Фарзандларингизга Фаластин ҳақида сўзлаб беринг...

Фарзандларингизга Фаластин ҳақида сўзлаб беринг...

@Savollar_kanal
www.islom.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Болаларимиз биздан Фаластиннинг келажагига бефарқ эмаслигимиз ва Байтул Мақдисда содир бўлаётган воқеаларни мунтазам қизиқиш билан кузатиб боришимизнинг сабабини сўраб қолишса, нима деб жавоб берган бўлардик? Фаластин ва Қуддуси Шариф бизлар учун қанчалик аҳамиятга эга эканлигини англаб етишлари учун фарзандларимиз у муққадас замин ҳақида нималарни билишлари керак?

Бир мулоҳаза қилиб кўрайлик! «Фаластин муаммоси» мусулмонлар учун даъват ва маърифатдан сўнг учинчи ўринда турадиган масала бўлиши лозим.

Кундалик юмушлар билан овора бўлиб Фаластин масаласи ёдимиздан кўтарилиб кетмаслиги учун ушбу мақолани болаларингизга ўқиб беришингизни тавсия қиламиз. 

1. Фаластин замини энг баракали ерлардан ҳисобланади. Жуда кўп пайғамбарлар ўша жойдан чиққан. Бу ерда расул ва набий алайҳимуссаломлар билан боғлиқ бўлган кўплаб мўъжиза ва кароматлар рўй берган. Мисол учун:

– Иброҳим алайҳиссалом Фаластинга кўчиб келганлар.

– Лут алайҳиссаллом Фаластин сари йўл олганлари туфайли бетавфиқ қавмининг бошига етган жазодан омонда қолдилар.

– Мусо алайҳиссалом Фаластин заминини пайғамбарлар юрти, муқаддас ва ширкдан холи жой дея ўз қавмини бу ерларга бошлаб келганлар.

– Довуд алайҳиссалом Фаластинда яшаб, у ерда ўз меҳробларини қурдилар.

– Сулаймон алайҳиссалом Фаластиндан туриб бутун дунёни бошқарганлар.

Қуръони Каримда зикри келган «Чумолилар водийси» ҳам Фаластиндаги Асқалон шаҳри ёнгинасида жойлашган.

– Фаластинда Закариё алайҳиссаломнинг меҳроблари шу кунгача сақланиб қолган.

– Ийсо ибн Марям алайҳиссалом Фаластинда туғилган. Аллоҳ таоло Марям онамизга куч-қувват ато этиб, ёнида турган «Хурмо танасини ўзингга силкит, сенга янги хурмо туширади» деб марҳамат қилган (Марям, 25).

– Фаластинда исроилликлар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлганда, Аллоҳ таоло Руҳуллоҳни у ердан осмонга кўтарди.

– Бу муқаддас заминдаги Оқ минора атрофига Ийсо алайҳиссалом қайтиб тушадилар ва Дажжолга қарши юришларини бошлаб Лод шаҳрининг остонасида уни ўлдиради.

2. Қиёмат олдидан Фаластин заминида жуда кўп воқеалар содир бўлади.

3. Фаластин ери кўплаб тарихий воқеаларнинг шоҳидидир.

– Толут ва Жалут воқеаси ҳам Фаластинда рўй берган.

– Бу ерда Яъжуж ва Маъжуж ўз ажалини топади.

Шу тобда ўғлим мендан: «Эй Отажон! Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Фаластин билан нима боғлаб турган?» – деб сўраб қолди. Шунда мен: «Эй жигаргўшам! Намоз фарз қилингандан сўнг Қуддуси Шариф мусулмонларнинг илк Қибласи бўлган. Набий алайҳиссалоту васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин, Аллоҳ таоло у зотга Қиблани ўзгартириб Маккага қараб намоз ўқишни буюрди. Мадинаи Мунавварадаги «икки қибла» масжиди ҳанузгача ўша воқеа ҳақида эслатиб турибди», – деб жавоб бердим.

– Набий алайҳиссалом Исро ва Меърож кечасида Маккадан Қуддусга парвоз қилгач, у ердан туриб осмонга учдилар. Ўша муқаддас тун Ал-Ақсо масжидида жамики пайғамбар алайҳимуссаломлар Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб намоз ўқишди.

– Бир куни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қайси масжид биринчи бўлиб ер юзида қад ростлаган?» – деб сўради. Шунда Набий алайҳиссалоту васаллам: «Масжидул Ҳаром», – деб жавоб бердилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Ундан кейин-чи, ё Расулуллоҳ?» – деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ал-Ақсо», – деб айтдилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу: «Иккаласини орасида қанча вақт бор?» – деб сўраганида Расули Акрам алайҳиссалом: «Қирқ. Намоз вақти кирганда, қаерда бўлсанг ҳам, намозингни адо эт, чунки бутун курраи замин бизлар учун масжиддир», – деб жавоб бердилар. 

«Болагинам! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Дорул Бақога рихлат қилганларида, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом мамлакатини бошқарди. Амирул Мўминин Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг муртад бўлган арабларга қарши жанг қилишига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида Шомни озод этиш учун тайёрланган қўшинни у ерга юборди. Ваҳоланки, араб ўлкаларида соф Исломни жорий этиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қўшимча кучлар сувдек зарур эди. 

Умар Ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Ислом фатҳлари рўй берган олтин даврда Мадинани тарк этиб, шаҳар калитларини олиш ва ғалабани нишонлаш учун мусулмонлар румликлар зулмидан озод этган Қуддуси Шарифга йўл олди. У ерда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насоролар билан машҳур «Тинчлик сулҳини» тузди.

Иккинчи бор эса Салоҳиддин Ал-Айюбий ҳижрий тақвим бўйича 583 йил Жума куни ҳамда Исро ва Меърож кечасига тўғри келган Ражаб ойининг 27 санасида Қуддуси Шарифни салбчилар қўлидан тортиб олди», – деб ҳикояни давом эттирдим. 

Ўғлим: «Нима сабабдан Қуддуси Шарифни Байтул Мақдис (муқаддас уй) деб аташади?», деб савол берди. Шунда мен: «Болажоним! Бу ном унга Қуръони Карим нозил бўлишидан аввал берилган. Каломуллоҳда у Ал-Ақсо (узоқдаги масжид) деб келган. Ушбу муқаддас масжид азалдан юксак эҳтиром ва улуғ мартабага эга бўлган. Шунинг учун Фаластин замини рибот, яъни муҳофаза этилиб ҳимоя қилинадиган ҳудуд ҳисобланади. У ерда Фаластинни румликлардан озод этишда шаҳид кетган 5000 дан зиёд саҳоба розияллоҳу анҳумлар дафн этилган. Фаластинлик мусулмонлар ҳамон бу муқаддас заминни истилочи яҳудийлардан озод этиш учун ўз жонларини бермоқдалар. Шу сабаб, Фаластинни рибот ва шаҳидлар макони деб аташади», – деб жавоб қайтардим.

Ўғлим мени яна саволга тутиб: «Отажон! Демак, Ал-Ақсо масжиди ва Шом ҳудуди Макка ва Мадинадаги масжидлардан ҳеч кам жойи йўқ экан-да?», деб сўради. Шунда мен: «Худди шундай, болагинам! Аллоҳ таоло бу учала масжидни Қуръони Каримнинг «Ат-тийн» сурасида зикр қилган: «Анжир билан ва зайтун билан қасам. Сийно тоғи билан қасам. Мана бу эминлик юрти (Макка) билан қасам» (Тийн сураси, 1-3 оятлар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу юқорида зикр этилган ояти карималарни: «Анжир – бу Шом. Зайтун – бу Фаластин. Тури Сийнодан туриб Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога юзланганлар. Макка эса хавфсиз шаҳардир» деб тафсирлаган.

«Анбиё» сурасида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», – деб ёзган эдик» (Анбиё, 105).

Тафсирчи уламоларнинг таъвилига кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати Фаластин муқаддас заминига эга чиқади», – деб боламнинг саволига жавоб қайтардим.

Зукко ўғлим: «Отажон, мен Фаластин замини ва Ал-Ақсо масжидининг аҳамиятини тўлиқ тушуниб етдим. Айтишларича, у ерда адо этилган салотнинг савоби бошқа жойда ўқилган намозга нисбатан 500 карра кўпроқ экан. Тўғрими, отажон?» – деб сўради. «Бу айни ҳақиқат, болажоним. Дуоларингда умматимиз шаънини ҳимоя қилаётган фаластинлик диндошларимизни ва уларнинг она юртларини эслагин! Аллоҳ таоло устингдан неъмат ва баракотларини ёғдирсин, болагинам!» – дея суҳбатимизга якун ясадим.    

Манба

«Зикр аҳлидан сўранг» каналига уланиш

Report Page