Фарзанд тарбияси (1-дарс)
@Savollar_kanalАллоҳга ҳамд бўлсин, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳлларига салоту саломлар бўлсин.
Қўлингиздаги ушбу китоб мусулмон фарзандларни расуллар саййидининг ҳидояти асосида тарбия қилишга мўлжалланган. Фарзанд тарбияси ва таълими иккинчи даражали сўз ва амал эмас, балки ота-она ва тарбиячиларга юкланган асосий мажбуриятлардандир. Улуғ Ислом динида авлодлар тарбияси ва парваришига катта эътибор берилган. Албатта бугунги кун болалари келажак ва эртанги кун эгаларидир. Агар уларни раббоний даъватчилар ва яхши инсонлар тарбия қилсалар, албатта улар ушбу умматнинг умидидирлар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ўрганилганига асосланган ҳолимизда мусулмон болаларга енгил ва осон услубли, эътиборни жалб қилиш учун суҳбатлар билан бойитилган ва қалбларни завқлантирувчи, соф тарбиявий, илмий йўналиш тақдим қилиш учун қисқа бўлса ҳам – бу биздан бир уринишдир. Фарзандларимизни ҳадиси шарифлар, зикрлар, юксак исломий одоблар, пайғамбарлар қиссалари орқали ушбу йўналишни уларнинг қалбларига ўрнаштирувчи соф ақийда асосида тарбия қилиш бош мақсадимиздир.
Бу китобни ота ва унинг оиласи орасида бўлиб ўтадиган мажлис бўлимларига бўлиб чиқдик. Йигирма иккита мажлис бўлиб, ҳар бир мажлис бир ҳафта давомида дарс қилинади. Аллоҳдан камчилик ва адашишларимизни кечиришини сўраган ҳолда, имконимиз борича ушбу ишимизни бадиий, гўзал, болаларга ёқимли даражага чиқаришга ҳаракат қилдик. Аллоҳдан ушбу амал ила мусулмон фарзандларни ва уларга қаровчиларни манфаатлантиришини ва хатоларини кечириб, айбларини яширишини сўрайман. Набийимиз Муҳаммад, аҳли байтлари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.
Абу Абдураҳмон
Маҳмуд мусулмон, одобли, тарбияли бола. Ота-онасининг гапини эшитади ва итоат қилади. Отаси билан масжидга намоз ўқиш учун боради.
Маҳмуд отаси билан ўтирганда отасига: “Отажон, жума намозида имомнинг Ислом асослари ҳақида гўзал сўзларни айтганини эшитдим”, деди.
Отаси: “Ҳа, эй Маҳмуд! У сўзлар ҳадиси шарифдир”, деди.
Маҳмуд: “Ҳадиси шариф дегани нима, отажон?”, деб сўради.
Ота деди: “Ҳадиси шариф бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидир. У сўзларни бизга саҳобаи киромлар етказганлар, Аллоҳ улардан рози бўлсин”.
Маҳмуд: “Отажон! Сиздан ўша ҳадиси шарифни эшитишни хоҳлайман”, деди.
Ота деди: “Яхши, Маҳмуд. Расулуллоҳ… айтдилар”.
Маҳмуд: «Соллалоҳу алайҳи васаллам», деди.
Ота деди: «Барокаллоҳ, эй Маҳмуд! Ҳар бир мусулмон учун Расулуллоҳни эшитганида у зотга салоту салом, яъни "соллаллоҳу алайҳи васаллам", деб айтиш вожибдир. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Ислом беш нарсага асосланган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деб гувоҳлик бериш; намозни тўла-тўкис адо этиш; закотни бериш; рамазонда рўза тутиш ва йўлга қодир бўлса ҳаж қилиш”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.)
Маҳмуд: “Ушбу гўзал каломнинг маъносини айтиб бера оласизми, отажон?” деди.
Ота: «Ҳа, албатта, эй Маҳмуд! Лекин сен уни яхшилаб ёдлаб олганингдан сўнг, иншааллоҳ, кейинги дарсда маъносини айтиб бераман», деди.
Маҳмуд: «Отажон! Ҳар куни масжидда бомдод намозидан сўнг ўтириб, гўзал дуо, зикрлар қилишингизни кўраман. Сиз ўқиётганларингиздан ёдлаб олмоқчи эдим», деди.
Ота деди: «Барокаллоҳ, эй Маҳмуд! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бомдод ва шом намозларидан сўнг ўқиладиган кўпгина зикрларни ўргатганлар. Улар “Тонгги ва кечки зикрлар” дейилади. Мана шу зикрлардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кунига юз маротаба айтадиганлари бор: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (маъноси: «АЛЛОҲ айбу нуқсонлардан покдир ва У Зотга мақтов ва шукрлар бўлсин») (Имом Муслим ривояти).
Маҳмуд: «Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин, эй отажон… Иншааллоҳ, тонгда ва кун ботганда давомли ўқиб юриш, сўнгра бошқа зикрни ўрганиб, уни ҳам ёдлаш учун бу зикрни ёдлашга ҳаракат қиламан», деди.
Ота: “Яхши, Маҳмуд! Аллоҳ ҳаракатингга ҳаракат қўшсин”, деди.
Маҳмуд: «Отажон! Мен Аллоҳга кўп муҳаббат қиламан... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Ислом динига муҳаббат қиламан! Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида кўп нарсаларни ўрганиб олмоқчиман», деди.
Ота деди: «АЛЛОҲ – яратгувчимиз, АЛЛОҲ – ризқ берувчимиз, АЛЛОҲ – таомлантирувчимиз, АЛЛОҲ – чанқоғимизни қондирувчи, АЛЛОҲ – асрагувчимиз, АЛЛОҲ – бизни тирилтиргувчимиз, АЛЛОҲ – илм бергувчимиз, АЛЛОҲ бизга одоб бергандир, АЛЛОҲ бизни мукаррам қилгандир, АЛЛОҲ бизга кўп ато қилгувчидир.
Айбу нуқсонлардан пок бўлган улуғ АЛЛОҲ роббимиздир, У Зот ҳар бир нарсани яратгувчисидир. Жамики мулк, жамики мақтов ва шукрлар Унга хосдир, барча гўзал исмлар Уникидир».
Маҳмуд: «Роббимизнинг “АЛЛОҲ” исмидан бошқа исмлари ҳам борми, отажон?», деди
Ота: «Ҳа, эй Маҳмуд, Улуғ, Муқаддас АЛЛОҲнинг ғоятда гўзал исмлари бор, чунки бу исмлар гўзалликда, жамолда ва мутлақ камолотнинг охирида бўлган сифатларни ўз ичига олади...
АЛЛОҲ ўзини номлаган исмлардан ушбуларни тилга олиш мумкин: АЛЛОҲ, РОҲМАН (улуғ неъматларни берувчи, бу дунёда кофирга ҳам, мўминга ҳам раҳм қилиб неъмат берувчи), РОҲИЙМ (охират кунида фақат мўминларгагина раҳм қилувчи), МАЛИК (бору йўқ нарсаларнинг эгаси, Ундан бошқа эга йўқ), ҚУДДУС (бутунлай айбу нуқсонлардан покдир, мутлақ поклик У Зотгагина хосдир)», деди.
Маҳмуд: “Ушбу гўзал исмларни тезда ёдлаб оламан, отажон. Булар мени яратган, Унга муҳаббат қиладиган ва Унгагина ибодат қиладиган Буюк Роббимнинг исмларидир”, деди.
Ота: “Барокаллоҳ, эй Маҳмуд! Худо хоҳласа, кейинги дарсда сенга Аллоҳнинг гўзал исмларидан яна айтиб бераман. Улар кўпдир. Ҳозир эса бугунги дарсимиз тугади, ўғлим”, деди.
Абу Абдураҳмон