг мавқеини оширишга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотлар тўхтагани йўқ, жараён давом этмоқда.   

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида депортамент ташкил этилди. Депортамент давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш,ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш каби бир қатор вазифаларни амалга оширади.

Ўзбек тилининг мавқеини оширишга қаратилган яна бир ислоҳот эътиборга молик. Эндиликда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тили бўйича имтиҳондан ўтилади. Жорий йилнинг 28 сентябрида Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу ҳуқуқий механизм давлат тилининг мақоми, амалий аҳамиятини ошириш борасида навбатдаги муҳим ташаббуслардан биридир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Она тилимиз том маънода давлат тилига, мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган меҳр-оқибат тилига айланди.

Шундай экан,  миллий тилга чуқур ҳурмат билан ёндашиш, тилимизни эъзозлаш муқаддас бурчимиз бўлиб қолсин. Зеро, миллий тилни йўқотмоқ, миллатнинг руҳини йўқотмоқдир.


Норбобо Соатов,

Миллий тикланиш демократик партияси

Сирдарё вилоят Кенгаши раиси


Report Page