Сурхондарё ғаллакорлари давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди

Сурхондарё ғаллакорлари давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди

Kun.uz


Сурхондарё вилояти ғаллакорлари давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди. Буғдой майдонлари ўтган йилга қараганда бир мунча қисқарган бўлса-да, ялпи хирмон салмоқли бўлди.

Ўтган йил кузда вилоят ғаллакорлари 95 минг гектар ерда маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос “Краснодар – 99”, “Гром”, “Таня”, “Яксарт” каби эртапишар ва серҳосил навли уруғларни оби-тобида экиб, ундириб олди. Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида кутилган ҳосил етиштирилди.

Шартнома режасининг қисқа кунларда бажарилишида Термиз, Денов, Жарқўрғон, Сариосиё каби туманларнинг ҳиссаси катта бўлди. Ўриб олинган 87 минг 530 гектардан зиёд майдонда ўртача ҳосилдорлик 50-55 центнерни ташкил этди. Қумқўрғон туманидаги “Қумқўрғон мўъжизаси”, Жарқўрғон туманидаги “Меҳнат Роҳат Тажриба”, “Чашмаи Оби Равон”, Шеробод туманидаги “Абдумурод Омад Файз”, “Шерлар Макони” фермер хўжаликларида бу кўрсаткич 65-70 центнердан ошди.

Вилоятдаги ғалла етиштирувчи 3 минг 576 фермер хўжалигининг 2047 га яқини давлатга дон сотиш шартнома режасини ошириб бажарди.

Сурхондарё вилоят ғаллазорларида комбайнлар тўла қувват билан ишламоқда. Улар яна 8 минг гектардан зиёд майдондаги ҳосилни яқин кунларда йиғиштириб олишни ниҳоясига етказади. Буғдойдан бўшаган майдонларнинг бир қисмига мош, ерёнғоқ ҳамда озуқабоп экинлар экилмоқда.

Report Page