Qur’on va sunnat

Qur’on va sunnat

Manba: www.hikmatnuri.com

Шайтон олдида мағлуб бўлманг ва ўрнингиздан туриш- дан тараддудланманг. Кенглиги Еру Осмонларча келадиган ва тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари юринг. У ерда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган неъматлар бор…

Аллоҳ сизни мақсадларингизга эриштирсин ва жойин- гизни жаннатда қилсин!

Мусулмон дўстим!

Келинг, салаф солиҳ зиммаларида масъулиятлар бўлишига қарамай тоат-ибодатларга қандай эътибор берганига бир боқайлик.

Мана бу Қози Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) қозилик мансабига ўтиргач ҳар куни икки юз ракаат намоз ўқир эди («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/293).

Ҳатто мусулмонлар халифаси Ҳорун ар-Рашид (раҳимаҳуллоҳ) халифа бўлган кунидан бошлаб то ўлгунича, бирон сабаб чиқиб қолмаса, ҳар куни юз ракаат намоз ўқир эди («Таъриху Бағдад» 14/6).

Уларнинг ибодат ўрни бўлгани учун масжидга катта эътибор берар эдилар. Атоъ ибн Ясор (раҳимаҳуллоҳ) масжидда савдо қилаётган одамни чақириб: «Бу ер – охират бозоридир. Бор, дунё бозорига чиқ!»– деди.

Дангасалик ва лоқайдликни кўрган пайтимизда шоирнинг ушбу сўзларини мисол қилиб келтирамиз:

Ҳар нарсада бордир Унга аломат,

Унинг танҳолигига қилар далолат.

Унга гувоҳдир ҳар бир ҳаракат,

Осудалик, жимлик, ҳамда сукунат.

Ажабо, қандай исён қилинар бундай илоҳга.

Шунинг чун ҳайронман даҳрий-густоҳга!

 

Аллоҳнинг ҳузурида туриш

Намознинг фарз ва вожиблари, суннат ва мустаҳабларини тўкис, хушуъ ва Аллоҳга бўлган тавозеъ, жиддийлик ва тафаккур билан адо этишлари, уларнинг намозга тўкис риоя қилганларининг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло уларни мақтаб: «Улар намозларида хушуъ билан турадилар» (Мўъминун: 2)– деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши намозидан буриларкан, унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, олтидан бири, бешдан бири, чораги, учдан бири, ярмигина ёзилади»– дедилар (Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти. Бу ҳадисни аллома Албоний саҳиҳ деган).

Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) минбар устида туриб: «Кишининг соқоллари Ислом динида оқарган, бироқ Аллоҳ учун намозини тўкис қилмаган бўлади»– деганларида: «Қандай қилиб?»– деган савол берилди. Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу): «Намозда туриб намозининг хушуси, тавозеси ва Аллоҳга йўналишни тўкис қила олмайди»– деб жавоб бердилар («Эҳяу улумид-дин» 10/202).

Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) бу сўзларни Исомнинг аввалги даврларида айтган эди. Бизнинг бугунги кундаги воқеълигимиз ҳақида нима дейишимиз мумкин?! Аллоҳим раҳм қилган кимсалардан бошқа кўп одамларни дунёнинг ишлари ҳар тарафга тортмоқда. У бадани билан намоз ўқисада, фикри билан дунёга, дунёнинг бозорларига савдо-сотиқ учун кетмоқда, фойда ёки зарар қилмоқда… Бу – ғафлатдан бошқа нарса эмасдир!!

Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Омир ибн Абд Қайс (раҳимаҳуллоҳ) одамларнинг намозда тирикчиликни эслаганларини айтишаётганини эшитиб қолди ва: «Шундай бўлаяптими?»– деб сўради. Улар: «Ҳа»,– дегач: «Намозимда бундай бўлишидан кўра қорнимга турли тарафидан найзаларнинг санчилиши мен учун севимлидир»– деди (Имом Аҳмад «Зуҳд» 321).

Аллоҳга қасамки, бу – Аллоҳни лойиқ бўлганидек таниган ва намозларни тўкис ўқиган одамнинг воқеъсидир. Ҳаммод ибн Салама (раҳимаҳуллоҳ): «Мен қачон намозга турсам, кўз ўнгимда жаҳаннам гавдаланади»– деди («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/219, «Шазаротуз-заҳаб» 1/263).

Азиз дўстим, жаҳаннам оташига тушишдан қўрқадиган одамнинг намозни қандай бўлишини тасаввур қилиб кўринг? У – Аллоҳнинг азобидан қўрқиш, Аллоҳ ҳузуридаги неъматлардан умид қилиш намозидир. У – дунё билан ви- долашган, қилган амаллари билан охират ва охират неъмат- ларидан умидвор бўлган одамнинг намозидир. Сиз Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган васиятига амал қилинг: «Ўғилчам, намоз ўқисанг видолашаётган одамнинг намозидек ўқи! «Мен бу намозни яна бир марта ўқий оламан» деб хаёл қилма! Ўғилчам, унутмаки, мўъмин икки яхшилик ўртасида ўлади: бири қилгани, иккинчиси эса қолдиргани» (Софватус-софваҳ» 1/496).

Агар ҳар биримиз ўз намозида шу ҳолатда бўлса ва масъулиятни ҳис этса, намозни лойиқ бўлганидек Аллоҳга итоат қилиб адо этган бўлар эди.

Эй Сен, Унга бошлар эгилиб, хушуъ қилган Зот!

Буйруғига барча махлуқ бўйинсунган Зот!

Пешонамни қўйиб сажда қиламан Сенга,

Ҳокисорлик қилмадим, иллоки Сенга!

(Доктор Юсуф Қарзовий девони, 32).

Бакр Музаний (раҳимаҳуллоҳ) намозга ҳарислик ва уни тўкис шаклида адо этишга чақириб шундай дейди: «Агар намозинг сенга фойда беришини орзу қилсанг: «Бундан бошқа намоз ўқимайман!»– де» («Жомиъул улуми вал-ҳиками» 466).

Агар биз шу йўлдан кетсак аҳволимиз ўзгарар, ишимиз тузалар, намозимиз қоим бўлар эди. Чунки, намоз мусулмоннинг дунёдан охиратга чиққан йўлидаги озуқаси ва қабрида илк сўраладиган нарсадир.

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Агар мен Мансур ибн Мўътамир (раҳимаҳуллоҳ)ни намозда кўрсам: «У ҳозир ўлиб қолади!»– дер эдим» («Софватус-софваҳ» 3/114).

Бу – унинг намозга қаттиқ эътибор бергани ва комил адо этишга ҳаракат қилганидан эди. Ҳар бир намозини шундай ўқишга одатланган одамнинг намози – бундан кейин ўқилмайдиган намоз бўлади ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) таъкидлаганидек, иншааллоҳ, унинг хотимаси яхши бўлади: «Мудом намозда экансан подшоҳнинг дарвозасини қоқасан. Қоққан одамга подшоҳнинг дарвозаси очилади» («Софватус-софваҳ» 1/415). Аллоҳ Ўзига итоат этган, буйруқларига ижобат қилган ва таъқиқларидан сақланган бандага нисбатан раҳмлиларнинг раҳмлироғи ва ҳурматлаганларнинг ҳурматловчироғидир.

Шубрума (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Биз Карз Ҳорисийга сафарда ҳамроҳ бўлган эдик. Бирон ерга қўнсак у атрофга боқар ва диққатини тортган жойга бориб, кетгунига қадар намоз ўқир эди»(«Софватус-софваҳ» 3/120).

Чунки унинг қалби тоат-ибодатларга боғланган, ҳар бир замони эса ибодат эди. Ахир умри бир неча йил ва нафаслари белгилаб қўйилган бўлса, инсон умрида ўйин-кулгу ва беҳуда нарсаларга ўрин қоладими?!

Бўш қолсанг кундузлари билиб ғанимат,

Ўқи намозни ихлос-ла, икки ракаат.

Ҳақсиз нарсани айтмоқчи бўлсанг

Ўрнига ҳеч тинмай тасбеҳларни айт!

Тилинг буррою, ҳаким бўлса ҳам,

Сукут сақлашинг яхшидир, албат!

Саноқли кунлар ва белгиланган лаҳзаларни тоат-ибодатда ўтказингиз ҳамда Аллоҳ таолонинг даргоҳидаги туганмас неъматлар умидида жиддий ва сабот билан амал қилингиз!

Салафнинг ҳаёти – ибодат, итоат, солих амал ва тақводан иборат эди. Омир ибн Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ)га: «Нафсингиз намозда сизга бирон нарса дейдими?»– деб савол берилганида: «Ҳа, (Қиёмат кунида) Аллоҳнинг ҳузурида турганим ва икки диёрдан бирига кетаётганимни»– деб жавоб берган эди («Эҳёу улумид-дин» 1/202).

Бугун ўз ҳолимизга қаранг, нафсимиз намозда бизга нималар дейди?!

Хотира ва хаёллар намозимизда ёпирилиб келади. Баъзида намозимиз давомида булардан қутила олмаймиз. Гўё намоз фикр ва туйғулар келадиган майдонга ўхшайди. Намозда сотиш ва харид қилиш кучаяди!! Фойда ва зиёнлар ҳисоботи намозда такрорланаверади… Ҳатто, айрим одамлар Аллоҳнинг ҳузурида турган бўлишларига қарамай олис-олисларга сафар қилиб, қайтиб келади! Агар бирон бир масъул одам олдида турса, диққатини бузмайди, ҳар бир нарсани ёдида тутади. Аммо намозда-чи, саноқлари оз, Роббим марҳамат қилган кимсалардан бошқа кўпчилик, намозини тўкис адо эта олмайди?!

Дўстим!

Қайғуси эртаю кеч «Аллоҳ» бўлган банданинг эҳтиёжларини, Аллоҳнинг Ўзи зиммасига олади. Унинг барча қайғуларини кушойиш қилади. Қалбини Аллоҳга бўлган муҳаббат, тилини Аллоҳнинг зикри, узвларини Аллоҳнинг итоатига мойил қилади. Эртаю кеч дунё ғамини қилган бандага, Аллоҳ, дунёнинг ғаму қайғусини юклайди, ўзини ўзига ташлаб қўяди. Қалбини бандалар муҳаббати, тилини уларнинг зикри, узвларини эса уларга бўлган хизматга мойил қилиб қўяди. У бошқалар хизмати учун ваҳший ҳайвонлар бошқалар учун “хизмат” қилишганидек хизмат қилади («ал-Фавааид», 110).

Абу Абдурраҳмон Айдий айтди: «Мен Саид ибн Абдулазиздан: «Намозда нега йиғлайсиз?»–деб сўрадим. У: «Жиян, нега бу ҳақда савол бераяпсиз?»– деди. – Шояд Аллоҳ бу билан менга ҳам фойда берар,– дедим. У: «Намозга турдим-ми, олдимда жаҳаннам гавдаланади!!»– деди («ас-Сияр» 5/259).

Шунинг учун ҳам, Осим ибн Абу Нажуд намоз ўқиса қоққан қозиқдек қимирламай турар эди. Жума кунлари жума намозидан сўнгра асргача масжиддан чиқмасди. У – тинимсиз намоз ўқийдиган яхши обидлардан эди. Бирон эҳтиёжи учун кўчага чиқиб масжидни кўриб қолса: «Бу ёққа кел, эҳтиёжимиз қочиб кетмас»– деб масжидга кирар ва намоз ўқир эди.

У вафот этди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Биз-чи, ҳануз:

«Эртаю кеч чопмоқдамиз эҳтиёжлар ортидан,

Тирикларнинг эҳтиёжи ўлмас экан, туганмас.

Ўлсак агар бирга ўлар эҳтиёжлар

Яшар экан, эҳтиёжнинг тугагани билинмас!»,

деб айтилганидек ҳолдамиз. Аллоҳнинг Ўзи бизга раҳм қилсин!

Бировимиз ажал келиб ўлгунича дунё ортидан чопмоқда. Ҳолбуки, унга қилган солиҳ амалларигина фойда қилади.

Қосим ибн Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Эрталаб турсам Оиша разияллоҳу анҳонинг олдига кириб, унга салом берардим. Одатдагидек бир куни эрталаб Оиша разияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, салом бердим. У чошгоҳ намозини ўқиётган ва: «Аллоҳ бизга лутф қилди ва бизларни жаҳаннам азобидан қутқарди» (Тур: 27) оятини тиловат қилаётган экан. У йиғлар, дуо қилар ва оятни такрорлар эди. Мен кута-кута зерикдим. У эса пинагини бузмай ибодатига давом этди. Буни кўргач бозор томонга йўл олдим ва: «Эҳтиёжларимни олиб, қайтиб келарман»– дедим. Бозордан қайтиб келсам, У, ҳануз оятни такрорлар, йиғлар ва дуо қилар эди» («Эҳёу улумид-дин» 4/436).

 

Чошгоҳ намозини ўқишлик суннати

Бугунги кунда талайгина одам чошгоҳ намозини ўқиш суннатини адо этмай қўйишди. Уни озгина одамларгина ўқимоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ўз ҳадисларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга бу намозни ўқишга васият қилган эдилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: «Халилим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал- лам менга уч нарсани васият қилди: ҳар ойда уч кун рўза ту- тиш, чошгоҳнинг икки ракаат (намоз)и ва (кечаси) ухлашдан илгари витр (намози)ни ўқиш» (Муттафақун алайҳ).

Бугун бомдод намозини қолдирмай ўқиётган кишилар ҳам бомдод пайтидан пешингача бўлган муддат ичида Аллоҳни жуда ҳам оз зикр қилмоқалар. Ҳолбуки, бу – узоқ муддат ва бебаҳо лаҳзалардир. Гоҳо бу муддат ичида дунёни эслаш ва у билан машғул бўлиш оқибатида охиратдан ғафлатда қолинмоқда.

Орзулар уммонига чўмганинг маҳал

Дунёлар сеники бўлиб қолади.

Ажалинг етиб ўлим келган он

Орзулар ортингдан тинмай қолади.

Гўёки суғорилган хурмо ниҳоли

Бир кун келиб катта хурмо бўлади.

Инсон-чи, ажали етгани замон,

Мурдага айланиб, адо бўлади!

(«Таъриху Бағдад» 12/318).

Салаф хушуъси

Намозга бўлган муҳаббат, уни зоҳиран ва ботинан мукаммал суратда адо этиш учун шошилиш – қалбдаги Аллоҳнинг муҳаббати ва Аллоҳга дуч келишга бўлган иштиёқнинг аломатидир. Намоздан юз ўгириш, уни адо этишда ялқовлик қилиш, муаззин чақириғига лоқайдлик қилиб, мусулмонлар жамоати билан бирга эмас, масжиддан бошқа ерда танҳо ўқиш, ҳақиқатда, қалбда Аллоҳ муҳаббатининг йўқлиги ва Аллоҳ ҳузуридаги неъматларни тарк этиш аломатидир («Солатул-жамаати»).

Келинг, салафнинг намоздаги ҳоли ва хушуъсига бир назар ташлайлик.

Маймувн ибн Ҳайён (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Муслим ибн Ясор (раҳимаҳуллоҳ)нинг енгил ёки узоқ намоз ўқир экан, (бирон ҳодиса туфайли) масжиддан бурилиб чи- қиб кетганини кўрмадим. Бир куни масжиднинг бир тарафи қулаб тушди. Бозорда турган одамлар унинг йиқилишдан ташвишга тушган бўлсаларда, Муслим ибн Ясор масжид ичида пинагини бузмай намозини давом эттирган эди» (Имом Аҳмад «аз-Зуҳд» 359).

Халаф ибн Айюб (раҳимаҳуллоҳ)дан: «Намозингизда пашша сизга озор бермайдими. Нега уни ҳайдамайсиз?»– деб сўралганида: «Нафсимни намозимни бузадиган ишларга ўргатмайман»– деб жавоб берди. – Бунга қандай сабр қиласиз?, дейилганида эса: «Менга фосиқларнинг султон қамчиларини егач: «Фалончи бардошлидир!» деб айтилган сўзданфахрланганларини эшитдим. Шундай экан, битта пашша учун мен қандай ҳаракат қилай!!»– деб жавоб берди («Эҳёу улумид-дин» 1/179).

Ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) намозда хушуъси сабабли тахтадек қотиб қолар эди.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) кўп намоз ўқигани учун «қозиқ» деб аталар эди («ас-Сияр» 6/400).

Салафнинг мудом ибодатда бўлганлари ва кўп намоз ўқиганларини Абу Убайдуллоҳ ал-Вазирнинг набираси – Убайдуллоҳ ибн Сулаймон (раҳимаҳуллоҳ) шундай тавсифлайди: «Бобом иккита жойнамозни эскиртди. (Бобомнинг обидлардан эканини билардим. У бундан бир неча йил илгари вафот этди). Учинчи жойнамозни ишлата бошлаган ва кўп намоз ўқигани учун тиззалари, юзи ва кафтлари теккан жойларнинг оҳорини тўккан эди».

Бобом ҳар куни беш минг кишига етадиган унни садақа қиларди. Нархлар кўтарилгач ўн минг кишига етадиган унни садақа қила бошлаган эди».

Намоздан уларни бирон нарса чалғита олмас, Аллоҳ билан ўрталарини тўса олмас эди. Ҳушёрлик – намоз ўқиш ва Аллоҳдан хушуъ қилишгагина қаратилган эди.

Абу Абдуллоҳ Нубоҳий (раҳимаҳуллоҳ) кунларнинг бирида тарсусликларга имом бўлиб намоз ўқир экан, (жиҳодга) сафарбарлик нидоси қилинди. У намозини енгиллатмади. Намозни ўқиб бўлгач: «Сен – жосусмисан?»– деб савол берилганида: «Нега бундай деяпсизлар?»– деб савол билан жавоб қайтарди. «Чунки, жиҳодга сафарбарлик ҳақида нидо қилинганида намозингни енгил ўқимадинг?»– дейишганида: «Мен намоз ўқишга киришган одамнинг қулоғига Аллоҳ қилган хитобдан бошқа нарсанинг киришини тахмин этмайман»– деб жавоб берди («Софватус-Софваҳ» 4/279).

Салаф, аллома ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) «Латоифул-маъариф» китобида қаламга олганидек, Аллоҳ таолонинг:

«Яхшиликлар учун беллашинглар!» (Бақара: 148) ва:

«Роббингизнинг мағфирати ва кенглиги Осмону Ерларча бўлган жаннат учун шошилинглар!» (Оли Имрон: 133) оятларини тинглар эканлар, уларнинг ҳар бири бошқалар билан бу эҳтиромга лойиқ бўлиш учун беллашиши ва бу олий мақомга эга бўлиш учун шошилиши кераклигини тушунар эди. Агар бировнинг ўзи қила олмайдиган амални қилаётганини кўрса, ўша одамнинг беллашув ғолиби бўлишидан қўрқар, ютқизгани учун ўкинарди. Уларнинг беллашувлари охират мақомлари ва унга сазовор бўлиш эди. Улардан сўнг бир авлод дунёга келиб, ишни аксига айлантирдилар. Натижада, уларнинг беллашувлари пасткаш дунё ва унинг фоний насибаларидан нарига ўтмай қолди.

Мана бу Абу Талҳа (разияллоҳу анҳу) дарахтлари кўп бўстонда намоз ўқиди. Бирдан, дарахтларнинг биридан учган қуш унинг нигоҳини тортди (ва хаёли бўлиниб) неча ракаат намоз ўқиганини билмай қолди!!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошига келган ФИТНАни айтиб: «Ё Расулуллоҳ, у (бўстон) – садақадир. Хоҳлаган жойингизга ишлатинг!»– деди («Эҳёу улумид-дин» 1/194).

Бир одам ўзининг мевалари етилиб қолган хурмо бўстонида намоз ўқир экан, бўстонидан қувонди ва неча ракаат намоз ўқиганини билмай қолди. У бу ҳодисани Усмон разияллоҳу анҳуга айтиб: «У бўстон – садақадир. Уни Аллоҳ йўлида ишлатинг!»– деди. Усмон разияллоҳу анҳу уни эллик минг динорга сотдилар («Эҳёу улумид-дин» 1/194).

Бу икки шахс намоз ва намоз аҳамиятининг буюклиги сабаблигина шундай қилдилар.

Дўстим, биз бу дунёни икки намоз ўртасига омонат қўйишимиз керак: бири ўқиган намозимиз, иккинчиси эса келишини кутаётганимиз намоз. Биз ҳар бир намозни (ҳаётдан) видолашаётгандек ўқишимиз зарур. Шояд Аллоҳ бу билан ҳаётимизни хайрли хотима билан тугатиб, яхшиликларимизни қабул айлар ва Ўз лутфу карами билан гуноҳларимизни кечирар.

Муҳаммад ибн Исмоил – «Имом Бухорий» тунларнинг бирида намоз ўқир экан ўн етти марта ари чақди. У намозни тугатгач: «Қаранглар, менга нима озор берибди?»– деди («ас-Сияр» 12/ 441).

Бу сабр уларнинг хушуълари, Роббиларига қилаётган муножотларида диққатли бўлганларидан келиб чиққан. Инчунун, Абу Наср Фародис (раҳимаҳуллоҳ) Саид ибн Абдулазиз (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «Мен намозда кўз ёшларимнинг бўйрага тушган томчиларининг товушини эшитаман»– деганини нақл қилди («Тазкиратул-ҳуффааз» 1/219).

Қалбимиз қорайгани туфайли, биз, кўз ёшларини рамазон ойидагина кўрамиз. Унда ҳам қалблари нозик, Роббиларига хушуъ қилиб, пешоналарини ҳокисор қилган бир ҳовуч инсонларда кўрамиз, холос!

Солиҳларни ёшларининг улғайиши ва баданларининг заифлиги Аллоҳ таоло ҳузурида узоқ туришга тўғаноқ бўлмаган. Абу Исҳоқ Субайъий (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Мен аввалгидек намоз ўқиёлмай қолдим. Танам заифлашди. Бугун намозга турсам Бақара ва Оли Имрон сурасинигина ўқий олаяпман!» («Софватус-софваҳ» 3/104).

Намозга ўзи туришга кучи етмай қолган одам ҳақида Абу Ало Абдий (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Абу Исҳоқ Субайъий (раҳимаҳуллоҳ) бировнинг ёрдамисиз ўрнидан тура олмас эди. Намозга ҳам бировларнинг ёрдами билан оёққа турар ва қаддини тик тутиб минг оят ўқир эди»(«Софватус-софваҳ» 3/105).

Атоъ ибн Абу Рабоҳ (раҳимаҳуллоҳ) ибн Журайж нақл қилганидек эди: «Мен Атоъ (раҳимаҳуллоҳ)дан ўн саккиз йил айрилмадим. У мўйсафид ёшида ҳам намоз ўқишга киришар, тик тургач ҳеч қимирламай Бақара сурасининг икки юз оятини ўқир эди» («Софватус-софваҳ» 2/213, «ас-Сияр» 5/87).

Унда уч нарса: қарилик, қувватсизлик ва узун қироат жам бўлган ва у қимирламай тек туриш билан хушуъда эди.

Келинг, энди узун намоз ўқиш билан донғи чиққан Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳу ҳақида Муслим ибн Баноқ Маккий (раҳимаҳуллоҳ) айтган сўзга қарайлик: «Ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) рукуъ қилди ва мен Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моида сураларини ўқиб бўлсам ҳам бошини рукуъдан кўтармади!!» («ал-Бидая ван-Ниҳая» 8/359, «ас-Сияр» 1/767).

Солиҳ кишиларнинг ибодатдаги тиришқоқликларини Валид ибн Алий (раҳимаҳуллоҳ) айтган нарсалар ҳам таъкидлайди: «Рамазон ойининг таҳажжудида бизга бир юз йигирма ёшли Сувайд ибн Ғафлаҳ (раҳимаҳуллоҳ) имом бўлар эди».

Маъруф (ибн Васл Таймий раҳимаҳуллоҳ) Амр ибн Саъд уруғининг масжидида имом эди. У хоҳ сафарда, хоҳ турар-жойида бўлсин, Қуръонни уч кунда хатм қилар эди. Қаттиқ эътибор бергани учун, имом бўлиб ўқиган олтмиш йил мобайнида намозида бирон марта ҳам адашмади.

Толқ ибн Ҳубайб (раҳимаҳуллоҳ): «Мен Аллоҳ учун белим оғригунича (намозда) туришни севаман»– деди ва Қуръонни бошидан бошлаб Ҳижр сурасигача ўқиб, сўнгра рукуъ қилди.

Собит Баноний (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Мақом(и Иброҳим) орқасида намоз ўқиётган Абдуллоҳ ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу)нинг ёнидан ўтар эканман, у гўё тиклаб қўйилган ходадек турар эди» («ал-Бидая ван-Ниҳая» 8/358).

Шикоятни Аллоҳдан бошқасига қилмаймиз. Ҳаётимизда энг тез адо этиладиган нарса намоз бўлиб қолди. Баъзиларимиз намозини қушлар чўқигандек тез, бошқаларимиз керакли даражада хушуъсиз, кўпчилигимиз эса эътиборсиз ва иштиёқсиз равишда ўқимоқдамиз.

Агар бу намозхонларнинг дунёвий манфаатлари ҳақида ўйлаб кўрсак, улар киссасига кирадиган чақалар ҳақида қанчалар диққатли, дидли, шошилмаган ва фидоийлик қилаётгани кўзларимиздан қочмайди.

Бизга нима бўлдики, намоздан юз ўгириб, масъулиятларимизни зое қилаяпмиз?

Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) намозда турса гўё ташлаб қўйилган кийимга ўхшар эди (Имом Аҳмад «Зуҳд» 231).

Саид ибн Жубайр (разияллоҳу анҳу) намозда қозиқдек (қимирламай) турар эди («Софватус-софваҳ» 3/77).

Севимли дўстим, улар қаерда-ю, биз қаердамиз?

Абдуллоҳ ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) рукуъда экан қузғун келиб унинг орқасига қўна олар, сажда қилганида эса гўё ташлаб қўйилган кийимлардек турар эди («ал-Бидая ван-ниҳая» 8/359).

Биз ушбу хушуъ ва хотиржамликдан ҳайратланамиз. Сабаби, биз уларни кундалик ҳаётимизда кўра олмаяпмиз. Фақатгина…

Анбас ибн Уқба (раҳимаҳуллоҳ) сажда қилганида устига чумчуқлар қўнар, у эса гўё деворнинг бир бўлагидек турар эди («аз-Зуҳд» 496).

Келинг, солиҳлар билан бирга юрайлик. Мана бу Абу Бакр ибн Айёш айтмоқда: «Мен Ҳубайб ибн Абу Собит (раҳимаҳуллоҳ)нинг сажда қилаётганини кўрдим. Агар уни (сажда қилаётганини билмасдан) кўрсам эди, узоқ сажда қилганидан ўлиб қолибди, дер эдим» («ас-Сияр» 5/291).

Иброҳим Таймий (раҳимаҳуллоҳ) сажда қилса, деворнинг бир парчасидек қимирламай турар ва унинг устига чумчуқ- лар қўнар эди («ас-Сияр» 5/61).

Ибн Ваҳб (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Мен (Суфён) Саврий (раҳимаҳуллоҳ)нинг Ҳарамда шомдан сўнгра намозни бошлаб сажда қилганини ва ҳуфтон намозига азон айтилганидагина саждадан бошини кўтарганини кўрдим» («ас-Сияр» 7/266).

Улар ўзлари учун тикилган жаннат байроғи сари енг шимардилар. Жаннатга элтувчи тўғри йўл кўрсатилгач, у йўлда устивор қолдилар. Абадулабад мангуликдаги, боёнлик ҳаёти билан туганмас, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсаларни тушдек ёки тушда кўринган ёлқиндек, ғам-ғуссаларга йўғрилган, бир кулдирса, минг йиғлатган, бир ой қувонтирса ойлар давомида қайғуга солган, қайғулари қувончларидан бир неча баробар ортиқ, аввали хатар ва охири нобудгарчилик бўлган дунё эвазига сотишни катта зарар деб билдилар.

Абу Қутн (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Шўъба ибн Ҳажжож (раҳимаҳуллоҳ)ни қачон рукуъ ёки сажда қилганини кўрсам: «Ажабо, унутдими?!»– деб ўйлаб қолар эдим» («Тазкиратул-ҳуффааз»: 1/193).

Алий ибн Фузайл (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен (Суфён) Саврий (раҳимаҳуллоҳ)нинг сажда қилаётганини кўрдим. (Каъбани) етти марта тавоф қилиб чиқсам ҳам, у саждадан бошини кўтармаган эди» («ас-Сияр»: 7/277).

Севимли дўстим, биз улар олдида киммиз?!

Тақводор ўлсада, ичимизда мудом тирикдир,

Ичимизда яшаган кўплаб инсон – ўликдир!

(«Таъриху Бағдад»: 13/207).

Намозни бунчалар эътибор ва диққат билан ўқишларига қарамай, Усмон ибн Абу Дуҳруш (раҳимаҳуллоҳ): «Мен қачон намоз ўқиган бўлсам, ундаги камчиликлар учун Аллоҳдан мағфират сўрадим»– деди.

Намозлари ва аҳволлари ҳақида тилга олишган сўзларга боқинг! Муовия ибн Мурра (раҳимаҳуллоҳ): «Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етмишта саҳобаси билан кўришишга муяссар бўлдим. Агар улар тирилиб келсалар эди, сизлар қилаётган ишлардан азондан бошқа нарсани танимас эдилар!!»– деди («Ҳилятул-авлия»: 2/299).

Маймувн ибн Муҳрон айтди: «Бизга эса бундан кўра оғирроқ гапни айтди: «Агар салафлардан бири ичингизга тирилиб келса эди, сизларнинг қиблангиздан бошқа нарсани танимас эди!!». Бу – (ҳижрий) биринчи асрда айтилган эди. Бугунги кундаги биз ҳақимизда у нима дер эди экан?!

Ҳурматли дўстим!

Замонамизнинг ўзгариб, алишгани, елинидаги сутларнинг қуригани, яшил новдаларининг сўлигани, ширин таъми бузилгани оқил ва ҳушёр инсонларга кўринмоқда. 

(Келинг), салафларнинг намозни қандай адо этганларини тарифлаб берадиган бошқа бир манзарага назар солайлик. Ҳотим Асамм (разияллоҳу анҳу) намози ҳақида савол берилганида шундай жавоб берди: «Намоз вақти келгач таҳоратни тўкис қилиб оламан ва намоз ўқимоқчи бўлган жойимга бориб ўтираман. Узвларим жойига келгач, намоз учун ўрнимдан тураман ва Каъбани рўпарам, жаннатни ўнг, жаҳаннамни чап, Ўлим фариштасини орқа тарафимга қўяман. Намозимни (бу дунёдаги) сўнгги намозим деб ўйлай- ман. Сўнгра, умид ва қўрқув орасида туриб, қатъий суратда такбир айтаман. Тартил билан қироат, тавозеъ билан рукуъ, хушуъ билан эса сажда қиламан. Чап думбамга ўтириб, чап оёғимни тўшак қилиб, ўнг оёғимни бош бармоғига тиклай- ман ва ихлос билан туришга ҳаракат қиламан. Билмайман, бу намозим (Аллоҳ ҳузурида) мақбул бўладими ёки йўқми?» (Эҳёу улумид-дин»: 1/ 179).

Одамлар намоз ўқир эканлар беш мақомда бўладилар:

Биринчи мақом: ўз жонига жабр қилган, намозининг таҳорати, вақти, ҳудуди ва рукнларида лоқайдлик қилган одам.

Иккинчи мақом: Намозни ўз вақтида, ҳудуди, зоҳирий рукнлари ва таҳорати билан ўқишга давом этган, бироқ, васваса билан курашиб, васваса ва ўйларга берилиб кетган одам.

Учинчи мақом: Намознинг ҳудуди ва рукнларига риоя қилиб, нафси билан васваса ва ўйларни даф қилиш учун курашган ва душмани билан намозини «ўғирламаслиги» учун жанг қилган одам. У – намоз ва жиҳоддадир.

Тўртинчи мақом: Намозни бошлагач унинг ҳақлари ва рукнларини тўкис қилган, қалби намознинг ҳудудлари ва ҳақларидан биронтаси зое бўлмаслиги учун диққатли бўлган, балки, бутун қайғуси намозни лойиқ бўлганидек тўкис адо этиш бўлган, одамдир. Унинг қалби намозни тўкис адо этиш ва намозида Роббисига қуллик қилиш билан банддир.

Бешинчи мақом: Бу одам намозини бошлайди, бироқ, қалбини ушлайди ва Роббисининг ҳузурига қўяди. Қалби Роббисига, Уни кўриб тургандек, қараб, Унинг муҳаббати ва буюклиги билан жўшади. Натижада, васваса ва ўйлар йўқолади. Қалб билан Роббиси ўртасидаги пардалар кўтарилади. Бу одам намоз ўқиётган бошқа одамдан осмону Ер ўртасидаги нарсалардан кўра афзалроқ ва буюкроқдир. Чунки бу одам намозида Роббиси билан банд ва У билан қувонади.

Биринчи мақомдаги одам – жазоланади.

Иккинчи мақомдаги одам – ҳисоб қилинади.

Учинчи мақомдаги одам – авф этилган.

Тўртинчи мақомдаги одам – савобга сазовордир.

Бешинчи мақомдаги одам – Роббисига яқиндир. Чунки у намозида қувонч ато этилган одамлар жумласидандир (Намозида қувонч ато этилган одам – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга дунёйингиздан хушбўй нарсалар ва аёллар севимли қилиб кўрсатилди. Қувончимни намозга қўйилди»– дедилар (Насоий ва Имом Аҳмад нақл қилдилар. Бу ҳадисни аллома Албоний саҳиҳ, деди).

Бу дунёда намоз билан қувонган одам, охиратда Роббисига яқин бўлиш билан қувонади. Бу дунёда ҳам қувонади. Аллоҳ билан қувонган одам билан ҳамма қувонади. Аллоҳ билан қувонмаган одамнинг боши бу дунёда ҳам ҳасратдан чиқмайди (Ибн Жавзий «Фазоилуз-зикр»: 27).

Айрим салаф уламолари шундай дедилар: «Одам фарзанди, сен дунёдаги насибангдан кўра охиратдаги насибангга кўпроқ муҳтожсан! Агар ишни дунёвий насибангни қўлга киритиш билан бошласанг, охиратдаги насибангдан қуруқ қоласан ва бошинг хатардан чиқмайди. Агар ишни охиратдаги насибангни қўлга киритишдан бошласанг, дунёдаги насибангга эришиб, уларни тартибга соласан» (Ибн Жавзий «Фазоилуз-зикр»: 1/19).

Дўстлар, қалбнинг моғори икки нарса: ғафлат ва гуноҳдан пайдо бўлса, икки нарса: истиғфор ва зикр билан жилоланади. Ғафлат кимнинг вақтини кўп олган бўлса, моғор унинг қалбига ўрнашиб кетади. Қалб моғорлиги – у одамнинг ғафлатига қараб бўлади. Маълумотлар шакли моғорлашган қалбда лойиқ бўлганидек ўрнашмайди. Бу қалб ботилни ҳақ, ҳақни эса ботил тусида кўради. Чунки, қалб моғорлашгани сайин золимроқ бўлиб боради. Қалбда ҳақиқатлар сурати лойиқ бўлганидек очиқ намоён бўлмайди. Моғори ўрнашиб қорайса, қалбнинг тасаввур ва идроки ҳам бузилади-да, ҳақиқатни қабул ва ботилни инкор этмайди. Бу – қалбнинг энг оғир қийноғидир. Бунинг асли ғафлат ва майлликларга эргашишидан келиб чиқади. Зеро, ғафлат ва майлликларга эргашиш қалб нурини сўндириб, кўзини кўр қилади (Ибн Жавзий «Фазоилуз-зикр»: 46).

Аллоҳнинг сўроқлари ҳақ эканлиги,

Қилган зулми бандалардан олинишини,

Эзгу ҳасаноти тақдирланишини

Билган, қандай яшасин ҳаёт-айшини!

(«Шарҳус-судур»: 295).

Толқ ибн Ҳубайб (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Аллоҳнинг ҳақлари банда адо эта олмайдиган даражада каттадир. Шунинг учун улар эрта-ю кеч тавба қиладилар» («Эҳёу улумид-дин»: 4/16).

Азиз дўстим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафоти олдидан умматига: «Намоз(га диққат этинглар)! Намоз(га диққат этинглар)! Қўл остингиздаги (қул ва жория)лар(нинг ҳақларини зое қилмасликка диққат этинглар)!»– дедилар (Ибн Можа ва Имом Аҳмад (27415) ривоятлари. Аллома Албоний бу ҳадисни «саҳиҳ», деди).

Аллоҳ сизни амр қилган жойида топсин, таъқиқлаган жойида топмасин!

 

(Давоми бор …


Report Page