Qur’on va sunnat

Qur’on va sunnat

Manba: www.ixlos.org

Нажрондаги Бани Ҳорис ибн Каъб қабиласи ҳам у билан ёзишмалар олиб бориб, уни ўз юртларига чорладилар. Улар исломни қабул қилган, бироқ исломга рағбати йўқ қабила эди. Шу боис Асвад уларнинг юртига келгач, унга эргашиб кетдилар. Унга яна Забид, Авад, Маслия, Ҳакам Бани Саъд ал-Ашира қавмидан бўлган одамлар ҳам эргашишди. У Нажронда бир муддат турди ва бу ерда унга Амр ибн Маъдийкариб Забийдий ва Қайс ибн Макшуҳ Муродий ҳам қўшилганидан сўнг анча ўзини тиклаб олди. У Фарва ибн Масикни Муроддан, Амр ибн Маъдийкарибни Нажрондан қувиб чиқаришга муваффақ бўлди ва Санъонинг мутлақ ҳукмдорига айланиш иштиёқи миясини чулғаб олди. Сўнг кўпчилиги Бани Ҳорис ва Ансдан ташкил топган олти ё етти юз отлиқ аскари билан Санъога йўл олди. Санъоликлар Шаҳр ибн Бозон Форсий бошчилигида унинг қаршисига чиқдилар. Шаҳр отаси билан бирга мусулмон бўлган эди. Улар Санъо ташқарисидаги Шуъуб деб аталган бир минтақада тўқнаш келдилар. Ўртада шиддатли жанг бўлди ва жангда Шаҳр ибн Бозон ўлдирилиб, санъоликлар ортга чекиндилар. Асвад Ансий чиққанидан 25 кун ўтгач Санъони қўлга киритди ва Ғамдон қасрига келиб ўрнашди[4].

У мусулмонларга нисбатан ўта бешафқат муомалада бўлди, уларни қаттиқ азобларга гирифтор қилди. Масалан, Нўъмон исмли бир мусулмонни аъзоларини бирма-бир чопиб ўлдирди. Шунинг учун унинг қўли остидаги минтақалардаги баъзи мусулмонлар ўзларининг мусулмонликларини яшириб юришга мажбур бўлдилар. Аммо унинг ҳукми остидан ташқарида бўлган мусулмонлар қайта жамланиб, сафларини тартибга келтиришга уриндилар. Фарва ибн Масик Муродий Аҳсия деган жойга чекиниб борди ва ўз атрофига мусулмонларни қайта бирлаштирди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Асвад Ансий ҳақида мактуб ёзиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Асваднинг хабарини биринчи бўлиб ундан эшитдилар. Ўша пайтда Яманда бўлган Абу Мусо Ашъарий ва Муоз ибн Жабал Ҳазрамавтга келдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломда маҳкам турган кишиларни Асвадга қарши қўзғолишга чорлаб элчилар юбордилар, уларни Асвадни йўқ қилишга ва унинг ишига тамомила барҳам беришга буюрдилар. У зот Ҳимяр ва Ҳамдон қабиласи бошлиқларига Асвад Ансийга қарши бошқа қабилалар билан жипслашиб ҳаракат қилишга чорлаб элчилар ва мактублар йўлладилар, Абу Мусо Ашъарийга, Муоз ибн Жабалга, Тоҳир ибн Абу Ҳолага ва бошқа кўзга кўринган шахсларга мактублар йўллаб, барчаларини Асвад Ансийга қарши бирлашиб жанг қилишга буюрдилар.

Шундай қилиб, Ямандаги барча мусулмон кучлар Асвад Ансийга қарши бирлашди. Улар уни ўлдиришга қарор қилгандилар, чунки унинг ўлимидан сўнг тарафдорларидан асар ҳам қолмаслигини яхши билардилар. Мусулмон қўшини бошлиқларидан бўлган Феруз ва Дозавайҳ Асваднинг лашкарбошилардан бўлган Қайс ибн Макшуҳ Муродий билан тил топишдилар ва уни Асвадга қарши ўз тарафларига оғдирдилар, чунки Асвад билан унинг орасида келишмовчилик бор эди. Асваднинг хотини Озод Форсияни ҳам ўз сафларига қўшдилар. У аслида Шаҳр ибн Бозоннинг хотини ва Ферузнинг амакиваччаси эди. Асвад унинг эрини ўлдириб, ўзини хотин қилиб олган эди. Бу аёл ҳам мусулмонларнинг Асвадни ўлдириш режасига бош қўшди ва уни ухлаб ётган ўрнида ўлдирилишига ёрдам берди.. Асвад ўлдирилгач, унинг калласини асҳоблари орасига улоқтирилди, бундан уларни қўрқув олди ва тумтарақай бўлиб кетдилар[5]..

Ансийнинг ўлдирилгани хабари ўша кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга самодан келди, у зот асҳобларига хушхабар бериб: “Бу кеча Ансий ўлдирилди, уни муборак хонадон аҳлидан бўлган бир киши ўлдирди”, дедилар. “Ким у?”, деб сўралганида “Феруз”, деб жавоб бердилар[6].

Асвад Ансийнинг ўлдирилиши тафсилотлари Абу Бакр Сиддиққа сал кейинроқ, Усома қўшини чиққанидан кейин етиб келди. Бу Сиддиққа Мадинадалик чоғида етиб келган биринчи фатҳ хабари бўлди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Феруз Дайламийни Санъога волий этиб тайинлади ва унинг ўзига бу ҳақда мактуб юборди. Санъога Қайс ибн Макшуҳ Муродийни волий этиб тайинламади, чунки у Асвад Ансийга хайрихоҳ бўлган ва қабилавий таассубчилик туфайли унга эргашиб кетган эди. Абу Бакрнинг одати муртад бўлиб қайтган кимсалардан ёрдам олмаслик эди. У Дозавайҳ, Жашиш ва Қайс ибн Макшуҳни Ферузга ёрдамчи этиб тайинлади. Волийликка умидвор бўлган Қайс бу ишдан норози бўлди ва ғазабланиб, уччаласини ўлдириш пайига тушди ва пайт топиб Дозавайҳни ўлдиртириб юборди ҳам. Шундан сўнг Феруз ўз жонидан хавотирланиб Хавлондаги тоғалари олдига қочиб борди. Қайс баъзи қабилалар бошлиқларини ҳам ўзига оғдиришга уринди, бироқ кўп қабила бошлиқлари бетарафликни ихтиёр этишди ва на унга, на Ферузга хайрихоҳлик кўрсатишди. Шундан сўнг Қайс Асвад Ансийнинг чор атрофга сочилиб кетган тарафдорларини йиғиш ҳаракатига тушди. Феруз Дайламий Хавлонга етиб боргач, у ердан Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Қайсдан содир бўлган ишларни ёзиб юборди. Абу Бакр амирларига Ферузга ёрдам беришни амр этиб ва уни волий этиб тайинлаганини билдириб мактуб йўллади[7].

[1] Умарий, “Асрул хилофатир рошида” (364-бет).

[2] Шужоъ, “Ал-яман фий содрил ислом” (256-бет).

[3]  “Ал-бадъу ват-тарих” (5/154).

[4] Аввалги манба (5/229).

[5] Шужоъ, “Ал-яман фий содрил ислом” (273-бет).

[6] “Тарихи Табарий” (4/55).

[7] “Тарихи Табарий” (4/140).


Report Page