Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида (2-қисм)
@Savollar_kanal2657. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қачон нубувват вожиб бўлди?» дейишди. Шунда у зот:
«Одам руҳ билан жасад орасидалигида», дедилар».
Шарҳ: Бундан Аллоҳ таоло азалдан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзига пайғамбар қилиб танлаб олгани, инсониятнинг отаси Одам Атога руҳ киритилмай турган пайтда ҳам у зотнинг пайғамбар бўлишлари аниқ эканлиги келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади.
2658. «Аббос розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қурайшликлар ўтириб, ўзаро насабларини эсладилар, сизни ердаги супуринди ичидаги хурмога ўхшатишди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилганда мени уларнинг энг яхшиларидан қилди. Энг яхши фирқаларидан қилди. Икки фирқанинг яхшисидан қилди. Сўнгра қабилаларни танлади ва мени энг яхши қабиладан қилди. Кейин хонадонларни танлади ва мени энг яхши хонадондан қилди. Бас, мен нафс жиҳатидан ҳам, хонадон жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшисиман», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши сулолалар сулбидан қандай тарзда дунёга келганлари васф қилинмоқда. Бундан у зотнинг одам зотининг энг афзали эканликлари кўриниб турибди.
2659. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман. Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман. Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир. Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фахр учун эмас, балки воқеъликдаги ҳақиқат бўлмиш ҳолатни васф қилган ҳолда ўзларининг афзалликларидан бир нечтасини зикр қилмоқдалар.
1. «Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман».
Яъни «Вақти соати етиб, қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг ичидан биринчи бўлиб тирилтириламан». Аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек, бу улкан фазлдир.
2. «Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман».
Яъни «Қиёмат куни қайта тирилтирилган одамлар Роббилари ҳузурига тўпланиб келганларида мен уларга қарата хутба қиламан». Албатта, ана шундай улуғ мақомда, маҳшарда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қиёмат аҳлига қарата хутба қилиш ҳуқуқининг берилиши ҳазилакам иш эмас. Бу ҳол Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомлари қанчалик улуғ эканлигини, у зот инсон зотининг афзали эканлигини яна бир бор кўрсатади.
3. «Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман».
Яъни «Одамлар қиёмат даҳшатларини кўриб, ҳамма нарсадан умидларини узиб бўлганларида мен уларнинг жаннатиларига хушхабар берувчиман».
Албатта, бу мақом ҳам энг улуғ, ҳеч бир одам зотига насиб этмаган мақомдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларини шунинг ўзидан ҳам билиб олса бўлади.
4. «Ул кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир».
Бу маъно ҳам олдин ўтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳамд байроғи менинг қўлимдадир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтадир», деганларидир.
5. «Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман», дедилар».
Ҳа, Роббил оламин ҳузурида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан мукаррамроқ одам боласи йўқ. Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу эса ўз-ўзидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда эканликларини кўрсатади.
2660. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирган куни ундаги барча нарсадан зиё чиқди. У зот вафот этган куни ундаги барча нарсани зулмат босди».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварага етиб келиб, унга кирганларида у зотнинг фазлларидан шаҳардаги ҳамма нарсалардан зиё таралиб, нур чиқиб кетгани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликларининг яна бир далолатидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дорулбақога риҳлат қилганларида у зотнинг фазлларидан ажраб қолаётган Мадинаи Мунавварадаги ҳамма нарса зулматга кўмилган экан. Бу ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзалликлари қай даражада улуғ эканлигига ишорадир.
2661. Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар эдилар. У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзиларининг:
«Қаранг-а, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини, бошқасининг:
«Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми? Унга Робби ўзига хос гапирган-а!» деяётганини, яна бирининг:
«Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир!» деганини, яна бошқа бирининг:
«Одамни Аллоҳ саралаб олгандир!» деганини эшитдилар. Бас, у зот уларнинг олдиларига келиб, салом бердилар ва:
«Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолишингизни эшитдим.
Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир.
Огоҳ бўлинг! Фахр эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!
Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!
Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни биринчи шафоат сўровчиман ва биринчи шафоат қилинувчиман!
Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан бирга мўминларнинг фақирларини унга киритур.
Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда энг улуғ пайғамбарларнинг ва уларнинг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос афзалликлари ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларнинг баъзиларига ўзига хос афзалликлар ҳам ато қилган. Бу ҳақиқатни аввалги дийнларга эргашувчилар ҳам яхши билар эдилар. Шунингдек, бу маънода саҳобаи киромларда ҳам маълумот пайдо бўлган эди. Улардан бирлари – Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу мазкур мавзудаги суҳбатлардан бирини ривоят қилиб бермоқдалар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у зотни кутиб ўтирар эдилар».
Одатда, бундай кутиш масжиди набавийида бўлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатда бўлганларида суҳбатларига муштоқ саҳобийлар масжидга тўпланишиб, у зотнинг чиқишларини кутиб ўтирар эдилар. Бу сафар ҳам худди ана шундай кутишлардан бири бўлаётган эди.
«У зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзиларининг:
«Қаранг-а, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини, бошқасининг:
«Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми, Унга Робби ўзига хос гапирган-а», деяётганини, яна бирининг:
«Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир», деганини, яна бошқа бирининг:
«Одамни Аллоҳ саралаб олгандир», деганини эшитдилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатдан чиқиб, саҳобаи киромлар ўтирган жойга келгунларича уларнинг суҳбатларига қулоқ осдилар. Уларнинг гаплари асосан ўтган пайғамбарлардан Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Одам алайҳимуссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган ўзига хос фазийлатлар ҳақида кетар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ўтирган жойга етиб келдилар.
«Бас, у зот уларнинг олдиларига келиб, салом бердилар».
Демак, суҳбатлашиб ўтирган кишиларнинг олдига келган шахс уларга салом бериши керак экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу одобга амал қилдилар. Кейин эса саҳобаи киромларга қуйидагиларни айтдилар:
«Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолишингизни эшитдим».
Яъни «Олдингизга келаётиб, йўлда сизлар гапираётган гапларни эшитдим. Аллоҳ таоло томонидан баъзи пайғамбарларга берилган фазлларга ҳавас қилиб, қойил қолиб, гапирганингизни тингладим», дедилар.
«Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».
«Халил» сўзини таржима қиладиган бўлсак, «орасидан қил ҳам ўтмайдиган дўст» деган маъ-
но келиб чиқади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ана шундай дўст тутган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва ҳаниф бўлган Иброҳимнинг миллатига эргашган кишидан кўра дийни яхшироқ ким бор? Ва Аллоҳ Иброҳимни халил тутгандир», деган («Нисо» сураси, 125-оят).
«Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у зот шундоқдир».
«Нажий» сўзининг маъноси «муножот қилувчи», яъни «сирлашувчи» деганидир. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом билан ўзига хос муножот қилгани маълум. У Зотнинг Ўзи Қуръони Каримда:
«Ва илгари Биз сенга қиссаларини айтиб берган Расулларни ва Биз қиссаларини сенга айтиб бермаган Расулларни (юбордик). Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди», деган («Нисо» сураси, 164-оят).
«Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у зот шундоқдир».
Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри ила Жибрийл алайҳиссалом Биби Марямнинг ёқаларидан руҳ пуфлаганларида халқ қилинганликлари учун «Руҳуллоҳ» деган номни олганлар. Аллоҳ таолонинг «Бўл!», деган калимаси ила пайдо бўлганлари учун «Калиматуллоҳ» номини ҳам олганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда:
«Фаржини пок сақлаган аёлни (эсла). Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик», деган («Анбиё» сураси, 91-оят).
Ушбу ояти каримадаги «фаржини пок сақлаган аёл» – Биби Марям, «унинг ўғли» – Марямнинг ўғли, яъни Ийсо алайҳиссаломдир.
«Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик» деган жумладан мурод Жибрийл алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг амри ила Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлаганлари ва у кишининг Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганларидир.
«Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у зот шундоқдир».
Одам алайҳиссалом «Сафиюллоҳ» деб аталади. Бу сўз «Аллоҳнинг саралаб олгани» деган маънони англатади.
Бу ҳақда ҳам Қуръони Каримда оят бор. Аллоҳ таоло:
«Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Иброҳим оиласини ва Имрон оиласини оламлар узра танлаб олди», деган («Оли Имрон» сураси, 33-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур улуғ пайғамбарларнинг фазилатларини тасдиқлаб бўлганларидан кейин саҳобаларига мурожаат қилиб, яна қуйидагиларни айтдилар:
«Огоҳ бўлинг! Фахр эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!»
Яъни «Аллоҳнинг маҳбубиман». Албатта, бу сифат улуғ фазилатдир. Бундай мақомга пайғамбарлардан ҳеч бирлари сазовор бўлмаганлар.
«Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!»
Бу мақом ҳам ҳеч бир кимсага насиб қилмаган мақомдир.
«Мен биринчи шафоат сўровчиман!»
Бу мақомдан ортиқ қандай фазилат бўлиши мумкин?!
«Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!»
Бу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларининг кўпгина далилларидан биридир.
«Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан бирга мўминларнинг фақирларини унга киритур».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни жаннат дарвозасига келиб, жаннат эшикларини очишни талаб қилиб, унинг ҳалқасидан ушлаб, тақиллатар эканлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у зотга жаннат эшигини очар ва у зот биринчи бўлиб жаннатга кирар эканлар. Бу ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятнинг энг афзали эканликларини кўрсатади. У зот билан бирга умматларининг фақир-фуқаролари ҳам жаннатга кириши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ва бу дунёда уммати муҳаммадиядан турли сабабларга кўра камбағал ҳолда ўтган мусулмонларга улкан хушхабардир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сўзлари охирида:
«Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».
Бу гапда ҳеч қандай муболаға ёки фахрланиш ҳисси йўқ. Бори шу. Воқеълик шу. Аллоҳ таолонинг иродаси шу.
Фахр эмас-ку, мазкур фазилатга соҳиб бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам аввалгию охирги умматларнинг энг афзалидир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)