Нима учун Аллоҳ ризқнинг кафолати учун қасам ичган?
@Savollar_kanalДегувчи деди: «Агар Аллоҳ ризқни тақдир қилганидан кейин унинг кафолатини берган бўлса, нима учун яна ҳикматли зикрда (Қуръонда) ўшанга қасам ичди?»
Деди: «Икки маъно учун. Биринчиси, унинг нафсига покизалик ва сокинлик бўлиши учун, ўша нафс фитнага учрамаслиги учун, чунки нафс зулматдадир ва зулматдандир. Ўша нарсани кўрса, сокин бўлади, аммо алданганга ўхшаб, қатъий ишончи бўлмайди.
Бу ҳолат Салмон розияллоҳу анҳунинг қавлида ўз ифодасини топган. У елкасида таомни кўтариб кетаётганида, «Эй Абу Абдуллоҳ, шунинг ҳаммаси ўзинггами?» дейилди. Шунда у: «Албатта, нафс ризқни ўзиники қилиб олса, хотиржам бўлади», деди.
У киши нафсни зикр қилди, қалбни зикр қилмади, чунки қалб ва ақл ризқ Аллоҳдан эканига гувоҳлик беради. Салмон розияллоҳу анҳу нафс беқарорликка тушмаслиги учун уни (ризқни) ўзиники қилиб олган эди. Унинг васвасасидан нажот топиш учун шундай қилган эди. Бу худди уни алдагандек ва чалғитгандек иш бўлди. Шу боис унга (нафсга) сокин бўлиши учун ва унга мана шу ризқи эканини кўрсатиш учун жамловчи сабабни ташлади. Агар Салмон розияллоҳу анҳу ақли ва қалбига мурожаат қилганида, ушбу унинг ризқи эканини билмаслигига тўла ишонмасмиди? Унинг ризқи қаердан эканини, қачон келишини қаердан ҳам билади?! Агар олдига тилладан бўлган тоғ қўйиб олганда ҳам, билолмасди!
Бу Салмон розияллоҳу анҳунинг, ундан олдингиларнинг ва ундан кейингиларнинг тутган йўлидир. Албатта, бунда нафсни сокин қилиш ва унинг васвасасини кесиш бор.
Аллоҳ таоло Ўз Китобининг кўпгина оятларида ризқни васвасани кесиш учун жорий қилганлиги таъкидлаган. Ана шунда қалб Унинг чегараларини муҳофаза қилишга ва фарзларини адо этишга фориғ бўлади. Буни билган одам ибодатини гўзал қилади ва У Зотнинг оятларини тадаббур этади.
Шунингдек, У Зот уларни таваккул ва тафвизга – барча ишларни Ўзига топширишга буюрди. Қалб қачон нафснинг хоҳишларидан тафвиз ва таваккул ила қутулса, ундаги беқарорлик босилса, шундагина танланган бандалар даражасига етади, Танзилнинг ботинини кўради, тоатнинг ҳаловатини топади, розиликка эришади ва У Зотдан неъматлар, яхшилик ва марҳаматларни қабул қилади. Шаҳватлар, хоҳиш-истаклар ила, ўзи учун тақдир қилинган ризқнинг фавт бўлишидан қўрқиш ила машғул бўлган ҳар бир нафс – ҳолбуки Лавҳул маҳфузда унинг акси битилган – қуловчидир. Биз васфлаган даражага етишиш унинг учун ҳаромдир. Иккинчиси шуки, қачон банда бу нарсани талаб қилса, сўнг берилганини ўзида тутиб қолса, ўзининг ризқи бўлган нарсани инфоқ қилиш унга осон бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
(Касбнинг баёни китоибидан)