Мусулмонларнинг айбларини ахтармаслик
@bintusodiqОдинахон Муҳаммад Содиқ
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар ва баланд овоз ила нидо қилиб: «Эй тили билан мусулмон бўлиб, қалбига иймон ўтмаганлар жамоаси! Мусулмонларга озор берманглар! Уларни айбламанглар! Уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким мусулмон биродарининг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбини ахтарса, уни, албатта, шарманда қилади. Гарчи юкининг (уйининг) ичида бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен одамларнинг айбларини ахтарсанг, уларни бузасан ёки бузай дейсан», дедилар (Абу Довуд ривоят қилган).
Бу гап бугун жуда долзарбдир.
Кўпқаватли уйлар ҳовлисига тушиб олиб, ғийбатлашиб ўтирган хотинларга бир эътибор беринг-да! Хўш, улар шунча соат нимани гаплашишади?! Бировнинг қизи ё келини, кимнингдир ўғли, эри ёки ўзи бу аёллардан «саломат» қолади, деб ким айта олади?! Ҳар бир хонадонга «бош суқиб», кимларнингдир айбини қидириб топиб, ғийбату туҳмат қиладиганлар қабр азоби кутиб турганини унутмасинлар. Қолаверса, бу дунёнинг ўзида ҳам ўша айбларни болалари ва набираларида кўрмай ўлмайдилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом башорат қилганларки, мазкур ғийбату туҳматлари олдиларига келмай, бу дунёдан кетишмайди.
Қадимда солиҳлар биродарлари айбларини аниқ кўрсалар-да, яхши гумонда бўлганлари ривоят қилинади. Жумладан, бир салафи солиҳ шундай деган экан: «Агар бир биродаримнинг соқолида май (ароқ) томчиларини кўрсам, бу ҳаром ичимлик унга сачрабди, дейман. Мабодо, бировнинг бир тепалик устига чиқиб: «Мен Худоман!» деяётганини эшитсам, у Буюк Аллоҳни мақтаяпти, деб гумон қиламан».
Биз-чи?! Шундай айбли ҳолатларни кўрсак, унга бошқа нарсаларни ҳам қўшиб-чатиб, дарров тарқатамиз. Айбни беркитмаймиз, балки омма олдида ошкор қилишга шошиламиз. Модомики, ким биродарининг айбини ёпса, Аллоҳ унинг қиёмат куни айбини беркитади. Бу саҳиҳ ҳадисларда баён этилган.
Азизлар, сизлар ҳам, масалан, қўшнингизнинг қизи бирон йигит билан гаплашиб турганини кўрсангиз, қизнинг ўзига бу иши (яъни, ёлғиз ҳолда суҳбатлашиши) нотўғри эканини гапиринг-у, аммо атрофга ёйманг, зеро бир бокира қиз ҳақида «бузуқ, енгилтабиат» деган маълумот тарқалишига сабабчи бўлиб қолманг. Сиз қаердан биласиз, балки у дўстидир (хуштори эмас!) ё синфдоши ёки аммасининг ўғли?!
Ҳа, Аллоҳ учун бировнинг айбини қидирманг! Балки ўз айбу нуқсонларингиз устида ишланг. Зотан, шунда бекорчи нарсаларга вақтингиз ҳам қолмайди.
Халқимизда «Бировнинг кўзидаги чўпни кўрган ўзининг кўзидаги ходани сезмайди», деган нақл бор. Ҳозир аксариятимиз ана шундай аҳволдамиз. Бундайлардан бўлиб қолишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
BintuSodiq канали