#Мунозара_одоблари 1

#Мунозара_одоблари 1

Mubashshir Ahmad

Facebook тортишув, мунозара майдони ҳам бўлиб қолгани бор гап. Шуни ҳисобга олиб дўстларимиз ҳукмига Ҳужжатул-ислом, имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Иҳяу улумид дин" асарларидан "Илм китоби"да баён этилган мунозарага оид бобни ҳавола этамиз.


#Мунозара_одоблари 1


Тўртинчи боб

Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби, мунозара ва жадал офатларининг тафсилотлари ва унинг мубоҳ бўлиши шартлари


Билгилки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин давлатни ҳидоятга эргашган хулафои рошидинлар бошқардилар. Улар Аллоҳ маърифатига эга олим, ҳукм чиқаришда етук фақиҳ, фатво беришда мустақил зотлар эди. Машварат тақозо этувчи ҳоллардагина фуқаҳоларга мурожаат қилар, бошқа пайтларда эса, улардан ёрдам кутиб ўтирмас эдилар. Шунинг учун уламолар охират илми билан машғул, бошқа илмлардан холи эди. Фатво беришда халқнинг дунёга боғлиқ ҳукмларидан ўзларини четга олишарди. Сийратларида келтирилгани каби, бор ижтиҳодлари, ҳаракатларини Аллоҳ таоло томонига йўналтиришар эди.


Хулафои рошидинлардан сўнг ўзлари фатво ва ҳукм чиқариш илмини яхши эгалламаган ҳамда халифалик мақомига нолойиқ кимсалар давлат тепасига келишди. Улар ўзлари ҳукм ва фатво чиқаришни эплай олмагач, фуқаҳоларни ёрдамга чақира бошлашди. Лекин салафлар ахлоқини маҳкам ушлаган, диннинг кўрсатмаларини соф сақлаб келаётган тобеин уламолар бирор мансабга чақирилсалар, қочар ва юз ўгирар эдилар.


Энди халифалар уларни зўрлаб бўлса ҳам, қозилик ва ҳукумат ишларига жалб қилишди. Ўша асрларда яшаганлар уламоларнинг иззатига, ҳиммати юксаклигига, бошлиқ ва валийлар эса, уларни излаб юрганларига шоҳид бўлишди. Баъзи кимсалар илмни иззатга эришиш ва подшоҳлар тарафидан обрў-эътибор қозониш учун талаб қила бошлашди. Улар фатво бериш илмига шўнғиб, подшоҳлардан мансаб ва мурувват кутишар эди. Уларнинг айримлари ҳеч нарсага эришмади, баъзилари эса, муваффақиятга етишди. Аммо улар тиланиш хорлигидан қутулмади. Илгари қидирилган фуқаҳоларнинг ўзлари энди қидирувчига айланишди. Султонлардан юз ўгириш билан азиз-мукаррам бўлган фуқаҳолар, уларга юзланиш ила хорланишди. Ҳар даврда бўлгани каби, Аллоҳнинг динида содиқ бўлган уламоларгина азиз бўлиб қолаверди.


Аввалига фуқаҳолар ҳокимлар ва волийлар кўпроқ муҳтож бўлган фатво ва ҳукмлар илми билан овора бўлишди. Кейинроқ амирлар ва арбоблар орасида баъзи одамлар ақида қоидаларига оид гаплар тарқатаётганини эшитишди. Энди уларнинг нафси ақидага, ҳужжатларни тинглашга мойил бўлди. Амир ва арбоблар калом илмидаги мунозара ва мужодалага рағбат қилгач, калом илмига шўнғиб, қаттиқ берилиб кетишди. Бу ҳақда кўп китоблар тасниф қилишди, мужодала услубларини тузишди, турларини ишлаб чиқишди ва бу қилмишларини Аллоҳнинг динини ва суннатни ҳимоя этиш, бидъатни синдириш деб номлашди. Кейинроқ бошлиқларда калом, мунозара илмлари тўғри эмаслиги ҳақида фикр пайдо бўлди. Чунки мунозара ва калом илмига эшик очилиши билан қон тўкилиши ва вайронагарчиликка олиб борувчи таассубият ва хусумат эшиклари ҳам очилган эди. Султонлар ва амалдорлар олимларни янги бир нарса – фиқҳ илмида мунозара қилиш билан машғул этмоқчи бўлишди. Хусусан, Шофиъий (р.а.) ва Абу Ҳанифа (р.а.) мазҳабларидан қайси бири афзал, дея олимлар орасида мунозара алангасини ёқишди. Энди одамлар калом ва бошқа илмларни ташлаб, Шофиъий ва Абу Ҳанифа ораларидаги ихтилофий масалаларга киришиб кетишди. Амалдорлар мана шу икки мазҳабни айтганлари учун Молик, Суфён, Аҳмадлар (раҳматуллоҳи алайҳим) орасидаги хилофларга ҳеч ким эътибор бермади. Улар бу машғулотларидан мақсад шариатнинг нозик жиҳатларини ўрганиш, мазҳабнинг иллатларини таҳрир қилиш ва фатво бериш асосларини тузиб чиқиш эканини айта бошлашди. Бу икки мазҳаб орасидаги ихтилофлар ҳақида китоблар тасниф қилишди ва бугунга қадар мужодала турларию таснифлари билан оворадирлар. Биздан кейинги асрларда Аллоҳ яна нималарни содир қилади, билмаймиз.


Хулоса қилиб айтганда, хилоф ва мунозараларга олимларнинг астойдил киришганига асосий сабаб ана шулардир.


Агар дунё эгалари, салтанат соҳиблари Абу Ҳанифа ва Шофиъий қолиб, бошқа имомлар орасидаги мунозарани ёки умуман бошқа илмдаги мужодалани хоҳлаб қолишса, олимлар ўша нарсани амалга оширишади ва ишларининг дин илми эканини, қолаверса, у билан оламлар Раббига қурбат ҳосил этишини баҳона қилишади.


(Давоми бор)

Report Page