САРДОБА: тез кунда ҳаёт изига тушади

САРДОБА: тез кунда ҳаёт изига тушади

8 мая 2020 от @SirdaryoSirdaryo viloyat Uy-joy kommunal xizmat ko'rsatish boshqarmasi axborot xizmati


Фото

Сардоба сув омборида юз берган тошқин натижасида ўша ҳудудда яшовчи аҳоли жабр кўрди, уй-жойларига зиён етди. Бу офат ҳаммамизни огоҳликка ундади. Халқимиз бирлашиб, сардобаликларга ёрдам беришга ошиқди.

Юртимизда фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ҳам уларнинг мушкулини осон қилиш учун инсонпарварлик карвонларини юбормоқда. Бугун улар бу ердаги талафотни бартараф этишда ҳам фаол қатнашмоқда.

Улар сафида Энергетика вазирлиги тизимидаги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти жамоаси ҳам бор. Ушбу корхона ва унинг таркибидаги корхоналар жамоаси Сардоба сув омбори талафотларига барҳам бериш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

“Сирдарё ИЭС” акциядорлик жамияти томонидан талафот кўрганларга биринчилардан бўлиб ёрдам берилди. Дастлаб корхона базасида жамланган зарур буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами етказилиб, жабрланган оила аъзоларига корхона ётоқхонасидан жой берилди.

“Сирдарё ИЭС” АЖ бош директори Шукурали Маматқуловнинг маълумот беришича, мазкур корхонанинг ёнғин хавфсизлиги бўлимида фаолият кўрсатаётган 50 га яқин ходим Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларига сафарбар этилган. Шунингдек, қурилиш ва бунёдкорлик ишларига ёқилғи транспорт цехи таркибидаги махсус техника воситалари ҳам жалб этилган.

– Бундай офат гирдобидан болаларим билан қандай чиқиб келганим, қандай ўй-хаёлларга борганимни ҳозир тасаввур ҳам қилолмайман, – деди сардобалик уй бекаси Нилуфар Сафарова. – Бизга “Сирдарё ИЭС” АЖ ётоқхонасидан жой беришди. Жуда оғир вазиятга тушдик. Бундай ҳолат одамга ёмон таъсир қилар экан. Лекин Президентимиз ва халқимиз кўмаги бизга катта далда бўлди. Тез кунларда ҳаётимиз тикланишига ишонамиз.

Sirdaryo viloyat Uy-joy kommunal xizmat ko'rsatish boshqarmasi axborot xizmati


Report Page