Шифокорларнинг ўртача маошлари маълум қилинди. Улар энг кам маош олувчи касб эгаларидир. Энг кўп маош олувчилар эса — молиячилар

Шифокорларнинг ўртача маошлари маълум қилинди. Улар энг кам маош олувчи касб эгаларидир. Энг кўп маош олувчилар эса — молиячилар

И.Абдужабборов

2021 йил 1 июнь ҳолатига, давлат тиббиёт муассасаларидаги олий тоифали шифокорларнинг маоши ўртача 3,2 – 4,3 млн сўмни ташкил этган.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, олий тоифали шифокорларнинг асосий маоши (нафақа тўловларидан ташқари) касби ва иш жойига қараб ўзгариб туради, энг юқори кўрсаткич 3,17 миллион сўмни ташкил этади. Оилавий поликлиникадаги умумий амалиёт шифокори — қарийб 2,76 млн сўм, патронаж ҳамшира — 1,67 млн сўм, тез ёрдам шифокори — 3,17 млн сўм, фельдшер — 1,9 млн сўм, марказий шифохоналар жарроҳи — 2,84 млн сўм, тез тиббий ёрдам марказлари жарроҳ шифокори — 3,17 млн сўм маош олади (барчаси олий тоифали).

Иш стажи учун қўшимча устамалар ҳисобга олинса, рентгенолог маоши 4,43 млн сўм, жарроҳнинг маоши 4,13 млн сўмга етиши мумкин.

Ўзбекистонда молиячилар энг кўп маош олувчи касб эгалари экан

Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг ўтган ойларида ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори даражаси молиявий ва суғурта иқтисодий фаолиятида 7 111 000 сўм, ёки республика кўрсаткичидан 2,4 баробар юқори экани, аксинча энг ками эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолиятида 2 049,0 минг сўм, ёки республика ўртача ойлик иш ҳақидан 69,0 фоизга кам эканлиги кузатилди.

Президент Шавкат Мирзиёев шанба куни инаугурация маросимидаги нутқида ўқитувчилар ва шифокорлар ойлик маошини ошириш масаласига тўхталиб ўтди.

Тараққиёт стратегисида халқ саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.

«Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

«Асосий мақсад — тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Report Page