Коронавирус: Фарғонада 12 ёшдан катта болаларнинг қанчаси эмланган?

Коронавирус: Фарғонада 12 ёшдан катта болаларнинг қанчаси эмланган?

Иқболжон Абдужабборов

Ўзбекистонда болалар орасида ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмоқда. Сўнги пайтларда шифохоналарда коронавирус касаллигига чалинган болалар сони кўпайиши, улар орасида ўлим ҳолати қайд этилаётганлиги ҳақида хабарлар бор. 

Барчага маълумки, вилоятимиздаги айрим мактабларда Covid-19 га гумонланувчилар аниқланиб, улар 14 кунлик муддатга масофадан ўқитишга ўтказилмоқда. Бу бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилиб, бирламчи мулоқотда бўлганларни аниқлаш, уларни карантинга олиш чоралари кўриляпти.

Шу ўринда ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига бефарқ бўлмасликлари, ўқувчилар мактабга кетиш ва келишда антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда, тиббиёт ниқобини тақишларини талаб қилишлари муҳим эканлигини таъкидлаш зарур. Бундан ташқари, мамлакатимизда 12 ёшдан катта болаларни вакцинация жараёнларига жалб этиш алоҳида эътибор қаратилган.

Тадқиқотларга кўра, коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг 12-15 ёшдаги болаларда ўтказилган клиник синовларининг натижалари мазкур вакцинанинг юқори даражада самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатган бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 12 ёшдан юқори болаларни ва ўсмирларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш тавсия этилган. Шу муносабат билан юртимизда 28 сентябрдан 12 ёшдан катта болаларни ҳам коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмлашга рухсат берилганди ва бу жараён давом этмоқда.  

7 октябрь ҳолатига кўра, Фарғона вилояти бўйича 37 358 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди.

Бугунги кунда ота-оналар ва васийларининг розилиги билан 12 ёшдан катта болалар Pfizer вакцинаси билан эмланмоқда.

Умумий эмлаш статистикасига кўра, Фарғона (37 358 доза), Андижон (19 562 доза) ва Самарқанд (14817 доза) вилоятлари эмлаш жараёнларида пешқадам бўлиб турибди.

Мамлакатимизда эса 125 731 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди.

Вилоятимиз ҳудудларда ҳам эмлаш жараёнлари қизғин кечмоқда. Хусусан, коронавирусга қарши эмланган болалар сони бўйича Олтиариқ тумани (2 914 доза) етакчилик қилмоқда.


Мавзуга оид:


Report Page