Саодат Аллоҳга қайтишдадир
@Savollar_kanalНиҳояда зафар топишнинг аломатларидан бири бошланишда Аллоҳ таолога қайтишдир.
Ҳар бир нарсанинг аввалида Аллоҳ таолога қайтиш (тавба қилиш) ила, У Зотга суянган ҳолда, У Зотнинг Ўзидангина нажот кутган ҳолда У Зотнинг шариати асосида иш юритилса, унинг оқибати зафар билан тугаши муқаррардир.
Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, «Агар Аллоҳдан бўлса, Ўзи охирига етказади», дейиш лозим бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Менга уч кеча тушимда кўрсатилдинг. Фаришта сени менга яшил ҳарир матога солиб, олиб келар ва «Мана шу сенинг аёлинг», дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча: «Агар бу Аллоҳнинг Ўзидан бўлса, охирига етказар», дер эдим».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига тўлиқ амал қилиш керак бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида (мингашиб кетаётган) эдим. Бас, у зот:
«Эй ғулом! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни (амрини) муҳофаза қилгин, У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни(нг амрини) муҳофаза қилгин, У Зотни рўпарангда топасан. Қачон сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Қачон кўмак истасанг, Аллоҳдан кўмак иста. Ва билки, агар бутун уммат сенга бирор нарсада манфаат бериш учун жамланса ҳам Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа манфаатни бера олмаслар. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор нарсада зарар етказиш учун жамланса ҳам Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқа зарарни етказа олмаслар. Қаламлар кўтарилди ва саҳифалар қуриди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу набавий кўрсатма асосида иш бошлаган одамнинг ишининг оқибати зафар билан тугаши муқаррардир. Чунки Аллоҳ таоло билан бошланган нарса Аллоҳ таолонинг Ўзига бориб тугайди.
Ҳар бир ишни бошлашда Аллоҳ таолога ружу қилиш – қайтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб истихора қилишдан бошланади.
«Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот:
«Қачон бирортангиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг: «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сенинг улуғ фазлингдан сўрайман. Чунки Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни яхши билувчи Зотсан.
Аллоҳим! Агар ушбу иш менга динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида (охиратимда) (ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида» дедилар) яхши эканини билсанг, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида (охиратимда) – ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида», дедилар – ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил», десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.
Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарса кутиб юрилади. Кейин кўнгилга тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, ўша иш қилинади. Бу ҳақда туш кўриш ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай, туриб қолса, истихора намози яна қайтадан ўқилади. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракъатида Фотиҳа сурасидан кейин Кафирун сураси, иккинчи ракъатида Ихлос сураси ўқилади.
Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир, бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг Холиқи ва Бошқарувчиси – Аллоҳ таолонинг Ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир.
Сўнгра Аллоҳ таолодан кўмак, муваффақият ва яхши натижа тилаган ҳолида қилинажак ишга оид бўлган сабабларни ишга солиб, ҳаракатни бошлайди. Агар ўша ишда яхшилик бўлса, Аллоҳ таоло уни бандасига осон қилади ва зафар беради. Агар мазкур ишда яхшилик бўлмаса, уни банда билмаган тарафдан бошқа ёққа буриб қўяди. Ана ўшандай буриб қўйишнинг ўзи ҳам катта яхшиликдир.
Шу билан бирга, ожиз банда кўзлаган режа ҳарфма-ҳарф рўёбга чиқиши ҳам шарт эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми ила Ўзига суяниб иш кўрган бандасининг яхши натижага эришишини банданинг ўзи кўзлаган тарафдан тамоман бошқа тараф орқали бўлишини ирода қилиши ҳам мумкин. Бунинг мисоли ҳаётда жуда кўп учрайди. Аммо одамлар унга алоҳида эътибор бермайдилар.
Ёш йигит ўзи режалаштирган ўқишга кириш учун боради. Қандайдир сабабга кўра ўша ўқишга кира олмайди. Одамлардан уялиб, вақтим беҳуда ўтмасин деб ёки бошқа боҳона билан ўзи ўйламаган соҳага оид ўқишга киради. Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша соҳанинг етук мутахассиси бўлиб, дунёга танилади.
Савдогар узоқ вақт тайёрланиб, сармоя йиғиб, режа тузиб, маълум молни келтириб, катта фойда топишни режалаштиради. Аммо борган жойида ўша молни топа олмайди. Қуруқ қайтмай, ҳеч бўлмаганда йўлкирамни чиқариб олай, деб бошқа молни келтиради. Аллоҳ таолонинг фазли ила катта фойда топади ва ўша мол савдоси бўйича ватанида машҳур савдогарга айланади.
Баъзи уламолар ушбу ҳикматда кўзланган нарса фақат банданинг алоҳида ишларига хос бўлмай, балки бутун умрига ҳам тегишли эканини айтадилар. Яъни инсон ёшлигидан тақво ва ибодат ила, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини – Ислом асосида ҳаёт кечириб борса, оқибати гўзал бўлишини тажриба кўрсатганини таъкидлайдилар.
Халқимиздаги «Бўладиган бола бошидан маълум» деган ҳикматли сўз ушбу мавзуда айтилган бўлса, ажаб эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам оқибати яхши бўладиган аброрларнинг ичида ёшлигидан Аллоҳ таолонинг ибодатида ўсган ёш йигит ҳам борлиги юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ кунда соясига олур: одил имом, Роббининг ибодатида ўсган ёш йигит, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳнинг йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусни-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган нафақани чап қўли билмай қолган одам ва Аллоҳни ёлғиз ҳолида зикр қилганида кўзидан ёш оққан одам», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.
«Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ кун» қиёмат кунидир.
Қиёмат куни шиддатли иссиқ бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ололмайди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур.
Ушбу ҳадисда ўша даҳшатли қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиган одамлардан етти тоифасининг зикри келмоқда, ўша саодатмандлардан бири:
«Роббининг ибодатида ўсган ёш йигит».
Инсоннинг ёшлигида қилган тоат-ибодати алоҳида таҳсинга сазовордир. Қариб-ҳориб, ҳеч нарсага ярамай қолганда, ноилож қолиб ўзини ибодатга уриш осон нарса. Аммо ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни ҳамда ҳавои нафсни енгиб, ёшликдан тоат-ибодатни тўла адо этиб ўсиб бориш ҳақиқий қаҳрамонликдир. Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан ўсишга қаттиқ аҳамият берилади.
Аллоҳ таоло барчамизга Аллоҳга ружу қўйиш ила барча вақт ва ҳолатларда зафар топишимизни осон қилсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)