Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади




“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан (ЎРҚ-476, 18.04.2018 й.) “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 11 та моддасига ўзгартиш киритилиб, 3 та модда билан тўлдирилди.

Хусусан, оммавий ахборот воситаси деб Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ҳам эътироф этилди. Оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган (бундан буён матнда чиқариладиган деб юритилади), қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари оммавий ахборот воситасидир.

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳориж тажрибаси ҳамда амалиётидан келиб чиққан ҳолда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаш мақсадида Қонуннинг 5-моддаси қуйидагича тўлдирилди: яъни, «...Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади».

Қонун 5-1-модда билан тўлдирилди. Хўш, бу ОАВга нима беради? Мазкур модданинг амалиётга жорий этилиши оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишга қаратилган.

Бундай нормалар бир қатор хориж мамлакатлари қонунчилиги (Австрия, Кореа Республикаси, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Молдова, Грузия ва бошқалар) ва ЕИ тавсияларида мавжуд.

Уларда ОАВни солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, давлат томонидан имтиёзли кредитлар бериш, тарифларни тушириш бўйича электрон ОАВга техник хизмат кўрсатиш, газеталар нашриётининг қарзларини камайтириш шунингдек, таҳририятларга давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан тўғридан-тўғри субсидиялар бериш кўзда тутилган. Аксарият мамлакатлар қўллаб-қувватлашнинг ушбу шаклларидан тўлиқ фойдаланмайдилар балки, маълум солиқлардан, алоҳида маҳсулотларни (газета қоғози) олиб киришда бож тўловларидан озод қилиш кабиларни амалда қўллаб келишади.

Шунингдек, халқаро ҳужжатлар ва бир қатор хориж мамлакатлари қонунчилигида ОАВни қўллаб-қувватлаш уларга субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш орқали амалга оширилиши мумкинлиги таъкидланади. Хусусан, Финландия, Нидерландия, Норвегия, Швецияда барча кундалик нашрлар, Италияда ижтимоий муҳим нашрлар, Францияда газеталар ушбу шаклда қўллаб-қувватланади.

Шу билан бирга Австрия, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия, Россия, Украина, Кореа Республикаси қонунчилигида ОАВга солиқ ва божхона имтиёзлари қўллаш орқали қўллаб-қувватлаш белгиланган.

Мазкур халқаро тажрибалар ўрганилиб, Қонун 5-1 модда билан тўлдирилди.

Давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин:

солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;

давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;

таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас”.

Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати ўн беш кун этиб белгиланди. Илгари бу муддат бир ой бўлган.

Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, қарор чиқарилгандан кейин бир кун ичида аризачига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда билдириш юборилади (топширилади), унда рад этиш сабаблари, шунингдек аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

Қонун “Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотни олишга доир сўрови” деб номланган 35-1-модда билан тўлдирилди.

Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади. 

Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.

Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади”.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинди.


Report Page