Концепция бўйича тадбиркор сифатидаги қарашларим. (Давоми. 2 қисм)

Концепция бўйича тадбиркор сифатидаги қарашларим. (Давоми. 2 қисм)

Зафар Ҳошимов

Янги концепцияда солиқ тўловчиларнинг қандай турлари бўлади? 

Хусусий шахслар, корхона ва ташкилотлар солиқ тўловчилар саналади. Авваллари солиқ тўловчилар мулк шакли, ишчилар сони, танланган солиқ режими бўйича, фаолият доираси ва ҳоказолар бўйича хилма хил эди.

Бу жуда мураккаб тақсимотдир. 

Масалан, биз Сититакси лойиҳасини бошлаганимизда, ушбу бизнес тури хизмат кўрсатиш шакли мақомида ҳисобланиб, агар ходимлар сони 25 киши бўлса ягона солиқ тўловини тақозо этар, агар штат 25 кишидан ошиқ бўлса умумий солиққа тортиш тизимига тушар эди. Бизда эса у пайтда 100 та машина, 200дан ортиқ ходим бўлгани учун умумий солиққа тортиш турига кирар эдик. 

Бунинг устига, текширганимизда бозорда умумий солиққа тортиладиган ягона такси хизмати эканлигимиз маълум бўлди. Газ-метанни Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларидан харид қилар эдик, чунки ушбу шохобчалар кичик ва ўрта бизнес сифатида ягона солиқ тўловчиси, эҳтиёт қисмлар, сарфланган материаллари ва ҳоказоларнинг барчасини фақат ягона солиқ тўловчидан сотиб олиш мумкин эди. Яъни яна ҚҚСсиз эди. 

Шу тариқа такси компаниямизнинг ялпи даромади ҚҚСга тушар ва бу аслида билвосита бўлиши керак бўлган солиқ биз учун тўғридан-тўғри солиққа айланиб, ялпи тушумимиздан 20 фоиз миқдорида солиққа тортилар эдик. Бундан ташқари, биз яна бир қатор бошқа солиқлар, хусусан, даромад солиғи (аслида эса ҳеч қанча даромад олмасакда) тўловчиси эдик. Бозорни ўргансак, барча, жумладан, йирик такси корхоналари ҳам, ушбу ҚҚС солиғидан озод бўлиш учун бир нечта юридик шахсга бўлиниб ташланар экан. Нима учун 3 миллионлик аҳолиси бор шаҳарда, реал таксилар сони 30 минг машинадан ошадиган бир пайтда, лицензияга эга таксилар сони 3,5 мингдан камлигини тушуниш энди қийин эмас. Ҳатто энг муваффақиятли ва ақлли тадбиркорлар ҳам корхоналарини қанча парчаламасинлар, ўз қўл остида шунча юридик шахсларни бошқара олмайди.​

Бу эса мана бундай натижага олиб келади: расмий такси бозори ривожланмайди; расмий такси компаниялари самарадорлиги пастлигича қолаверади; фаолият ҳудуди кенгаймайди; транзсакциялар нархи кўтарилади; солиқ йиғими пастлигича қолаверади. Натижада мижозлар зарар кўради, бюджет ҳам пул йўқотади, бизнес ривожланмайди.

Бир йил давомида (2013) барча мутассади идораларга мурожаатларим, ҳеч ким ҚҚС тўламаган умумий тизимнинг номукаммаллигини тушунтиришга бўлган уринишларим ҳеч кандай натижага олиб келмади, юзлаб миллион сўм пул миқдорида зарарлар кўрдик. Натижада Сититакси ва Корзинка лойиҳаларини бирлаштиришга қарор қилдик. Шунда асосий фаолият савдо-сотиқ бўлиб, асосий даромад чакана савдодан келадиган бўлгани учун, такси хизматларимиз тушумидан ҳам ягона солиқ тулайдиган бўлдик. Биз бу бирлашишни ҳудди ана шу ягона солиққа ўтиш учун қилган эдик, юқорида айтилган корхоналар бир қанча юридик шахсларга бўлингани каби.

Хўш, энди айтингчи, хизматларимиз, ёки сонимиз ўзгармаса, наҳотки корхонани бир номдан иккинчисига шундай ўтказиб, мутлақо бошқа солиқлар тўлаш адолатдан бўлса...

Майли, ушбу постнинг мақсадига қайтсак.

Солиқ сиёсатининг янги Концепцияси ана шу солиқ тўловчиларнинг барча тоифаларини кескин камайтирди ва ходимлар сони, фаолият турлари, йўналишлари билан боғлиқ тушунмовчиликларга барҳам берди.

Янги Концепцияга асосан қуйидаги турдаги солиқ тўловчиларгина қолди (улар тўлайдиган солиқлар билан бирга кўрсатилган):

1) якка тадбиркор (қатъий белгиланган солиқ)

2) оилавий тадбиркорлик (қатъий белгиланган солиқ) - бу икки категорияга, эҳтимол, фаолият турига қараб чекловлар бўлиши мумкин.

3) кичик тадбиркорлик (даромаднинг 5 фоизи) - айланма капиталга қўйилган чеклов - 1 млрд сўм.

4) қолган барча корхоналар (ННА тўловчилари, тақсимланмаган даромад солиғисиз)

5) жисмоний шахсларнинг даромади солиққа тортилади:

- ойлик маош - 25%

- дивидендлар - 25%.

Биз бу ерда фақат солиқ тўловчилар ҳақида гапирдик. Илтимос, солиқларнинг ўзи ҳақида гапиришга шошилманг. Солиқлар ҳақида эртага батафсил ёзаман.

Бу ерда ҳозирча солиқ тўловчиларнинг турлари ҳақида гаплашамиз. Раҳмат. 

Хайрли кеч!


Report Page