Ким ҳақ?

Ким ҳақ?

Зафар Ҳошимов

Баъзида одамлар бошқаларнинг ишини чуқур тушунмай туриб, тезгина хулоса чиқаришга шошиладилар. Бунда аянчлиси шундаки, бу жараёндан мутлақо маълумотга эга бўлмаган ҳолда, аллақандай ҳисоб-китоблар қилиб, "ҳалол-ҳаром" тушунчаларни енгил-елпилик билан ишлатиш осон бўлиб қолди. Ваҳоланки, тухмат у ерда турсин, асоссиз бировнинг луқмаси ҳаром дейишнинг ўзи ҳам жуда оғир ҳолат бўлиб, ундай асоссиз айблар қўйган киши учун ҳам бир буюк мусибатдир.

 Энди қўйилган айбларга бирма бир жавоб бериб ўтаман.

 1) дарҳақиқат, нархларимиз ..990, ..590 ва шу каби белгиланган, бунда ҳеч қандай ёлғон йук. Ахир, ёзилган нархида сотаяпмиз ва 14 990 ҳар қандай қаралганда 15 000 дан арзон. Қоладиган 10 сум қайтимга келсак, шуни айтса бўладики,

а) харидорларимиз ўртача 18-20тагача маҳсулот олишади, натижада, бу қолдиқлар 200 сўмларга йиғилиб боради ва қайтимга қулайлашади.

б) гарчи шу нархларни аниқ 500-1000 сўмга тўғрилаб баҳолаганимизда ҳам, тарозида тортиладиган маҳсулотлар 93% харидорлар харидида бор ва, айтайлик, килоси 5000 сўмлик маҳсулот (масалан, олма) тортилса, ҳеч қачон аниқ бир кило торта олмайсиз, олмани кесмасангиз, албатта, натижада 1, 014 кг бўлади, масалан, ва харид қийматингиз 5070 сўм бўлади. Яъни, нархларни ҳар қанча "округлять" қилманг, натижада чекда барибир шу каби қолдиқлар пайдо бўлиб қолади. Жуда кўп ҳолларда, нархларимиз "қолдиқлари" бир-бирини текислаб юборади.

 Энди "бизда қоладиган" қайтим ҳакқида гапга қайтайлик.

в) 70% дан ортиқ харидорларимиз карточкага харид қилишади, карточкадан чек умумий сўммаси аниқ сўмигача олиб қолинади, бу ерда қайтим муаммоси мутлақо чиқмайди.

г) ушбу қолган 30% нақд пулга харид қилаётган харидорларимизнинг ярмидан кўпи тармоғимиз бонус карталарини ишлатишади. Қайтим муаммоси бунда ўша қолдиқ харидордан пул билан эмас, балки картасидаги бонусидан сўм-сўмигача ечиб қолиш ҳисобига бенуқсон ҳал бўлади. Дарвоқе, ҳар бир харид учун биз ўзимизнинг фойдамиздан бонус карта соҳибларига 1дан 3 фойзгача бонус ҳадя қиламиз.

д) Энди ана шу қолган, умумий харидорларнинг 10-15% ида сиз айтган қайтим муаммолари чиқиши мумкин. Буларни биз қуйидагича ҳал этамиз:

- кассирларга ҳар бир харидор учун маълум сўммани харидор фойдасига "округлять" қилиш ҳуқуқи берилган. Масалан, харидор 21530 сўм тўлаши керак бўлса, кўп ҳолларда кассиримиз 21500 олиб, майдасидан биз кечамиз. Барча кассирларга бундай қилишга руҳсат берилган ва кунига аксарият 400дан ортик кассаларимизда қайтим ҳисобига ортиқча пул эмас, балки камомад чиқади. Аминманки, Корзинкада мунтазам харид қиладиган харидорларимиз бу ҳолни хам ўз бошларидан кўп кечиришган.

Аксинча эса, яъни қайтим бермай, харидорнинг пулини олиб қолиш, кассирларга мутлақо тақиқланган.

Хўш, бордию, харидорга майда қайтим бериш керак бўлса-ю, лекин майда пулимиз бўлмасачи?!

Аслида, ҳар қандай майда пулни бисёр қилиш, бу Корзинка ёки Макронинг маъсулияти эмас, балки банкларнинг маъсулияти. Банкларнинг ўзида, биз қанча ялинмайлик етарлича майда пул ҳеч қачон бўлмайди.

Шунинг учун, харидорнинг ҳаққи бизда қолиб кетмасин, деб, биз доимо харидорларга конфет, салфетка, гугурт, сақич ва шу каби пулига мос майда нарсалар қайтим қиламиз. Яна бир бор қайтараман, биринчидан, бу ҳол кўпи билан атиги юздан 5 % ҳолда қилиняпти. Иккинчидан эса, биз берадиган ҳеч бир маҳсулот нархи 10 сўмдан кам эмас. Аслида, гугурт қутиси 150 сўм, конфетнинг энг арзони 130 сўм/дона (Бу маҳсулотларни биз 100 сўмгача бўлган қайтим ўрнига берамиз), нам салфетка арзони донаси 210 сўм (уни биз 100-200 гача қайтим ўрнига берамиз).

Ҳайронман, қаердан видео муаллифи "бу маҳсулотлар нархи аслида 10 сўмдан жуда кам", деган хулосага борибди? Балки чет элларда юриб, биздаги нарх наволардан анча бехабар кўринадилар. Ҳозирда нархи 10 сўм у ерда турсин, хатто 50 сўмдан паст бирор истеъмол маҳсулоти топа олмадик. Ҳа, айтмоқчи, биз ҳеч қачон ҳеч кимга қайтимига қурт бермаганмиз ҳали.

Мавзуга қайтар эканмиз, қайтим масаласида, бировнинг ҳаққидан қўрққанимиз учун, биз ҳеч қачон фойда қилмай, балки ойига миллионлаб фойдамиздан шу йулда харидорлар билан тўла тўкис ҳисоб-китоб қилишга сарфлаймиз. Бизга харидорларимиз ишончи, розилиги ва, авваламбор, виждонимиз поклиги зарур.

Агар бирор шаҳобчамизда кассир қайтимингизни олиб қолган бўлса, билингки, бу кассир ўзи ҳаққингизга хиёнат қилаяпти. Бу ҳақда бизга хабар беринг ва у кассирга жиддий чора кўрамиз.

Иккинчи масала, пластик карта терминалларига келсак, айтилган эътирозга 100% қўшиламан. Бу унсурли амалиёт, яъни терминалда пул олинаётганда нафақат супермаркетлар, балки барча савдо шаҳобчаларида харидордан баралла пинкод сўраш сарқити эски терминаллар хусусияти, яъни телефон ва электр тармоғига уланиб, уни касса ёки раста орқали олди оркага узатиш мушкуллиги, ҳамда аҳоли ҳали карточка ишлатиш тажрибаси ва бундаги ҳатарларни тўла тушунмаслиги эди. Ҳозирда барча шаҳобчаларга биз симсиз онлайн терминаллар қўйдик. Лекин картани ҳали ҳам ўз қўлимиз билан олиб дарчасига жойлаштиришга мажбур бўляпмиз. Чунки харидорлар кўпчилиги ҳали ҳануз шуни тез уддала олишмаяпти. Дарвоқе, пинкодни теришни харидор ўзи қилиш тартибини татбиқ қилишини бошладик. Шунда ҳам баъзи харидорлар кассирга мурожжат қилиб, "шу пинкодни ўзингиз киргазиб қўйинг, кодим 1111,- деб қўйишади. Аминманки, тез орада бу амалиёт ҳам ўзгаради, иншаллоҳ.

Эътиборингиз учун катта раҳмат!

Report Page