Фарзанд тарбияси (16-дарс)
@Savollar_kanalОта дарсни АЛЛОҲга ҳамду сано, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту салом айтишдан бошлади. Сўнгра аҳли оилага тинчлик тилаб, Қуръони каримдан, зикрлардан, дуолардан ва набавий ҳадислардан ёд олинганларини текширди.
Фотима: «Отажон, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан сўзлаб беринг», деди.
Ота деди: «Яхши, қизим, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик қандай келгани ҳақида сўзлаб бераман.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлганларида АЛЛОҲ у кишига хилватни, ёлғиз қолишни яхши кўрсатиб қўйди. Егулик олиб, Макка ёнидаги тоғга кетардирлар. Ўша тоғда Хиро номли ғор бўлиб, ҳар йили Рамазон ойида у ерга ибодат учун борар эдилар. Бир куни Хиро ғорида тафаккур қилиб ўтирганларида ўзларига нидо қилаётган овозни эшитдилар. У Жаброил исмли фаришта бўлиб, “Иқро” (яъни, «Ўқи»), деб нидо қилаётган эди. Шунда у киши: “Мен ўқувчи эмасман”, дедилар (яъни, ўқишни билмайман, деганлари). Фаришта у кишини ушлаб, сиқиб олди, қаттиқ сиқиб туриб, яна: “Ўқи”, деди. Пайғамбаримиз: «Мен ўқувчи эмасман», дедилар. Фаришта иккинчи марта ушлаб сиқди ва: “Ўқи”, деди. У киши: “Мен ўқувчи эмасман”, дедилар. Учинчи марта ушлаб, сиқиб олди ва: 1) «Иқро бисми роббикаллазий холақ» (яъни, «Ўқи, яратган Роббинг номи ила»); 2) «Холақол инсана мин ъалақ» (яъни, «У инсонни “ъалақ”дан яратди»); 3) «Иқроъ ва роббукал Акром» (яъни, «Ўқи, Роббинг карамлиларнинг карамлисидир»); 4) «Аллазий ъаллама бил қолам» (яъни, «У қалам билан илм бергандир»); 5) «Ъалламал инсана ма лам йаълам» (яъни, «У инсонга билмаган нарсасини ўргатди»), деди».
Фотима: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда нима қилганлар, отажон?», деди.
Ота давом этди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволнинг улуғворлигидан чўчиганлар, шошган ҳолда “Мени ўраб қўйинглар”, “Мени ўраб қўйинглар”, деб меҳрибон аёллари Хадийжа онамизнинг олдиларига қайтганлар».
Маҳмуд: «Хадийжа онамиз нима қилганлар, отажон?» деди.
Ота: «Хадийжа онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тинчлантириб, ёқимли ва гўзал сўз билан хотиржам қилдилар. Бу у кишининг ақллари тўғрилигига, комиллигига далолат қилади. АЛЛОҲ онамиздан рози бўлсин», деди.
Фотима: «Демак, Хадийжа онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари эканлар-да?!» деди.
Ота: «Ҳа, Фотима, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамиз ҳаёт бўлган вақтларида ҳеч уйланмаганлар, у киши вафот топганидан сўнг уйланганлар», деди.
Фотима: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёлларини билишни хоҳлардим», деди.
Ота: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг исмлари уларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари тартиби ила қуйидагичадир:
1. Хадийжа бинти Ҳувайлид
(Қосим, Абдуллоҳ, Зайнаб, Руқиййа, Умму Кулсум, Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимани Расулуллоҳга туғиб берганлар);
2. Савда бинти Замъа;
3. Оиша бинти Абу Бакр;
4. Ҳафса бинти Умар;
5. Зайнаб бинти Жаҳш;
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу аёлларининг ва Хадийжа онамиздан бўлган фарзандларининг исмларини ёдлаб олинглар. Сўнгра, Аллоҳ хоҳласа, бошқа дарсда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг аёлларининг исмларини охиригача ўрганамиз», деди.
Маҳмуд: «Бу исмларни яхшилаб ёдлаб оламан. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)га муҳаббат қиламан, аёллари ва фарзандларига муҳаббат қиламан ва дўстларимга улар ҳақида сўзлаб бераман», деди.
Ота: «Энди эса мана бу ҳадиси шарифни эшитинг, у гўзал ва нозикдир.
Зайд ибн Маҳмуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Хўрозни жеркиманглар, албатта, у намозга уйғотади”, деб айтдилар. Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўрозни сўкишдан қайтармоқдалар. Чунки хўроз улуғ ишни қилади ва яхшиликка ундайди. У асосан бомдод намози вақтида қичқиради ва уйқудагиларни намозни жамоатда ўқишлари учун уйғотади», деди.
Маҳмуд: «Хўроз қичқирса, биз нима деймиз, отажон?» деди.
Ота деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўроз қичқирганда АЛЛОҲдан фазлини сўрашни ўргатганлар, чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради:
اللهُمَّ إنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ
«Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика».
(Маъноси: «АЛЛОҲим, Сендан фазлингни сўрайман»).
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.)
Бугунги дарсимиздан АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ўрганишимиз қолди. Муътий (ато этувчи, ҳақиқий ато этувчи Унинг Ўзидир), Маннан (берган неъматларини миннат қилувчи; фақатгина АЛЛОҲ миннат қилишга лойиқ Зотдир); Ҳайй (тирикдир, Унинг тириклигининг боши ва охири йўқдир; ҳаётлиги, тириклиги махлуқотларнинг тириклигига ўхшамас); Қоййуум (ўз-ўзидан қоим бўлган Зот, бошқаларни қоим қилган Зот, ҳеч кимга суянмайди, ҳамма Унга суянади); Саййид (хожа, ҳақиқий хўжайиндир У Зот)».