Виртуал терминаллар реал касса аппаратларига тенглаштирилди
Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар белгиланди:
электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин;
электрон тижорат субъектлари корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар;
электрон тижорат орқали реализация қилинган уч минг АҚШ долларигача бўлган товарларни экспорт қилиш почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади;
виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларига тенглаштирилади.
2018 йил 1 июлдан:
электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар учун тўловларни қабул қилиш ҳуқуқи берилади;
электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади;
электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон бўйлаб етказиб беришда лицензия олиш талаб қилинмайди;
электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилишга рухсат этилади.